Янгиликлар
Одам савдосига қарши курашнинг халқаро ва миллий ҳуқуқий асослари
Одам савдоси ХХ1 асрда терроризм, наркотрафик каби глобал муоммага айланиб, бутун дунё буйлаб кенг таркалган жиноятлардан бирига айланиб бормокда. Шу сабабли бу жиноят миллий конунчилик доирасидан аллакачон четга чикиб халкаро хукукнинг долзарб масалалари ичидан ўрин олмокда.
Таъкидлаш лозимки, бугунги кунда бутун дунёда инсонларни камситиш, уларнинг ҳуқуқларини тан олмаслик, одам савдоси каби жиноятлар кўпайиб бораётганлиги барчамизни ташвишга солмоқда.
Бунга биргина мисол сифатида, халқаро экспертларнинг маълумотларига қараганда, Дунё миқёсида ҳар йили 4,5 миллиондан зиёд киши одам савдоси қурбони бўлади. Ачинарлиси, уларнинг 1,2 миллиондан зиёди болалардир[1].
Инсон ҳуқуқларини таҳқирловчи ҳатти-харакатлар, шу жумладан фуқароларни мажбурий меҳнатга жалб қилиш халқаро ҳамжамият томонидан қабиҳ ишлар қаторида эътироф этилиб, уларни тақиқлашга оид бир қанча чора-тадбирлар амалга оширилиб келинмоқда. Бу борада халқаро ҳамкорликнинг ифодаси сифатида бир қатор халқаро ҳужжатлар қабул қилинди. Шулар орасида қуйидагича энг нуфузли ва универсал халқаро ҳужжатларни келтириш жоиз:
1. Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси.
2. Фуқаровий ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт.
3. Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт.
4. Фуқаровий ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактга факультатив протокол.
Универсал халқаро ҳужжатлар қаторига ўттизга яқин ҳужжат кириб, юқорида келтирилган рўйхатдаги ҳужжатлар уларнинг энг долзарблари саналади.
Уларни универсал деб аталиши сабаби, уларда барча масалалар ўзининг тугал даражадаги жавобини ҳамда ечимини топган бўлиб, ҳар бир ҳужжат узоқ давом этган халқаро муҳокамадан сўнг қабул қилингани, ҳар бири ўзида жаҳон бой тажрибасини акс эттиргани учун ва ниҳоят, ҳар бири барқарор ҳукм суриб келгани учун нуфузлидир[2].
Одам савдосининг расмий таърифи бу сохага оид халқаро ҳуқуқий ҳужжатларда назарда тутилган.
1948 йил 10 декабрда қабул қилинган Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон Декларациясида, шунингдек, бошқа бир қатор халқаро ҳуқуқий ҳужжатларда ҳамда мамлакатимиз миллий қонунчилик нормаларида ҳамма инсонлар ўз қадр-қиммати ва ҳуқуқларида эркин ва тенг бўлиб туғиладилар, деб мустаҳкамланган.
Шунингдек, одам савдосига қарши кураш борасида қабул қилинган қуйидаги халқаро ҳужжатларни санаб ўтиш мумкин:
· БМТ Бош Ассамблеяси томонидан 1950 йил 21 мартида қабул қилинган «Одам савдоси ва фоҳишаликнинг учинчи шахслар томонидан ишлатилишига қарши кураш тўғрисида»ги Конвенция (Ўзбекистон Республикаси мазкур халқаро ҳужжатга 2003 йил 12 декабрда қўшилган.
2003 йилда Ўзбекистон юқорида қайд этилган БМТнинг 1949 йилги Конвенциясига қўшилди, 2008 йилда эса БМТнинг трансмиллий уюшган жиноятчиликка қарши Конвенциясини тўлдирувчи Одам савдоси, айниқса аёллар ва болалар савдосининг олдини олиш, бартараф қилиш ва бунинг учун жавобгарлик тўғрисидаги Баённомани[3] тасдиқлаб, аҳолини огоҳлантириш, жабрланувчиларни ҳимоя қилиш ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолияти самарадорлигини оширишга қаратилган дастурларни амалга ошириш ва уларни қўллаб-қувватлаш орқали одам савдосининг олдини олиш ва баратаф қилиш мажбуриятини олди);
· БМТ Бош Ассамблеяси томонидан 2000 йил 15 ноябрдаги 55/25-сонли резолюцияси билан қабул қилинган «Трансмиллий уюшган жиноятчиликка қарши кураш тўғрисида»ги Конвенцияга қўшимча одам савдоси, айниқса, аёллар ва болалар савдоси ҳақида огоҳлантириш ва чек қўйиш ҳамда бундай жиноятлар учун жазолаш тўғрисидаги баённома (2001 йил 28 июнда Ўзбекистон ратификация қилган).
· БМТ Бош Ассамблеяси томонидан 2000 йил 20 майдаги “Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияга доир, болалар савдоси, болалар фоҳишабозлиги ва болалар порнографиясига таалуқли Факультатив протокол” (Ўзбекистон Республикаси 11.12.2008 йил. №ЎРҚ-188-сонли Қонуни билан қўшилган)
· ХМТ томонидан 1957 йил 25 июндаги қабул қилган “Мажбурий меҳнатни тугатиш тўғрисидаги” 105-конвенцияси. (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг 30.08.1997 йил. №498-I-сонли Қарори билан ратификация қилган)
· ХМТ томонидан 1999 йил 17 июндаги қабул қилган “Болалар меҳнатининг оғир шаклларини тақиқлаш ва йўқ қилишга доир шошилинч чоралар тўғрисидаги” 182-конвенцияси. (Ўзбекистон Республикаси 08.04.2008 йил. №ЎРҚ-144-сонли Қонуни билан ратификация қилган)
Одам савдосига қарши кураш бўйича миллий қонунчилигимиздаги қуйидаги ҳуқуқий ҳужжатларни кўрсатиш мумкин :
· Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг моддалари (135-модда «Одамлардан фойдаланиш учун уларни ёллаш», 137-модда «Одам ўғирлаш», 138-модда «Зўрлик ишлатиб ғайриқонуний равишда озодликдан маҳрум қилиш»); 2008 йил 17 апрелда қабул қилинган «Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида»ги қонун[4];
Мазкур норматив-ҳуқуқий ҳужжатда мустаҳкамлаб қўйилганидек, одам савдосига қарши курашиш бўйича фаолиятни амалга оширувчи давлат органлари, жумладан, ИИВ, Миллий хавфсизлик хизмати, Ташқи ишлар вазирлиги, Ўзбекистон Республикасининг дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасалари, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг шу йўналишдаги фаолиятлари республика ва ҳудудлардаги Идоралараро коммисиялар томонидан мувофиқлаштирилиб борилади.
· Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2008 йил 8 июлдаги «Одам савдосига қарши курашиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-911-сонли Қарори[5]. Мазкур қарор билан 2008-2010 йилларда одам савдосига қарши курашнинг самарадорлигини ошириш бўйича ишларнинг Миллий режаси, Одам савдосига қарши кураш бўйича идоралараро Республика коммисияси таркиби тасдиқланди.
· Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Махкамасининг 2008 йил 5 ноябрдаги “Одам савдоси жабирдийдаларга ёрдам бериш ва уларни ҳимоя қилиш бўйича Республика реабилитация марказини ташкил этиш тўғрисида”ги Қарори. Мазкур қарор асосида Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги ҳузурида Одам савдоси жабирдийдаларга ёрдам бериш ва уларни ҳимоя қилиш бўйича
30 ўринга мўлжалланган Республика реабилитация марказини ташкил этилди.
Шунингдек, мустақиллик йилларида хорижий давлатлар билан уюшган жиноятчилик (шу жумладан, одам савдоси)нинг хавфли кўринишларига қарши кураш ҳақида 29 та шартнома ва келишувлар имзоланган[6].
Одам савдоси юқорида айтиб ўтилган халқаро ва миллий ҳуқуқий нормалар (инсоннинг эркинлиги, тенглиги, шахсий дахлсизлиги)га зарар етказади.
Хулоса сифатида шуни айтиш лозимки, бугунги кунда одам савдосига қарши курашиш ва бундай нохуш воқеаларни олдини олиш глобал аҳамият касб этмоқда. Барча давлатларнинг ўзаро ҳамкорлигига эҳтиёж туғдириб, бу борада давлатлараро ва халқаро ташкилотлар доирасида ўзаро мустаҳкам ҳамкорлик ўрнатиш ҳамда кучларни бирлаштириш лозимлигини тақазо этмоқда. Бу борада одам савдосига қарши курашнинг халқаро ва миллий қонунчилик нормаларида қонуний тартибга солиниши шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишнинг самарали воситаси ҳисобланади.
Каттақўрғон туман адлия бўлими
етакчи маслаҳачиси
Нурматов Равшан Бегмаматович
[2] Файзиев Ф., Файзиев М. Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон Декларацияси. – Тошкент: “НОРИ”, 1998. – 9 б.
[3]Ўзбекистон Республикасининг 2008-йил 8-июлдаги “БМТнинг трансмиллий уюшган жиноятчиликка қарши Конвенциясини тўлдирувчи Одам савдоси, айниқса аёллар ва болалар савдосининг олдини олиш, бартараф қилиш ва бунинг учун жавобгарлик тўғрисидаги Баённомани (Нью-Йорк, 2000-йил 15-ноябрь) ратификация қилиш тўғрисида”ги № 160 сонли Қонуни // Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис палаталари Ахборотномаси, 2008-йил № 7, Б-351.
[4]«Ўзбекистон Республикаси Қонунлари тўплами», 2008, 16-сон, 118-бет.
[5] «Ўзбекистон Республикаси Қонунлари тўплами», 2008, 28-сон, 268-бет.
[6]Одам савдосига қарши курашиш бўйича ҳалқаро шартномалар ва Ўзбекистон миллий қонунчилиги Тошкент “Ўзбекистон” 2013 Б-16