Янгиликлар
Ҳафта давомида қабул қилинган қонун ҳужжатларининг мазмун-моҳияти тўғрисида
1. Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-процессуал кодексларига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақидаги Қонун Президент томонидан имзоланди (ЎРҚ–534, 02.05.2019 й.)
Жиноят кодексига учувчисиз учадиган аппаратларни қонунга хилоф равишда олиб кириш, ўтказиш, олиш, сақлаш ёки улардан фойдаланиш учун уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси киритилди.
Мазкур ҳаракатлар оғирлаштирувчи ҳолатларда содир этилса саккиз йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Шунингдек, учувчисиз учадиган аппаратларни сақлаш ва улардан фойдаланиш тартибини бузиш ҳам жиноий жавобгарликка сабаб бўлади.
Мазкур ўзгартириш ва қўшимчалар 6 ойдан сўнг кучга киради.
2. Иқтидорли ёшларни аниқлаш ва юқори малакали кадрлар тайёрлашнинг узлуксиз тизимини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида Президент қарори қабул қилинди.
Қарорга мувофиқ, Халқ таълими вазирлиги тузилмасида Фан олимпиадалари бўйича иқтидорли ўқувчилар билан ишлаш департаменти ташкил этилди.
Иқтидорли ўқувчи ёшларни аниқлаш, улар фаолиятини илмий ва услубий жиҳатдан таъминлаш, мактаб, лицей ва коллеж ўқувчилари ўртасида маҳаллий ва халқаро фан олимпиадаларини ташкил этиш Департаментнинг асосий вазифаларидан бири этиб белгиланди.
2019–2020 ўқув йилидан бошлаб олимпиадаларнинг республика босқичида 1-3-ўринларни эгаллаган иштирокчиларга ихтисослик фани бўйича олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонларида максимал балл олиш ҳуқуқини берувчи ва 3 йил муддат давомида амал қилувчи сертификат берилади..
Халқаро олимпиадалар ғолибларини тайёрлаган ўқитувчилар ва таълим муассасаси директорларига директор жамғармасидан олтин, кумуш ва бронза медаллари бўйича тегишинча қўшимча 200, 175 ва 150 фоизлик устама тўланади.
Шунингдек, таълим муассасаларида ўқитувчи бўлиб фаолият юритаётган халқаро олимпиада ғолиблари лавозим маошига ҳар ой 150 фоиз, асосий олимпиадалар республика босқичи ғолиблари лавозим маошига эса ҳар ой 100 фоизлик устама ҳақи тўланади.
3. Маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги Президент қарори қабул қилинди (ПҚ–4307, 03.05.2019 й.)
Қарор билан Маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини янада ошириш, аҳолининг интеллектуал салоҳияти ва дунёқарашини юксалтиришга, мафкуравий иммунитетини мустаҳкамлашга доир чора-тадбирлар дастури тасдиқланди.
Дастур доирасида республика бўйлаб “Маънавият фестивали” ва “Йилнинг энг фаол маънавият тарғиботчиси” танлови ўтказилади.
“Бу йилда ўқиш зарур бўлган 100 та китоб” рўйхати тузилади.
Қарорга мувофиқ, Узлуксиз маънавий тарбия концепцияси ҳамда Жамиятда ижтимоий-маънавий муҳитнинг ҳолатини аниқлаш ва манзилли соғломлаштириш методикаси ишлаб чиқилади.
Қарор билан “Маънавият фидойиси” кўкрак нишони таъсис этилди.
4. Тиббиёт ва фармацевтика таълими ва илм-фани тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисидаги Президент қарори қабул қилинди (ПҚ-4310, 06.05.2019 й.)
Қарорга мувофиқ, 2019–2020 ўқув йилидан тиббиёт ва фармацевтика кадрларини тайёрлаш ва узлуксиз касбий таълим жараёнларига ўқитишнинг кредит-модул тизими жорий этилади.
Эҳтиёж юқори бўлган тор мутахассисликлар бўйича шифокорлар бир йилдан кам бўлмаган муддатда бирламчи мақсадли ихтисослаштириш курсларида тайёрланади.
2019 йил 1 декабргача Соғлиқни сақлаш вазирлигининг расмий сайтида “Узлуксиз касбий таълим” махсус портали яратилади.
Мазкур портал малака ошириш ва қайта тайёрлаш курсларида таълим олаётган ҳар бир тиббиёт ва фармацевтика ходимини мониторинг қилиш ва ўқитиш ҳажмини шахсий ҳисобга олиш имкониятини таъминлайди.
Тошкент тиббиёт академиясининг биринчи, иккинчи ва учинчи клиникалари негизида Тошкент тиббиёт академиясининг Кўп тармоқли клиникаси ҳамда Тошкент врачлар малакасини ошириш институти ва тиббиёт олий таълим муассасаларида ўқув-симуляцион марказлари ташкил этилди.
2019–2020 ўқув йилидан соғлиқни сақлаш вазири тасдиқлайдиган рўйхатга кўра, республиканинг олис ва етиб бориш қийин бўлган ҳудудларидаги бирламчи соғлиқни сақлаш бўғинларида уч йилдан кам бўлмаган муддат ишлаб берган шифокорларга клиник ординатурага киришда йиғилган баллар суммасидан 30 фоиз миқдорида қўшимча баллар берилади.
5. Ўзбекистон Республикаси мактабгача таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисидаги Президент қарори қабул қилинди.
Қарор билан Ўзбекистон Республикаси мактабгача таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепцияси тасдиқланди.
Концепция доирасида мактабгача ёшдаги болаларнинг ҳар томонлама интеллектуал, ахлоқий, эстетик ва жисмоний ривожланиши учун шарт-шароитлар яратилади. Шунингдек, болаларнинг сифатли мактабгача таълим билан қамрови оширилади.
Мактабгача таълим муассасаларида болаларнинг соғлом ва баланслаштирилган овқатланиши ҳамда сифатли тиббий парвариши таъминланади.
Қарор билан Концепцияни 2019 йилда амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси” ҳамда 2019-2024 йилларда Ўзбекистон Республикаси мактабгача таълим тизимини ривожлантиришнинг мақсадли кўрсаткичлари тасдиқланди.
6. Ҳукумат қарори билан Ички ишлар органлари ходимлари фарзандларининг давлат олий таълим муассасалари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Миллий гвардияси ва Давлат божхона қўмитасининг олий ва ўрта махсус таълим муассасаларига ўқишга кириши учун тавсиянома (тақдимнома) бериш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди (2019 йил 6 май, 375-сон).
Мазкур низом ички ишлар органларининг шаҳодатланган ходимлари, терроризм ва жиноятчиликка қарши курашиш ҳамда жамоатчилик хавфсизлигини таъминлаш чоғида ҳалок бўлган ёки олган жароҳати туфайли ногирон бўлиб қолган ходимларининг фарзандларига нисбатан татбиқ этилади.
Шунга кўра, тавсиянома (тақдимнома) бир давлат олий таълим муассасасининг бакалавриати (иккинчи таълимдан ташқари) ҳамда Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Миллий гвардияси ва Давлат божхона қўмитасининг олий (магистратура, иккинчи ва олий ўқув юртидан кейинги таълимдан ташқари) ва ўрта махсус таълим муассасаларининг кундузги ёки сиртқи таълим шаклига бир марта кириш учун уч йилдан кўп бўлмаган муддатга берилади.
7. Ҳукуматнинг Олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш, талабалар ўқишини кўчириш, қайта тиклаш ва ўқишдан четлаштириш тартиби тўғрисидаги низомларни тасдиқлаш тўғрисидаги қарорига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди (360-сон, 27.04.2019 й.)
Киритилган қўшимчаларга мувофиқ, турк тилини чет тили сифатида ўқиган абитуриентлар ҳам мазкур тилдан кўп балли баҳо тизими бўйича имтиҳон топширадилар.
Эндиликда олий таълим муассасаларига ҳужжат топширишда 086-У-шакл бўйича тиббий маълумотнома талаб қилинмайди.
Қуйидагилар олий таълим муассасаларига қўшимча давлат грантлари асосида имтиҳонсиз ўқишга қабул қилинувчилар қаторига киритилди:
Наманган вилояти Тўрақўрғон туманидаги Исҳоқхон Ибрат номидаги хорижий тилларга ихтисослашган мактаб-интернатни аъло баҳоларга битирган битирувчилар бакалавриатнинг хорижий тил ва адабиёт, филология ва тилларни ўқитиш йўналишларига;
ҳар бир ҳарбий қисмдан биттадан ёш ҳарбий хизматчи, қисм қўмондонлиги ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи бошланғич ташкилоти тавсияномасига асосан.
Шунингдек, магистратурага киришда қуйидагилар бекор қилинди:
магистратурага кирувчиларнинг илмий ва илмий-педагогик ишларга қобилияти ҳамда қизиқишини аниқлаш мақсадида танланган мутахассисликка мос саволлар асосида суҳбат;
“Информатика ва ахборот технологиялари” фани бўйича синов;
Ўзбекистонда демократик жамият қуриш назарияси ва амалиёти фани бўйича синов.