Янгиликлар
Жомбой туман адлия бўлими томонидан кўчмас мулкка нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этилди.
Жомбой туман адлия бўлимига фуқаро О.Худайбердиева кўчмас мулкка нисбатан ҳуқуқни эътироф этиш ишларини ташкил этиш бўйича Жомбой туман комиссияси (кейинги ўринларда – комиссия) аъзоларининг хатти-ҳаракатларидан норози бўлиб қилган мурожаати ўрганиб чиқилди.
Ўрганиш давомида О.Худайбердиева ўзбошимчалик билан қурилган иморатга нисбатан мулк ҳуқуқини олиш учун туман давлат хизматлари маркази орқали туман ҳокимининг номига ариза билан мурожаат қилганлиги, бироқ комиссия аъзолари томонидан ариза бўйича иморат жойига чиқиб ўрганилмаганлиги аниқланди.
Ваҳоланки, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 21 июндаги “Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Фуқароларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар ҳамда ўзбошимчалик билан қурилган турар жойларга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш бўйича бир марталик умумдавлат акциясини ўтказиш тўғрисида” 2018 йил 20 апрелдаги ПФ–5421-сон Фармони ижросини таъминлаш чора-тадбирлари ҳақида”ги 461-сон қарорининг 4-банди “в” кичик бандида туман (шаҳар) комиссияларининг асосий вазифаларидан бири сифатида бир марталик акция доирасида кўчмас мулкка нисбатан ҳуқуқни эътироф этиш учун тақдим этилган мурожаатларни кўриб чиқишда мазкур комиссиялар аъзолари томонидан тегишли кўчмас мулк объектини жойига чиққан ҳолда ўрганиш ишларини ташкил этиш белгилаб қўйилган.
Комиссия аъзоларининг ушбу хатти-ҳаракатлари оқибатида, уй-жойга доир ҳуқуқларнинг амалга оширилиши ва аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш учун қулай шарт-шароитларни яратиш мақсадида жорий қилинган акциядан О.Худайбердиева унумли фойдаланиш имкониятга эга бўлмаганлиги, уй-жой учун зарур ҳужжатлар берилмаслиги аҳолида бошқа ижтимоий муаммоларнинг келиб чиқишига, хусусан ҳақиқатда яшаб турган жойга прописка қилиниш, мулк ҳуқуқига эга бўлиш ва уни амалга ошириш имконияти мавжуд эмаслигига олиб келишини инобатга олиб, Жомбой туман адлия бўлими томонидан кўчмас мулкка нисбатан ҳуқуқни эътироф этиш туман комиссиясининг 2019 йил 29 апрель кунидаги №Д461/8200726/5969916-сонли далолатномасини ҳақиқий эмас деб топиш ва туман комиссиясига кўчмас мулкка нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш масаласини қайта кўриб чиқиш мажбуриятни юклашни сўраб, Булунғур туман маъмурий судига даъво ариза киритилди.
Булунғур туман маъмурий судининг 2019 йил 03 июлдаги ҳал қилув қарори билан кўчмас мулкка нисбатан ҳуқуқни эътироф этиш туман комиссиясининг 2019 йил 29 апрель кунидаги №Д461/8200726/5969916-сонли далолатномасини ҳақиқий эмас деб топилди ҳамда туман комиссиясига кўчмас мулкка нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш масаласини қайта кўриб чиқиш мажбуриятни юклатилди.