Янгиликлар
Самарқандда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги юристлар малакасини ошириш маркази ва вилоят адлия бошқармаси томонидан сайёр ўқув курси ташкил этилди.
Давлат ва жамият ҳаётида қонун устуворлиги, қонунийликни таъминлаш ҳуқуқий демократик давлатнинг энг асосий талаби ҳисобланади. Бу устувор вазифани амалга оширишда эса давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, шунингдек давлат органлари, корхона ва ташкилотлардаги юридик хизмат ходимлари ҳамда адвокатура институти вакилларининг роли катта.
Амалдаги давлат органлари ва ташкилотларининг юридик хизмати ҳамда адвокатура тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабига кўра мазкур соҳа ходимлари ҳар уч йилда малакасини ошириб боришлари лозим.
Шу боис, 2019 йилнинг 29 апрель кунидан 08 май кунига қадар вилоятдаги давлат органлари ва ташкилотларнинг юридик хизмати ходимлари ҳамда адвокатлик идоралари адвокатлари малакасини ошириш кўзда тутилган.
Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 9 январдаги “Жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш тизимини тубдан такомиллаштириш тўғрисида”ги Фармони, унга кўра тасдиқланган “Жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш концепцияси” ва ушбу Концепцияни 2019 йилда самарали амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси”да белгиланган ҳуқуқий соҳани ёритувчи журналистларнинг малакасини ошириш мақсадида 1-2 май кунлари “Журналистика: Ҳуқуқий амалиёт ва кўникмалар” мавзусида ўқув семинари ўтказилиб, тегишли сертификатлар топширилди.
Ўқув курси машғулотлари Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги юристлар малакасини ошириш маркази ходимлари ҳамда соҳанинг етакчи мутахассислари томонидан олиб борилмоқда.