Bog'lanish

Telefon
(+998 66) 233-13-59

Elektron manzil
samarqand@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

25

Инсон ҳуқуқларини таъминлаш – бош мақсадимиз!


  Ҳар бир инсоннинг фаровон ҳаёт кечириши ва фаол меҳнат қилиши учун шароит яратиш Конституциямизнинг мазмунини ташкил этади. Жумладан, ҳар бир шахснинг меҳнат қилиш, эркин касб танлаш, адолатли меҳнат шароитларида ишлаш ва қонунда кўрсатилган тартибда ишсизликдан ҳимояланиш, дам олиш, қариганда, меҳнат лаёқатини йўқотганда, шунингдек, боқувчисидан маҳрум бўлганда ижтимоий таъминот олиш, малакали тиббий хизматдан фойдаланиш, билим олиш ва бошқа бир қатор ҳуқуқлари кафолатланган.
  Конституциямиз Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг инсон ҳаёти, шахси ва эркинликларининг дахлсизлиги каби қоидаларини ўзида мужассамлаштирган. Унда адолат ва одиллик, миллий ахлоқий қадриятлар, инсонпарварлик ғоялари акс этган. Бош Қомусимизнинг муқаддимасиданоқ халқ манфаатлари устуворлиги акс этганлигига гувоҳ бўламиз. Жумладан, инсон ҳуқуқларига ва давлат суверенитети ғояларига содиқлик, ҳозирги ва келажак авлодлар олдидаги юксак масъулиятни чуқур англаш, демократия ва ижтимоий адолатга садоқат, халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган қоидалари устунлигини тан олиш, фуқароларнинг муносиб ҳаёт кечиришларини таъминлаш, инсонпарвар демократик ҳуқуқий давлат барпо этиш, фуқаролар тинчлиги ва миллий тотувлигини таъминлаш каби инсонпарварлик ғояларини рўёбга чиқаришнинг бош мақсадлар сифатида мустаҳкамланиши халқ ман­фаатларининг устуворлигини кўрсатади.
 Айни вақтда Конституциямизнинг муҳим хусусиятларидан бири шундаки, унда фуқаролар манфаатининг устунлиги кафолатланганидир. Масалан, Конституцияда Ўзбекистоннинг демократик давлат, деб эълон қилиниши, яъни мамлакатимизда халқ ҳокимиятчилиги ўрнатилганлиги, демократиянинг умуминсоний тамо­йилларга асосланганлиги, бунга кўра, инсон, унинг ҳаёти ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланиши, фуқароларга жуда катта ҳуқуқ ва эркинликлар берилиб, уларнинг Конституция ва қонунлар билан ҳимоя қилиниши ва ҳоказолар юқоридаги фикримизнинг далилидир.
 Шунингдек, Конституцияда оила, оналик ва болаликнинг давлат муҳофазасида эканлиги, давлат ва жамият етим болаларни ва ота-оналар васийлигидан маҳрум бўлган болаларни боқиш, тарбиялаш ва ўқитишни ўз зиммасига олганлиги ҳақида меъёрларнинг мавжудлигини алоҳида таъкидлаш лозим.
Конституцияга биноан, “Ўзбекистон Республикаси ўз ҳудудида ҳам, унинг ташқарисида ҳам ўз фуқароларини ҳуқуқий ҳимоя қилиш ва уларга ҳомийлик кўрсатишни кафолатлайди”.
Хулоса қилиб айтганда, Ўзбекистон Конституцияси чинакам халқчил ва демократик конституция бўлиб, у тарихан синалган умумбашарий қадриятларни ўзида мужассам этган.

Нарпай туман адлия бўлими
бош маслаҳатчиси Т. Шукуров