Янгиликлар
МЕҲНАТ ҲУҚУҚИ
МАЖБУРИЙ МЕҲНАТ
Мажбурий меҳнат бирон-бир жазони қўллаш билан таҳдид қилиш орқали иш бажаришга мажбурлашдир. Яъни ҳеч ким шахсни ишдан бўшатиб юбораман, ойлигингни камайтираман, лавозимингни тушираман ва ҳоказо таҳдидлар билан мажбурий меҳнатга жалб қилишга ҳақли эмас.
Меҳнатга маъмурий тарзда мажбурлов энг кам иш ҳақининг бир бараваридан уч бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади (202 730 сўмдан 608 190 сўмгача).
МЕҲНАТ ШАРТНОМАСИНИ ТУЗИШ
Меҳнат шартномаси ходим билан иш берувчи ўртасида муайян мутахассислик, малака, лавозим бўйича ишни ички меҳнат тартибига бўйсунган ҳолда тарафлар келишуви, шунингдек меҳнат тўғрисидаги қонунлар ва бошқа норматив ҳужжатлар билан белгиланган шартлар асосида ҳақ эвазига бажариш ҳақидаги келишувдир.
Меҳнат шартномаси ёзма шаклда бир хил кучга эга бўлган камида икки нусхада тузилади ва ҳар бир тарафга сақлаш учун топширилади.
Ишга қабул қилишга ўн олти ёшдан йўл қўйилади.
Ёшларни меҳнатга тайёрлаш учун умумтаълим мактаблари, ўрта махсус, касб-ҳунар ўқув юртларининг ўқувчиларини уларнинг соғлиғига ҳамда маънавий ва ахлоқий камол топишига зиён етказмайдиган, таълим олиш жараёнини бузмайдиган енгил ишни ўқишдан бўш вақтида бажариши учун — улар ўн беш ёшга тўлганидан кейин ота-онасидан бирининг ёки ота-онасининг ўрнини босувчи шахслардан бирининг ёзма розилиги билан ишга қабул қилишга йўл қўйилади.
Ишга қабул қилиш вақтида қуйидаги ҳужжатлар талаб қилинади:
паспорт ёки унинг ўрнини босадиган бошқа ҳужжатни, ўн олти ёшгача бўлган шахслар эса, – туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома ва турар жойидан маълумотнома;
меҳнат дафтарчаси, биринчи маротаба ишга кираётган шахслар бундан мустасно;
ҳарбий хизматга мажбурлар ёки чақирилувчилар тегишинча ҳарбий билетни ёки ҳарбий ҳисобда турганлик ҳақидаги гувоҳнома;
махсус маълумотга ёки махсус тайёргарликка эга шахсларгина бажариши мумкин бўлган ишларга кираётганда олий ёки ўрта махсус, касб-ҳунар ўқув юртини тамомлаганлиги тўғрисидаги диплом.
МЕҲНАТ ШАРТНОМАСИНИ БЕКОР ҚИЛИШ
Меҳнат шартномасини иш берувчи ташаббуси билан бекор қилиш асосли бўлиши лозим. Қуйидаги сабабларнинг мавжудлиги иш берувчининг ташаббуси билан меҳнат шартномасини бекор қилишнинг асослилигини белгилайди:
технологиядаги ўзгаришлар, ишлар ҳажмининг қисқарганлиги ёхуд корхонанинг тугатилганлиги;
ходимнинг малакаси етарли бўлмаганлиги ёки соғлиғи ҳолатига кўра бажараётган ишига нолойиқ бўлиб қолиши;
ходимнинг ўз меҳнат вазифаларини мунтазам равишда бузганлиги;
ходимнинг ўз меҳнат вазифаларини бир марта қўпол равишда бузганлиги.
ўриндошлик асосида ишламайдиган бошқа ходимнинг ишга қабул қилиниши муносабати билан;
корхона раҳбари, унинг ўринбосарлари, бош бухгалтер билан, корхонада бош бухгалтер лавозими бўлмаган тақдирда эса, бош бухгалтер вазифасини амалга оширувчи ходим билан тузилган меҳнат шартномаси мулкдорнинг алмашиши сабабли бекор қилинганлиги;
ходимнинг пенсия ёшига тўлганлиги.
ИШ ВАҚТИ
Ходим учун иш вақтининг нормал муддати ҳафтасига қирқ соатдан ортиқ бўлиши мумкин эмас.
Иш вақтидан ташқари ишлар ходимнинг розилиги билан қўлланиши мумкин.
Иш сменасининг муддати ўн икки соатдан иборат бўлганда, шунингдек меҳнат шароити ўта оғир ва ўта зарарли ишларда иш вақтидан ташқари ишларга йўл қўйилмайди.
ТАЪТИЛЛАР
Ходимларга ўн беш иш кунидан кам бўлмаган муддат билан йиллик асосий таътил берилади.
Йиллик таътилларни бериш навбати календарь йил бошлангунга қадар иш берувчи томонидан касаба уюшмаси қўмитаси ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органи билан келишиб тасдиқланадиган жадвалга мувофиқ белгиланади.
МЕҲНАТГА ҲАҚ ТЎЛАШ
Муайян давр учун белгиланган меҳнат нормасини ва меҳнат вазифаларини тўлиқ бажарган ходимнинг ойлик меҳнат ҳақи
577 минг 172 сўмдан оз бўлиши мумкин эмас.
Ҳақ тўланадиган кун дам олиш куни ёки байрам кунига тўғри келиб қолса, меҳнат ҳақи шу кун арафасида тўланади.
Умумий қоидага кўра, ходимнинг ёзма розилиги билан, бундай розилик бўлмаган тақдирда эса, – суднинг қарорига асосан меҳнат ҳақидан ушлаб қолиниши мумкин.
Қуйидаги ҳолларда ходимнинг розилигидан қатъи назар, меҳнат ҳақидан ушлаб қолинади:
солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни ундириш учун;
иш ҳақи ҳисобига берилган авансни ушлаб қолиш учун;
ҳисобидан ходим таътил олиб бўлган иш йили тугамасдан туриб меҳнат шартномаси бекор қилинганда, – таътилнинг ишланмаган даврга тегишли кунлари учун;
ходим томонидан иш берувчига етказилган зарарни қоплаш учун;
интизомий жазо чораси сифатида қўлланилган жаримани ундириш учун.
ИНТИЗОМИЙ ЖАЗОЛАР
Ходимга меҳнат интизомини бузганлиги учун иш берувчи қуйидаги интизомий жазо чораларини қўллашга ҳақли:
ҳайфсан;
ўртача ойлик иш ҳақининг ўттиз фоизидан ортиқ бўлмаган миқдорда жарима;
меҳнат шартномасини бекор қилиш.
Интизомий жазо бевосита ножўя хатти-ҳаракат аниқлангандан кейин, аммо бу хатти-ҳаракат аниқлангандан бошлаб, ходимнинг касал ёки таътилда бўлган вақтини ҳисобга олмасдан, узоғи билан бир ой ичида қўлланилади.
Ножўя хатти-ҳаракат содир этилган кундан бошлаб олти ой ўтганидан, молия-хўжалик фаолиятини тафтиш этиш ёки текшириш натижасида аниқланганда эса, – содир этилган кундан бошлаб икки йил ўтганидан кейин жазони қўллаб бўлмайди. Жиноий иш бўйича иш юритилган давр бу муддатга кирмайди.
ТИББИЙ КЎРИК
Иш берувчи меҳнат шартномаси тузиш чоғида дастлабки тарзда ва кейинчалик (иш давомида) вақти-вақти билан қуйидаги ходимларни тиббий кўрикдан ўтказишни ташкил қилиши шарт:
ўн саккиз ёшга тўлмаганлар;
олтмиш ёшга тўлган эркаклар, эллик беш ёшга тўлган аёллар;
ногиронлар;
меҳнат шароити ноқулай ишларда, тунги ишларда, шунингдек транспорт ҳаракати билан боғлиқ ишларда банд бўлганлар;
озиқ-овқат саноатида, савдо ва бевосита аҳолига хизмат кўрсатиш билан боғлиқ бўлган бошқа тармоқлардаги ишларда банд бўлганлар;
умумтаълим мактаблари, мактабгача тарбия ва бошқа муассасаларнинг бевосита болаларга таълим ёки тарбия бериш билан машғул бўлган педагог ва бошқа ходимлари.
АЁЛЛАРГА ИМТИЁЗЛАР
Ҳомиладор аёлларни ва ўн тўрт ёшга тўлмаган боласи (ўн олти ёшга тўлмаган ногирон боласи) бор аёлларни уларнинг розилигисиз тунги ишларга, иш вақтидан ташқари ишларга, дам олиш кунларидаги ишларга жалб қилишга ва хизмат сафарига юборишга йўл қўйилмайди.
Уч ёшга тўлмаган болалари бор, бюджет ҳисобидан молиявий жиҳатдан таъминланадиган муассасалар ва ташкилотларда ишлаётган аёлларга иш вақтининг ҳафтасига ўттиз беш соатдан ошмайдиган қисқартирилган муддати белгиланади.
Аёлларга туққунга қадар етмиш календарь кун ва туққанидан кейин эллик олти календарь кун (туғиш қийин кечган ёки икки ва ундан ортиқ бола туғилган ҳолларда – етмиш календарь кун) муддати билан ҳомиладорлик ва туғиш таътиллари берилиб, давлат ижтимоий суғуртаси бўйича нафақа тўланади.
ЁШЛАРГА ИМТИЁЗЛАР
Иш вақтининг муддати ўн олтидан ўн саккиз ёшгача бўлган ходимларга ҳафтасига ўттиз олти соатдан, ўн бешдан ўн олти ёшгача бўлган шахслар учун эса ҳафтасига йигирма тўрт соатдан ошмайдиган қилиб белгиланади.
Ўн саккиз ёшга тўлмаган ходимларга камида ўттиз календарь кундан иборат йиллик таътил берилади ва улар бу таътилдан ёз вақтида ёки йилнинг ўзлари учун қулай бўлган бошқа вақтида фойдаланишлари мумкин.
Ишлаб чиқаришда касбга доир таълим олаётган, ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда малакасини ошираётган ёки таълим муассасаларида ўқиётган ходимларга ишни таълим билан бирга қўшиб олиб боришлари учун иш берувчи зарур шароитлар яратиб бериши шарт.