Bog'lanish

Telefon
(+998 66) 233-13-59

Elektron manzil
samarqand@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

21

Қонун ҳужжатларини аҳоли ва ижрочиларга тарғиб қилишнинг замонавий механизмлари


Жамиятда Ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириб бориш қонун устуворлигини таъминлаш ва қонунийликни мустаҳкамлашнинг энг муҳим шартларидан бири ҳисобланади.

Сўнгги йилларда миллий ҳуқуқ тизимини тубдан ислоҳ қилиш, жамиятда ҳуқуқий маданиятни ҳамда инсон ҳуқуқ ва эркинликларига ҳурмат муносабатини шакллантиришга, аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга, жамиятда фуқароларнинг ҳуқуқий саводхонлиги даражасини оширишга қаратилган бир қатор қонун-ҳужжатлари мавжуд бўлсада, асосийси аҳолининг барча қатламига етказишдир.

Айни ушбу жараёнда аҳолига мамлакатимизда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар, қабул қилинаётган қонун ҳужжатлари ва давлат дастурларининг мазмуни ва моҳиятини изчил етказиш тизиминининг замонавий механизмаларини қўллаш ўринлидир.

Қабул қилинаётган қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг самарадорлиги ва натижадорлиги, аввало, уларнинг моҳияти ва аҳамиятини ижрочиларга, ҳуқуқий нормаларнинг субъектларга, шунингдек кенг аҳоли қатламига ва тадбиркорлик тузилмаларига ўз вақтида етказишни таъминлашга боғлиқ.

Мустақиллик йилларида мамлакатда қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тарқатиш, нашр этишни ташкил қилиш, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар матнларини “Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси”да lex.uz сайтида жойлаштириш бўйича ишларнинг самарадорлигини оширишга қаратилган салмоқли чора-тадбирлар амалга оширилди.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тарқатиш тизимини тубдан такомиллаштириш, қонун ҳужжатларининг моҳияти ва аҳамияти тўғрисида ижрочилар ва аҳолини ҳуқуқий хабардор қилиш сифатини ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Қонун ҳужжатларини тарқатиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Ушбу қарор билан норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тарқатишнинг ягона тартибини ўрнатиш, бу соҳада принципиал янги ёндашувларни белгилаш, янги қабул қилинаётган қонунлар ижросини ташкил қилиш механизмларини мустаҳкамлаш ва уларнинг моҳияти ва аҳамиятини аҳоли ўртасида тушунтириш, янги қабул қилинган қонунлар, бошқа қонун ҳужжатларини давлат органлари ва бошқа ташкилотларга тўғридан-тўғри ижро этиш ва амалиётда қўллаш учун расмий тарқатма орқали юборишнинг ягона тартиби ва муддатлари белгиланди.

Адлия вазирлигига норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни барча давлат органлари ва ташкилотларига тезкор етказиш вазифаси юклатилди ва барча норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар имзоланган куни ахборот-таҳлилий материаллари билан бирга қоғоз ва электрон шаклда Адлия вазирлигига юборилади, Адлия вазирлиги эса бир кунлик муддатда норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ва тегишли ахборот-таҳлилий материалларни электрон шаклда Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгилаб бериладиган рўйхат бўйича барча давлат органлари ва ташкилотларига етказилишини таъминлайди.

Жумладан, вазирликнинг телеграм мессенжерида янги қонун ҳужжатлари, ҳуқуқий ислоҳотлар ҳақида тезкор маълумотлар тақдим этувчи, уч тилдаги, верификация қилинган “Ҳуқуқий ахборот” канали йўлга қўйилган. Унда мамлакатимиз қонунчилигидаги янгиликлар ва бошқа энг муҳим ҳуқуқий ахборотлар билан танишиб бориш имконияти мавжуд.

Аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга доир ишлар самарадорлигини янада такомиллаштириш, фуқароларнинг ижтимоий-сиёсий ўзгаришлар билан уйғун равишда ҳуқуқий билимларини ошириб боришнинг замонавий усулларини жорий этиш, шунингдек, аҳолини, айниқса ёшларни зарарли ахборотлардан ҳимоя қилиш бўйича мустаҳкам ҳуқуқий иммунитетни шакллантириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш тизимини тубдан такомиллаштириш тўғрисида”ги Фармони қабул қилиниб, фуқаролар онгида “Жамиятда қонунларга ҳурмат руҳини қарор топтириш – демократик ҳуқуқий давлат қуришнинг гаровидир!” деган ҳаётий ғояни мустаҳкамлаш ҳамда жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш “шахс – оила – маҳалла – таълим муассасаси – ташкилот – жамият” принципи бўйича тизимли ва узвий ташкил этиш белгиланди.

Фармон билан жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш концепцияси тасдиқланиб, унда шахс, давлат ва жамиятнинг ўзаро муносабатларида аҳолининг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтиришда ҳуқуқий тарғиботнинг инновацион усулларини жорий қилиш, аҳолининг ҳуқуқий маданиятини юксалтиришда оммавий ахборот воситаларининг ролини кучайтириш ва юридик таълимни, шунингдек, юридик кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини ривожлантириш каби асосий йўналишлари белгиланди.

Мазкур фармон ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтиришда шахсий манфаатлар ҳамда жамият манфаатлари ўртасидаги мувозанатни сақлаш ғояларини инновацион усулларидан, тарғиботнинг илғор ва таъсирчан воситаларидан, хорижий давлатларнинг бу борадаги тажрибаларидан фойдаланиб, қонун ҳужжатларини аҳолига ва тарғиб қилишнинг замонавий усулларини кенг қўллашга имкон яратади.

Бугунги кунда ҳуқуқий тарғибот ва фуқароларнинг ҳуқуқий онгини оширишнинг замонавий ва таъсирчан услубларини жорий қилиш, уларга қабул қилинаётган қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар мазмун-моҳияти ва аҳамиятини етказиш, аҳолининг ҳуқуқий саводсизлигига барҳам бериш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш юзасидан Адлия вазирлиги томонидан салмоқли ишлар қилинмоқда.

Бундан ташқари, Адлия вазирлиги, Буюк Британиянинг машҳур “Citizens Advice” тармоғи тажрибалари асосида яратилган бепул ҳуқуқий маслаҳат беришга мўлжалланган www.advice.uz портали расман иш бошлади.

Портал орқали меҳнат, оила, ижтимоий ҳимоя, солиқ, уй-жой, соғлиқни сақлаш, транспорт ва бошқа соҳалардаги қонунчилик ҳақида аниқ ва мақсадли, тили содда ва тушунарли, фойдаланувчиларга қулай шаклда маълумот олиш мумкин. Маълумотлар билан ўзбек ва рус тилларида, порталнинг “Чет элликларга эслатма” бўлими билан эса араб, хитой, рус, инглиз, француз, испан тилларида танишиш мумкин.

Шунингдек, порталда махсус онлайн-маслаҳатчи хизмати орқали ҳам ҳуқуқий масалаларга ечим топиш имконияти яратилган.

Мазкур қонун-ҳужжатлари ҳуқуқий ахборотни замонавий ахборот-коммуникация технологиялари ёрдамида тарқатиш тизимини тубдан такомиллаштиришга, ижрочилар ва аҳолини қонунчиликнинг мазмун ва моҳияти тўғрисида ҳуқуқий хабардор қилишнинг сифатини янада оширишга ва енг муҳими ҳуқуқий саводсизликни йўқ қилишга хизмат қилади.

Самарқандл вилоят адлия бошқармаси
Ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бўлими
етакчи маслаҳатчиси А.Холмуродов