Bog'lanish

Telefon
(+998 66) 233-13-59

Elektron manzil
samarqand@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

26

БРИФИНГ


Ассалому алайкум, ҳурматли брифинг иштирокчилари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари!

Адлия вазирлиги томонидан қонунчиликдаги янгиликлар, қабул қилинаётган ҳужжатларнинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини аҳолига етказиш бўйича ишлар самарадорлигини ошириш ва бунда янги ёндашувларни жорий этиш мақсадида ҳар ҳафта брифинг ўтказиб келинмоқда. Марҳамат, ушбу ҳафта давомида бир қатор муҳим масалалар бўйича қабул қилинган қонун ҳужжатлари билан танишинг.

1. Туризм тўғрисидаги Қонун Президент томонидан имзоланди (ЎРҚ–549, 18.07.2019 й.)

Қонунга мувофиқ, туроператорлик ва турагентлик фаолияти, шунингдек саёҳатлар ташкил этишга доир бошқа фаолият туристик фаолият ҳисобланади.

Туроператорлар ва турагентлар фаолияти лицензия асосида амалга оширилади.

Лицензия амал қилиш муддати чекланмаган ҳолда берилади.

Мазкур Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ой ўтгач кучга киради.

2. Ўзбекистон Республикаси автомобиль саноатини жадал ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида Президент қарори қабул қилинди.

Қарорга мувофиқ, 2019-2023 йилларда Ўзбекистон Республикаси автомобиль саноатини ривожлантиришнинг асосий кўрсаткичлари белгиланди. Унга кўра:

енгил автомобиллар ишлаб чиқариш ҳажми 350 минг донагача оширилади;

енгил автомобилларни маҳаллийлаштириш даражаси ўрта ҳисобда 60 фоизгача етказилади;

юк автомобиллари ва автобуслар ишлаб чиқариш ҳажми 10 минг донагача оширилади;

автомобилларнинг йиллик экспорт ҳажми 100 минг донагача етказилади.

3. Ҳукумат қарори (608-сон, 19.07.2019 й.) билан Астрахань давлат техника университети (Россия Федерацияси)нинг Тошкент вилоятидаги филиали ташкил этилди Қарорга мувофиқ, балиқчилик тармоғи эҳтиёжларини қондириш учун ишлаб чиқариш ва энг муҳим илмий-тадқиқот вазифаларини ҳал этишга қодир бўлган юқори малакали кадрларни халқаро таълим стандартлари даражасида тайёрлаш Филиалнинг асосий вазифаси ҳисобланади.

Филиал Бош муассаса томонидан таъсис этилади ва кадрларга бўлган талабдан келиб чиқиб асосий бакалавриат таълим йўналишлари (магистратура мутахассисликлари) бўйича мутахассислар, жумладан, илмий-педагог кадрларни тайёрлайди, қайта тайёрлайди ва малакасини оширади.

Филиалнинг таълим фаолияти 2020/2021 ўқув йилидан бошланади.

4. Ҳукумат қарори (603-сон, 19.07.2019) билан Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети ҳузурида Интеллектуал дастурий тизимлар илмий-амалий маркази ташкил этилди Қарор билан Ўзбекистон Миллий университети ректорининг илмий консультанти лавозими жорий этилади.

Илмий консультант Марказга умумий раҳбарлик қилади ва унинг фаолиятини мувофиқлаштиради.

Марказ директори Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан келишган ҳолда университет ректори томонидан лавозимига тайинланади.

5. Ҳукуматнинг Мактабгача таълим соҳасига инновацион ёндашувларни жорий этиш лойиҳаларини амалга ошириш учун экспериментал майдончаларни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарори (605-сон, 19.07.2019 й.) қабул қилинди

Қарор билан:

Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек туманидаги 324-сон давлат мактабгача таълим ташкилоти;

Тошкент шаҳар Миробод туманидаги 34-сон давлат мактабгача таълим ташкилоти негизида доимий ишлайдиган экспериментал майдончалар ташкил этилиши белгиланди.

Экспериментал майдончаларнинг асосий вазифаси мактабгача ёшдаги болаларга таълим ва тарбия беришни ташкил этиш соҳасида илғор хорижий тажрибани жалб этиш орқали республикада мактабгача таълим тизимини ривожлантиришга кўмаклашишдан иборат.

6. Ҳукумат қарори (609-сон, 20.07.2019 й.) билан Адлия вазирлиги ҳузуридаги Интеллектуал мулк агентлиги тўғрисидаги низом тасдиқланди Низомга мувофиқ, Агентлик фаолиятини мувофиқлаштириш, унга умумий раҳбарлик қилиш, моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва Агентлик ходимларининг малакасини оширишни ташкил этиш Адлия вазирлиги томонидан амалга оширилади.

Агентликнинг асосий вазифаси интеллектуал мулк соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга оширишни таъминлаш, ихтиролар, фойдали моделлар, саноат намуналари, товар белгилари ва бошқа интеллектуал мулк объектларини ҳуқуқий ҳимоя қилиш ҳисобланади.

Агентликка Президент томонидан лавозимга тайинланадиган ва озод этиладиган адлия вазири ўринбосари – директор раҳбарлик қилади.