Янгиликлар
Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 1 июлдаги “Ҳисоб палатаси тўғрисида”ги Қонуни моҳияти ва аҳамияти
Жорий йилнинг 1 июлида ЎРҚ-546-сон “Ҳисоб палатаси тўғрисида”ги Қонун Президент томонидан имзоланди.
I. Қонуннинг мақсади:
Ушбу Қонуннинг мақсади давлат бюджети соҳасида Ҳисоб палатаси фаолиятини тартибга солишдан, яъни палатанинг асосий вазифа ва функцияларини, тузилмаси ва таркибини, назорат шакллари ва турларини белгилаш ҳисобланади.
III. Фармоннинг моҳияти ва аҳамияти:
Қонунга кўра Ҳисоб палатаси давлат ташқи аудити ва молиявий назоратининг олий органи ҳисобланади.
Қонун билан Ҳисоб палатасининг асосий вазифалари сифатида қуйидагилар белгиланди:
бюджет лойиҳасининг шакллантирилиши ва унинг мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш устуворликларига мувофиқлигини таҳлил қилиш;
давлат дастурлари ва ҳудудий дастурларнинг молиялаштириш манбалари билан таъминланганлигини аудит қилиш;
давлат бюджети ҳисобидан амалга оширилаётган инвестиция лойиҳаларининг мақсадга мувофиқлиги ва асослилигини баҳолаш.
Ҳисоб палатаси ўз фаолиятида бевосита Президентга бўйсунади, Президентга, шунингдек Олий Мажлис палаталарига ҳисобдордир.
Ҳисоб палатасининг тузилмаси ва штатларининг чекланган сони Президент томонидан тасдиқланади.
Ҳисоб палатасига Президент томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимидан озод қилинадиган ҳамда Сенат томонидан тасдиқланадиган раис раҳбарлик қилади.
Ҳисоб палатаси раисининг биринчи ўринбосари, ўринбосарлари Президент томонидан лавозимга тайинланади ҳамда лавозимидан озод қилинади.
Ҳисоб палатаси давлат ва хўжалик бошқаруви органларидан, маҳаллий давлат ҳокимияти органларидан, бошқа давлат органларидан ҳамда ўзга ташкилотлардан ўз ваколатларига кирувчи масалалар бўйича материаллар, маълумотлар ва тушунтиришларни сўраб олади.
Шунингдек, ўз зиммасига юклатилган вазифаларни амалга ошириш учун реал вақт режимида давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг, шу жумладан банкларнинг маълумотлар базасидан фойдаланади.
Ҳисоб палатаси ўз зиммасига юклатилган вазифалар ва ваколатлар доирасида дастлабки ҳамда якуний назорат тарзида тафтиш, текшириш ва ўрганиш шаклида назоратни амалга оширади.
Ҳисоб палатаси ўз зиммасига юклатилган вазифаларни амалга ошириш мақсадида кўрсатмалар ва тақдимномалар қабул қилади, шунингдек таҳлилий маълумотлар ҳамда хулосалар тайёрлайди.
Якуний назорат жараёнида молия-хўжалик фаолиятида давлатга зарар келтираётган ҳамда шу сабабли кечиктирмасдан барҳам бериш талаб этиладиган бузилишлар аниқланганда Ҳисоб палатаси назорат объектларининг ёки юқори ташкилотнинг раҳбарларига камчиликлар ва қоидабузарликларни бартараф этиш, зарарнинг ўрнини қоплаш ҳамда айбдор шахсларни жавобгарликка тортиш чораларини кўриш учун кўрсатма юборишга ҳақли.
Якуний назорат жараёнида Давлат бюджети даромадларининг тасдиқланган прогнози бажарилмаганлиги ва бюджетга тўловлар бўйича солиқ қарздорлиги камаймаганлиги аниқланганда Молия вазирлигига, солиқ ҳамда божхона қўмитасига, маҳаллий давлат ҳокимияти органларига ҳудудий молия органларининг, давлат солиқ ва божхона хизмати органларининг раҳбарларига нисбатан интизомий жазо чораларини қўллаш тўғрисида тақдимномалар киритишга ҳақли.
Ҳисоб палатаси томонидан Президент топшириқлари ва Олий Мажлис палаталарининг сўровлари бўйича ўтказилган назорат натижалари юзасидан таҳлилий маълумот тайёрланади.
Мазкур Қонун 2020 йил 1 январдан эътиборан кучга киради.