Янгиликлар
ЮPИДИК ХИЗМАТ: АМАЛИЁТ ВА МУАММОЛАP.
Ҳуқуқий демократик давлат барпо этишда, давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларида қонун устуворлигини таъминлашда ҳамда давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва бошқа ташкилотлар фаолиятида қонунийликни таъминлашда, шунингдек меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлаш сифатини яхшилашда юридик хизмат муҳим ўрин тутади.
Таъкидлаш лозимки, давлат органининг юридик хизмати деганда, давлат органининг фаолиятини ҳуқуқий таъминлаш мақсадида ташкил этиладиган ёки жорий қилинадиган мустақил таркибий бўлинма ёки лавозим тушунилади.
Юридик хизматнинг яна бир муҳим хусусиятларидан бири бу - унинг бевосита давлат органининг раҳбарига бўйсунишида кўринади.
Ташкилотларнинг юридик хизмати юридик департаменти, юридик бошқарма, юридик бўлим, юридик бюро шаклида ташкил қилиниши ёхуд битта штатдан иборат бош юрисконсульт, етакчи юрисконсульт, катта юрисконсульт ёки юрисконсульт бўлиши мумкин.
Давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва бошқа давлат ташкилотларининг юридик хизмат ходими ёхуд юрисконсульт лавозимида олий юридик маълумотга эга бўлган ёки Тошкент давлат юридик университети ҳузуридаги Юридик кадрларни халқаро стандартлар бўйича профессионал ўқитиш марказида юридик мутахассислик бўйича қайта тайёрлаш курсларини тамомлаган ва белгиланган намунадаги дипломни олган шахс ишлаши мумкин.
Юридик хизмат бошлиги лавозимига олий юридик маълумотга эга бўлган ёхуд Тошкент давлат юридик университети ҳузуридаги Юридик кадрларни халқаро стандартлар бўйича профессионал ўқитиш марказида юридик мутахассислик бўйича қайта тайёрлаш курсларини тамомлаган ва белгиланган намунадаги дипломни олган, шунингдек, юридик мутахассислик бўйича камида икки йиллик иш стажига эга бўлган шахс тайинланади.
Ўзбекистон Pеспубликаси Президентининг 2017 йил 19 январдаги ПҚ-2733-сонли қарори билан тасдиқланган "Давлат органлари ва ташкилотларининг юридик хизмати тўғрисида”ги низомга мувофиқ давлат органи ва ташкилоти юридик хизматлари ходимлари қонунчиликда белгиланган тартибда ҳар уч йилда камида бир марта малакасини оширади ҳамда ҳар уч йилда бир марта аттестациядан ўтадилар.
Таъкидлаш лозимки, юридик хизмат фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилишда адлия органлари муҳим ўрин тутади.
Амалиёт шуни кўрсатадики, кучли ҳуқуқий давлат барпо этиш йўлидан бораётган республикамиздаги айрим давлат органлари ва уларнинг тизимида ҳуқуқий ишлар ҳажми кенг кўламда бўлса-да, улар фаолиятида қонунийликни таъминлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилмаган. Яъни, уларда ҳуқуқий ишларнинг асосий ташкилотчиси бўлган юридик хизматнинг умуман мавжуд эмаслиги аниқланди.
Шу мақсадда бугунги кунда имкон қадар давлат бошқаруви органлари ва уларнинг ҳудудий бўлинмаларининг барчасида юридик хизмат фаолиятини ташкил этиш мақсадга мувофиқ.
Бундан ташқари, барча ташкилотларда ҳам юридик хизмат фаолиятини яхшилаш, уларга зарур шарт-шароит яратиб бериш, уларни ўз вақида аттестациядан ўтказиш ва малакасини ошириш чораларини кўриш ишлари лозим даражада таъминланаяпти, деб бўлмайди. Бу ўз навбатида, тегишли ташкилот раҳбарларининг бу соҳага иккинчи даражали иш сифатида қараётганлигини кўрсатади.
Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, юридик хизматнинг қонуний тартибда фаолият юритиши мамалакатимизда ҳуқуқий демократик давлатни барпо этиш ва уни ривожлантиришга, фуқаролик жамиятини тўлақонли тарзда шакллантиришга, миллий қонунчилик тизимини такомиллаштиришга ва ташкилотлар ходимларининг ҳуқуқий билимлари ва маданиятини юксалтиришга хизмат қилади.
Инсон ҳуқуқларини ҳимоя
қилиш бўлими бошлиғи Х.Бобанов