Янгиликлар
Каттақўрғон шаҳар адлия бўлими томонидан фуқаронинг бузилган ҳуқуқлари тикланди
Фуқаро Кадиров Арип Каттақўрғон шаҳар адлия бўлимига мурожаат қилиб, ишлаган бир йиллик даври пенсия стажига ўтмасдан қолганлиги сабабли суд орқали бузилган ҳуқуқини тиклашга амалий ёрдам беришни сўраган. Мурожаатга илова қилинган ҳужжатлардан кўринишича, А.Кадировга Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси Каттақўрғон шаҳар бўлими томонидан меҳнат стажи 39 йил 2 ойни ташкил этганлиги асос қилиниб, 2010-2014 йиллардаги 5 йиллик ўртача ойлик иш ҳақлари 1.007.643 сўмдан олиниб пенсия тайинланган.
А.Кадировга пенсия тайинланашида Самарқанд шаҳар идоралараро хўжалик ҳисобидаги шахсий таркиб архивининг 2015 йил 23 февралдаги 22-к-сонли архив маълумотномасида 1977 йил иш ҳақи китобларида унинг фамилияси қайд этилмаганлиги баён этилганлиги сабабли пенсия тайинлашда ушбу давр иш стажига олинмаган.
Ҳақиқатдан ҳам Самарқанд шаҳар идоралараро хўжалик ҳисобидаги шахсий таркиб архивининг 2015 йил 23 февралдаги 22-к-сонли архив маълумотномасида 1977 йил иш ҳақи китобларида А.Кадиров қайд этилмаганлиги баён этилган. Лекин А.Кадировнинг меҳнат дафтарчасида А.Кадиров 1976 йил 16 июлда Самарқанд локомотив депосига тепловоз машинисти ёрдамчиси лавозимига қабул қилиниб, 1979 йил 1 октябрда бошқа ишга ўтганлиги сабабли бўшатилган.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 8 сентябрдаги 252-сон қарорига 1-илова сифатида берилган “Давлат пенсияларини тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида”ги Низомнинг 59-банди, 1-хатбошига кўра меҳнат дафтарчаси иш стажини тасдиқлайдиган асосий ҳужжат ҳисобланади, 3-хатбошига кўра меҳнат дафтарчаси мавжуд бўлмаганда, шунингдек меҳнат дафтарчасида зарур ёзувлар бўлмаган ёки меҳнат фаолияти даврлари тўғрисида нотўғри ва ноаниқ ёзувлар мавжуд бўлган ҳолларда иш стажини тасдиқлаш учун (банд шахснинг иш стажидан ташқари) маълумотномалар, буйруқлардан кўчирмалар, шахсий ҳисобварақлари ва иш ҳақи бериш учун ведомостлар, меҳнат шартномалари, архив маълумотномалари ва меҳнат фаолияти даврлари тўғрисидаги маълумотлар мавжуд бўлган бошқа ҳужжатлар қабул қилинади.
Шунингдек, Самарқанд шаҳар идоралараро хўжалик ҳисобидаги шахсий таркиб архиви томонидан Каттақўрғон шаҳар адлия бўлимига тақдим этилган А.Кадировнинг шахсий карточкасида 1976 йил 16 июлдан 1979 йил 1 октябргача Самарқанд локомотив депосида ишлаганлиги қайд этилган. Яъни А.Кадировнинг меҳнат дафтарчасида у 1977 йилда Самарқанд локомотив депосида ишлаганлигини тасдиқлайди ва меҳнат дафтарчасидаги ёзувлар бўйича ноаниқликлар мавжуд эмас. Аммо пенсия тайинлашда хатоликка йўл қўйилиб, архив маълумотномасидаги А.Кадировга 1977 йилда иш ҳақи ёзилмаганлиги асос қилиниб, иш стажига қўшилмаган ва натижада унинг жами иш стажи 39 йил 2 ойни ташкил қилган.
Шу сабабли А.Кадировнинг аввалги мурожаати бўйича Каттақўрғон шаҳар томонидан Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси Самарқанд вилоят бошқармасига тақдимнома киритилиб, унга тайинланган пенсия миқдорини қайтадан кўриб чиқиб, қонунга мувофиқлаштириш сўралган. Тақдимномага жавобан К.Ариповга тўғри пенсия тайинланганлиги асос қилиниб, қайтадан пенсия тайинланмаган.
Юқоридагиларга кўра судга ариза билан мурожаат қилиниб, Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси Каттақўрғон шаҳар бўлими зиммасига А.Кадировни 1977 йилда Самарқанд локомотив депосида ишлаган даврини пенсия тайинлашда меҳнат дафтарчаси бўйича умумий иш стажига қўшиб ҳисоблаш мажбуриятини юклатиш сўралди. Каттақўрғон туман маъмурий судининг 2019 йил 25 июндаги ҳал қилув қарори билан Каттақўрғон шаҳар адлия бўлимининг аризаси қаноатлантирилиб, Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси Каттақўрғон шаҳар бўлими зиммасига А.Кадировни 1977 йилда Самарқанд локомотив депосида ишлаган даврини пенсия тайинлашда меҳнат дафтарчаси бўйича умумий иш стажига қўшиб ҳисоблаш мажбурияти юклатилди ва А.Кадировнинг бузилган ҳуқуқлари тикланди.