Янгиликлар
Нарпай туманида Фуқаролар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари учун “Очиқ эшиклар куни”ҳамда “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастури доирасида “Ҳуқуқий ахборот куни” ўтказилди
Самарканд вилояти Нарпай туманида Фуқаролар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари учун “Очиқ эшиклар куни”ҳамда “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастури доирасида “Ҳуқуқий ахборот куни” АДЛИЯ САЙЛИ ўтказилди.
Тадбирда аҳолининг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш, қабул қилинаётган қонунлар ва уларга киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар ҳақида оддий тилда тушунтиришлар берилиб, уларни қийнаётган муаммоларни ўрганиш ҳамда бартараф этиш бўйича тегишли ҳуқуқий-амалий ёрдам кўрсатиш, оилавий низолар ва ажримлар, ишсизлик ҳамда жиноятчиликни олдини олиш каби кўплаб масалалар камраб олинди.
Давлат нотариал идоралари нотариуслари, туман (шаҳар) адлия бўлимлари ва давлат хизматлари марказлари ходимлари томонидан 150 дан ортиқ фуқароларга ҳуқуқий маслаҳатлар берилди ҳамда туман ФҲДЁ бўлими томонидан 12 та туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномалар топширилди.
Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси вилоят ҳудудий бошқармаси, туман ҳокимлиги ҳамда ҳамкор тадбиркорлар томонидан имтиёзли нархларда ишлаб чиқариш ва кундалик ҳаёт учун зарур бўлган маҳсулотларнинг савдо ярмаркалари ташкил этилди.
Шунингдек, Адлия вазирлигининг “Биз биргамиз!” лойиҳасининг мантиқий давоми сифатида, соғлом бўла туриб, ишсизликдан ёки етарли шароит яратиб берилмаганлигидан норози бўлган фуқароларнинг мулоҳаза қилишини таъминлаш мақсадида ногиронлиги бор шахслар томонидан тайёрланган маҳсулотлар ярмаркаси ўтказилди.
“Ҳуқуқий ахборот куни” доирасида, ёш тадбиркорлар ва тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш истаги бўлган фуқароларга Нарпай туманида мувафаққиятга эришган тадбиркорлар томонидан бизнес режа тузиш ва уни ривожлантириш юзасидан тегишли маслаҳат ва тавсиялар берилди.
Аҳолини иш билан таъминлаш мақсадида вилоят бандлик бош бошқармаси ва туман бандлик бўлими томонидан ташкил этилган бўш иш ўринлар ярмаркасида 20 нафар ишсиз фуқаро иш билан таъминланди, 8 нафар фуқаро жамоат ишига жалб қилинди, 3 нафар коллеж битирувчиси билан тўрт томонлама меҳнат шартномаси тузилди, 150 дан ортиқ фуқароларга меҳнат қонунчилиги бўйича тушунчалар берилди.
Марказий банк Самарқанд вилоят бош бошқармаси ҳамда тижорат банклари томонидан банк хизматларига оид бурчаклар ташкил этилиб, 300 дан ортиқ фуқароларга банклар томонидан кўрсатиладиган хизматлар, кредитлар турлари ва уларни расмийлаштириш тартиб-қоидалари юзасидан тушунтиришлар берилиб, “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастури доирасида тадбиркорлик фаолиятини бошлаш истагида бўлган 8 нафар фуқаролар билан имтиёзли кредит ажратиш бўйича шартнома тузилди
Тадбир давомида сайлга ташриф буюрган фуқароларнинг кайфиятини янада кўтариш, сайлни завқли ва мазмунли ўтказиш мақсадида санъат усталари ҳамда миллий маданий марказлар фолклёр гуруҳларининг байрам дастури намойиш этилди.
Мазкур сайлда Нарпай тумани ва қўшни ҳудудлардан ташриф буюрган 3 мингдан ортиқ фуқаролар қатнашдилар.
Тадбир қатнашчиларига нотариат, ФҲДЁ, давлат хизматлари, ҳуқуқбузарлик профилактикаси ва бошқа масалалар бўйича тайёрланган 2500 дан ортиқ буклет ва флаерлар, шунингдек ҳуқуқий маълумотларни тезкор етказишда замонавий ахборот технологияларидан кенг фойдаланишни тарғиб қилувчи “Advice.uz” ҳуқуқий ахборот портали, “Telegram” мессенжеридаги “Huquqiy axborot” канали ҳамда “LexUZ” қонун ҳужжатлари миллий базаси ва ижтимоий тармоқлар тўғрисидаги 1500 тадан ортиқ тарғибот материаллари ҳамда электрон қонун хужжатлари тўпламидан иборат “CD” ҳуқуқий ахборот дисклари тарқатилди.
Вилоят адлия бошқармаси ва Нарпай туман адлия бўлими томонидан “Ҳуқуқий ахборот куни” га ташриф буюрган 200 нафар фуқаролардан аҳолининг қабул қилинаётган ва амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга бўлган муносабатини аниқлаш бўйича ижтимоий сўров ўтказилди.
Фуқаролардан келгусида шу каби тадбирларни ўтказилиш тўғрисидаги фикрлари ўрганилганда, деярли барча фуқаролар бундай тадбирларни доимий равишда ўтказиб туриш ҳақида фикрлар билдирилди.
“Ҳуқуқий ахборот куни” да муносиб иштирок этганликлари ва ўзаро ҳамкорликлари учун ташкилот ва идоралар мутасаддиларига бошқарманинг ташаккурномалари топширилди.