Янгиликлар
МАЪЛУМОТНОМАНИ ФУҚАРО ЭМАС, НОТАРИУСНИНГ ЎЗИ ЙИҒАДИ
Президентимизнинг 2018 йил 25 майда “Низоларнинг олдини олишга қаратилган институт сифатида нотариат тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинган эди. Мазкур қарор фуқаролар ўртасида келиб чиқиши мумкин бўлган иқтисодий, оилавий, мерос, уй-жой, меҳнат ҳамда бошқа низоларнинг олдини олишда нотариатнинг имкониятидан тўлиқ фойдаланишга туртки бўлди, десак ҳам янглишмаймиз.
Хўш, қарор билан белгиланган янги тартиблар одамлар ҳаётида қандай енгилликлар яратади?
Энг муҳим енгилликлардан бири шуки, 2019 йил 1 январдан бошлаб кўчмас мулкни ижарага бериш ва текин фойдаланиш шартномаларини нотариусда тасдиқлаш шарт эмас. Энди фуқаролар ўзаро оддий ёзма шартнома тузади ҳамда солиқ идорасида шартномани ҳисобга қўяди, холос. Бунда ортиқча ҳужжатлар тақдим этилмайди ва ҳеч қандай тўловлар тўланмайди. Бунинг яна бир аҳамиятли жиҳати, фуқаролар нотариусда навбатда туриш, ҳужжат йиғиш, вақт ҳамда пул сарфлаш каби бошоғриқлардан озод бўлишди.
Уй-жой олди-сотди шартномаси оддий қоғозда чиқарилар эди. Турган гапки, уларни сохталаштириш ҳам осон бўлган. Амалиётда — тергов ва судларда бундай ҳолатлар бўйича ишлар жуда кўп кўриб чиқилган.
Президентимиз қарорида эндиликда фуқароларнинг алданиб қолмасликлари учун бундай шартномалар махсус гербли бланкларда расмийлаштирилиши белгилаб қўйилди.
Бугунги кунда фуқароларимиз мерос масаласида ҳам кўп ҳуқуқий муносабатга киришмоқда. Айниқса, васиятномалар борасида кўп учрайдиган ҳолат, бу — меросхўрлар ўзаро мерос талашиши ҳамда судга даъво билан чиқиши. Аксарият ҳолларда судларда васиятномани имзолашда отам (онам) ақл-ҳуши жойида бўлмаган ёки васиятномага отам (онам) имзо қўймаган, уларнинг имзоси бошқача, бу сохта имзо, деган важлар келтирилади.
Қарор билан бу борадаги ҳуқуқий тартиб-таомиллар ҳам такомиллаштирилди. Эндиликда бундай ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида васиятнома ва бундан ташқари, фуқаронинг жисмоний нуқсони, касаллиги туфайли ёки бошқа сабабларга биноан, нотариал ҳужжатни унинг топшириғига кўра, унинг ўзи ҳамда нотариус ҳозирлигида бошқа фуқаро томонидан имзоланиши жараёни аудио ва видеотасмага туширилади ҳамда булар келажакда низо чиқса, далил сифатида ишлатилади.
Яна бир муҳим янгилик шуки, нотариал идорада фуқароларнинг шахсини аниқлаш бармоқ изларини сканер қилиш ва уларни паспортдаги биометрик маълумотлар билан солиштириш орқали амалга оширилади.
Хўш, бу нимага керак? Кейинги пайтларда нотариал ҳужжатлардаги имзони сохталаштириш ҳолатлари ҳам учраб турар эди. Бундай қонунбузилишларга энди чек қўйилди. Сабаби, нотариал ҳаракатлар бажарганини тасдиқлаш фақат имзо қўйиш эмас, балки махсус мосламаларда бармоқ изларини сканер қилиш йўли билан амалга оширила бошланди. Бармоқ изини сканер қилиш бепул. Демак, энди машина, уй-жой олди-сотди шартномаларини расмийлаштиришда қаллобликларга йўл қўйилмайди.
Давлатимиз раҳбарининг қарори билан фуқароларга яратилган енгилликлардан навбатдагиси нотариусга тақдим этиладиган ҳужжатлар билан боғлиқ. Яхши биласиз, нотариусга иши тушган одам турли ташкилотлардан бир дунё маълумотнома йиғиб, олиб бориши керак эди. Ҳолбуки, маълумотларни йиғишнинг ўзига кетган вақтга одамнинг тинкаси қурийди. 2019 йилдан бошлаб барча маълумотномани нотариуслар ўзлари онлайн тарзда тегишли ташкилотлардан ола бошлади.
Нотариусга келган ҳар бир одам тегишли тугмани босади, мослама унга навбат рақами кўрсатилган қоғоз чиқариб беради. Бу, энг аввало, тартиб ўрнатиш, нотариус қабулига навбатсиз киришлар, навбат талашиш, ҳар хил “воситачилар” билан тил бириктириш ҳолатларига барҳам беради. Энди фуқароларнинг ўзлари навбат устидан назоратни ўрнатади, нотариус эмас.
Умуман олганда, Президентимизнинг мазкур қарори юртимизда “Халқ давлат идораларига эмас, балки давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак”, деган ғоянинг амалда рўёбга чиқаётганига яна бир мисол бўлди.
Дилшод Ашуров,
Самарқанд шаҳар 8-сон давлат
нотариал идораси нотариуси.