Bog'lanish

Telefon
(+998 66) 233-13-59

Elektron manzil
samarqand@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

29

Адлия органлари томонидан судларга мурожаат қилишнинг ўзига хос хусусиятлари


  Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 13 апрелдаги ПҚ-3666-сонли “Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги фаолиятини янада такомиллаштиришга доир ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига кўра адлия вазирлигига давлат, юридик ва жисмоний шахслар манфаатларини кўзлаб судларга давлат божи тўламасдан аризалар ва даъволарни киритиш ваколати берилган.
  Ушбу ваколатдан тўғри ва самарали фойдаланилиб, судлар билан ҳамкорликдаги фаолият тўғри йўлган қўйилса, бу фуқароларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш билан бирга уларнинг адлия тизимига ишончини янада ошишига ва тизим нуфузини юксалишига хизмат қилади.
Бироқ айрим судлар адлия бошқарма ва бўлимлари томонидан берилаётган аризаларни Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва Адлия вазирлигининг 2019 йил 5 январдаги қўшма кўрсатмасини асос қилиб, энг кам иш ҳақининг 10 бараваридан кам миқдордаги талаб қўйилганлиги сабабли қайтармоқдалар. Айрим судлар эса ушбу тоифадаги аризаларни қаноатлантириш ҳақида суд ҳужжатлари қабул қилмоқда.
  Ваҳоланки, Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодексининг 195-моддасига кўра агарда 1) ариза муомалага лаёқатсиз шахс томонидан берилган бўлса; 2) манфаатдор шахс номидан берилган ариза иш юритиш ваколатига эга бўлмаган шахс томонидан берилган бўлса; 3) иш мазкур суднинг судловига тегишли бўлмаса; 4) ариза ушбу Кодекснинг 189-моддасида белгиланган талабларга риоя этилмаган ҳолда берилган бўлса; 5) битта аризада бир ёки бир нечта жавобгарга нисбатан бир нечта талаб бирлаштирилган бўлса, башарти бу талаблар ўзаро боғлиқ бўлмаса; 6) иш юритишга қабул қилиш ва ишни қўзғатиш тўғрисида ажрим чиқарилгунига қадар аризачидан аризани қайтариш ҳақида ариза келиб тушган бўлса; 7) давлат божи ва почта харажатлари белгиланган тартибда ва миқдорда тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжат тақдим этилмаган бўлса, давлат божини тўлашни кечиктириш мумкинлиги қонунда назарда тутилган ҳолларда эса бу ҳақда илтимоснома мавжуд бўлмаса ёки илтимоснома рад этилган бўлса; 8) мол-мулкни (ашёни) эгасиз деб топиш тўғрисидаги ариза қонунда белгиланган муддатдан олдин ёки қонунда назарда тутилган мол-мулкни (ашёни) аниқлаш ва ҳисобга олиш тартиби бузиб берилган бўлса; 9) даъвогар низони жавобгар билан медиация тартиб-таомилини амалга ошириш орқали ҳал қилиш тартибига риоя этилганлигини тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этмаган бўлса, башарти бу мазкур тоифадаги низолар учун қонунда ёки шартномада назарда тутилган бўлса судья ариза ва унга илова қилинган ҳужжатларни қайтаради.
  Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2018 йил 19 майдаги “Биринчи инстанция суди томонидан Фуқаролик процессуал қонун нормаларини қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида”ги қарорининг 3-банди, 3-хатбошисига кўра судья фақат ФПК 194, 195-моддаларида назарда тутилган асослар бўйича аризани қабул қилишни рад этишга ёки қайтаришга ҳақли бўлиб, бунда қонунда назарда тутилган асослар рўйхати тугал эканлиги инобатга олиниши лозим.
Ушбу қонун ҳужжатлари юқоридаги асос билан аризани қайтариш тўғрисида чиқарилган ажримларни ноқонунийлигини исботлайди.
Шу билан биргаликда адлия бўлимларини ФПКнинг 188-191-моддалари талабларига қатъий риоя қилган ҳолда судларга аризалар бериши мақсадга мувофиқ бўлади.
2. Адлия бошқармалари ёки адлия бўлимларининг тақдимномаларига асосан вилоят, туман, шаҳар ҳокимларининг ёки бошқа давлат органларининг ноқонуний қабул қилган актлари бекор қилинмоқда.
  Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 12-моддасига кўра давлат органининг ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органининг қонун ҳужжатларига мувофиқ бўлмаган ҳамда фуқароларнинг ёки юридик шахснинг фуқаролик ҳуқуқларини ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузадиган ҳужжати суд томонидан ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин. Суд ҳужжатни ҳақиқий эмас деб топган тақдирда, бузилган ҳуқуқ ушбу Кодекснинг 11-моддасида (11-модда. Фуқаролик ҳуқуқлари ҳуқуқни тан олиш, ҳуқуқ бузилишидан олдинги ҳолатни тиклаш ва ҳуқуқни бузадиган ёки унинг бузилиши хавфини туғдирадиган ҳаракатларнинг олдини олиш, битимни ҳақиқий эмас деб топиш ва унинг ҳақиқий эмаслиги оқибатларини қўллаш, давлат органининг ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органининг ҳужжатини ҳақиқий эмас деб топиш, шахснинг ўз ҳуқуқини ўзи ҳимоя қилиши, бурчни аслича (натура) бажаришга мажбур қилиш, зарарни тўлаш, неустойка ундириш, маънавий зиённи қоплаш, ҳуқуқий муносабатни бекор қилиш ёки ўзгартириш, давлат органининг ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органининг қонунга зид ҳужжатини суднинг қўлламаслиги, фуқаролик ҳуқуқлари қонунда назарда тутилган бошқача усуллар билан ҳам ҳимоя қилиниши мумкин) назарда тутилган усулларда ҳимоя қилиниши керак.
  Масалан, фермер хўжалигига тегишли ер майдонини туман ҳокимлиги заҳирасига қайтариш тўғрисидаги 2017 йилда туман ҳокимининг қарори қабул қилган ва у 2019 йилда адлия бўлимининг тақдимномасига асосан бекор қилинса, ҳуқуқи бузилган фермер бузилган ҳуқуқини ҳимоя қила олмайди.
Чунки, давлат органи актини бекор қилиниши у бекор қилинган кундан бошлаб ҳуқуқий оқибат туғдиради.
ФКнинг 114-моддасига кўра эса ҳақиқий бўлмаган битим унинг ҳақиқий эмаслиги билан боғлиқ бўлган оқибатлардан ташқари бошқа юридик оқибатларга олиб келмайди ва у тузилган пайтидан бошлаб ҳақиқий эмасдир.
  ФКнинг 990-моддасига кўра давлат органларининг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг қонунга хилоф қарорлари натижасида фуқарога ёки юридик шахсга етказилган зарар, улар мансабдор шахсларининг айбидан қатъи назар, суднинг қарори асосида қопланиши лозим. Зарар ушбу Кодекснинг 15-моддасида назарда тутилган тартибда қопланади.
Шунинг учун адлия органлари томонидан давлат органларининг ноқонуний ҳужжатларини бекор қилиш бўйича уларнинг ўзларига тақдимномалар киритишни эмас, балки уларни ҳақиқий эмас деб топиш бўйича судларга аризалар билан мурожаат қилиш қонуний бўлиши ҳақидаги таклифни берамиз.