Янгиликлар
Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 18 июлда қабул қилинган Туризм тўғрисидаги Қонуни моҳияти ва аҳамияти
2019 йил 18 июлда Туризм тўғрисидаги Қонун Президент томонидан имзоланди.
I. Қонуннинг мақсади:
Туризм соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш, туризмни барқарор ривожлантириш ва бунинг учун қулай шарт-шароитлар яратишдан иборатдир.
Қонун билан Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси туризм соҳасидаги ваколатли давлат органи этиб белгиланди.
Туризм соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари қуйидагилардан иборат:
соҳани мамлакат иқтисодиётининг стратегик тармоғи сифатида ривожлантириш;
саёҳатларни амалга ошириш чоғида фуқароларнинг дам олиш, эркин ҳаракатланишга бўлган ҳуқуқларини таъминлаш;
туристик ресурслардан оқилона фойдаланиш ва уларни сақлаш;
ички туризмни ривожлантириш;
туризм соҳасига инвестицияларни жалб қилиш ва инвестициялар киритиш учун қулай шарт-шароитлар яратиш;
мазкур соҳада давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш;
тадбиркорлик субъектлари учун туристик хизматлар бозорида тенг имкониятлар яратиш;
туристик зоналар ва туристик кластерларнинг ривожлантирилишини рағбатлантириш ва бошқалар.
Туризм халқаро ва ички туризм шаклларига бўлинади.
Халқаро туризм қуйидагиларни ўз ичига олади:
кириш туризми — Ўзбекистон Республикасида доимий яшамайдиган шахсларнинг Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги саёҳати;
чиқиш туризми — Ўзбекистон Республикасида доимий яшовчи шахсларнинг бошқа мамлакатга саёҳати.
Ички туризм Ўзбекистон Республикасида доимий яшовчи шахсларнинг Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги саёҳатини ўз ичига олади.
Қонунга кўра туризм қуйидаги турларга бўлинади:
маданий-тарихий, зиёрат, экологик, маърифий, этнографик, гастрономик, ишбилармонлик, ижтимоий, спорт, тиббий, ёшлар туризми, агротуризм ва бошқалар.
Жисмоний ва юридик шахсларга туризм объектлари тўғрисида маълумот берувчи ҳамда уларни тарғиб қилувчи туристик ахборот марказлари ташкил этилади.
Қонунга мувофиқ, туроператорлик ва турагентлик фаолияти, шунингдек саёҳатлар ташкил этишга доир бошқа фаолият туристик фаолият ҳисобланади.
Туризмни комплекс ривожлантириш ва туристик ресурсларни лозим даражадаги ҳолатда сақлаш, тегишли ҳудуднинг туристик салоҳиятини ошириш, шунингдек уларни ривожлантиришга инвестициялар жалб қилинишини рағбатлантириш мақсадида туристик зоналарнинг қуйидаги турлари ташкил этилиши мумкин:
эркин туристик зона;
кичик туристик зона;
махсус туристик зона.
Туроператорлар ва турагентлар фаолияти лицензия асосида амалга оширилади.
Лицензия амал қилиш муддати чекланмаган ҳолда берилади.
Экскурсия хизматлари кўрсатувчи якка тартибдаги тадбиркор бўлган жисмоний шахсларга туристик фаолиятни амалга ошириш ҳуқуқи учун лицензия олиш талаб қилинмайди.
Гидлар (гид-таржимонлар), экскурсия етакчилари ва йўриқчи-йўл бошловчилар Қўмита томонидан бериладиган сертификат олганидан кейин, юридик шахс ташкил этмасдан мустақил равишда хизматлар кўрсатиши мумкин.
Шунингдек, ушбу қонунда белгиланишича туризм соҳаси субъектлари ўз касбий ҳамда тадбиркорлик фаолиятини мувофиқлаштириш учун “Туризм соҳаси субъектларининг бирлашмаси” ва “Туроператорлар ва турагентлар бирлашмаси”ни тузиши мумкин.
Қонунга мувофиқ, Қўмита Ўзбекистоннинг Миллий туристик белгисини ишлаб чиқади.
Мазкур Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ой ўтгач кучга киради.