Янгиликлар
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 6 ноябрда қабул қилинган “Балиқчилик соҳасини янада ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори мазмун-моҳияти ва аҳамияти
I. Қарорни қабул қилиш зарурати:
Интенсив усулда балиқ етиштириш бўйича ишларга етарли даражада эътибор қаратилмаяпти, ҳудудларда балиқчилик тармоғини ривожлантиришда юзага келаётган муаммоларни ҳал этиш, балиқчилик хўжаликларини қўллаб-қувватлаш борасида олиб борилаётган ишлар етарли даражада эмас.
Балиқчилик хўжаликларига бириктирилган сув ҳавза майдонларидан илмий ёндашув асосида самарали фойдаланиш, уларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш, шунингдек, ресурс тежамкор технологиялар ва инновацияларни кенг кўламда жорий қилиш ишларига етарлича эътибор берилмаяпти.
Сунъий сув ҳавзалари ҳосилдорлигини ошириш учун балиқчилик хўжаликларининг минерал ўғитларга бўлган талаби тўлиқ қондирилмаяпти. Шунингдек, минерал ўғитни бошқа муқобил ўғитлар билан алмаштириш бўйича илмий-тадқиқот ишларини олиб бориш йўлга қўйилмаган.
Балиқни интенсив усулда етиштириш, овлаш ва қайта ишлаш учун зарур асбоб-ускуна, анжом ва механизмларни маҳаллий ишлаб чиқариш йўлга қўйилмаган. Бунинг оқибатида кўплаб тадбиркорлар вақт ва маблағини ортиқча сарфлаб, уларни чет элдан харид қилмоқда.
II. Қарорнинг мақсади
Республикада интенсив усулда балиқ етиштиришни босқичма-босқич йўлга қўйиш ва рағбатлантириш, мавжуд сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, соҳага инновацион ғоялар, илмий ишланмалар, замонавий технологиялар ва илм-фан ютуқларини кенг кўламда жорий қилиш, балиқчилик тармоғини янада қўллаб-қувватлашдан иборат.
III. Қарорнинг моҳияти ва аҳамияти:
Қарорга мувофиқ, узлуксиз сув таъминлаш имконияти бўлган сунъий сув ҳавза майдонлари мавжуд бўлган балиқчилик хўжаликлари босқичма-босқич интенсив усулда балиқ етиштиришга ихтисослаштирилади.
Қарор билан балиқчиликни ривожлантириш соҳасидаги лойиҳаларни молиялаштириш учун Тикланиш ва тараққиёт жамғармасининг маблағлари ҳисобидан 50 миллион АҚШ доллари миқдорида “Ипотека банк” АТИБнинг устав капиталидаги давлат улуши оширилди.
Тижорат банклари томонидан 2019-2020 йилларда ажратилаётган кредит фоизи учунТадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси ҳисобидан компенсация беришнинг қуйидаги тартиби ўрнатилди:
айланма маблағларни тўлдиришга тижорат банки томонидан ўрнатилган кредит ставкасининг 25 фоизи миқдорида;
наслли она балиқ ва балиқ увилдириғи, ёпиқ сув айланма тизими, қафас (садок) қурилмаларида ва бошқа интенсив усулларда балиқ етиштиришни ташкил этиш, балиқ маҳсулотларини қайта ишлаш ва сақлаш, инкубация цехлари ва репродукторларни ташкил этиш, ҳовузлар қуриш ва қайта таъмирлаш, махсус техника ва бошқа асосий воситаларни харид қилиш ҳамда барпо этиш учун тижорат банки томонидан ўрнатилган кредит ставкасининг 50 фоизи миқдорида.
Шунингдек қарорга мувофиқ эндиликда балиқчилик соҳасида тўлиқ тизимли ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган балиқчилик кластерлари ташкил этилади. Кластернинг йиллик балиқ етиштириш қуввати камида 50 тонна бўлганда 2019 йил 1 январдан уч йил давомида барча солиқлар ва мажбурий ажратмалардан озод этилади.
2021 йил 1 ноябрга қадар қуйидагилар божхона тўловларидан озод этилади:
наслли она балиқ, балиқ увилдириғи, республикада ишлаб чиқарилмайдиган инкубация, лаборатория, интенсив усулда балиқ етиштириш, балиқ овлаш, балиқ маҳсулотларини қайта ишлаш, музлатиш ва сақлаш учун зарур бўладиган асбоб-ускуна, анжом, механизмлар ва уларнинг эҳтиёт қисмлари, муқобил энергия таъминоти ускуналари, мелиорация ишлари учун махсус техникалар ва тирик балиқ ташувчи транспорт воситалари;
чет эл ташкилотлари ва уларнинг шўъба корхоналари, фирма дўконлари, дилерлик тармоқлари ва тадбиркорлик субъектлари томонидан балиқчилик хўжаликлари эҳтиёжи учун четдан келтириладиган омихта ем ва минерал ўғит (аммофос).
Янгидан ташкил этиладиган сунъий сув ҳавзаларида балиқ етиштириш лойиҳаларига ер участкалари интенсив усул ва ресурс тежамкортехнологиялар қўлланганда, Сув хўжалиги вазирлигининг хулосаси асосида ажратилади.
Балиқчилик илмий-тадқиқот институтини ривожлантириш учун 2019 йилда Балиқчиликни ривожлантириш жамғармаси ҳисобидан 1 миллиард сўм ажратилади. Бундан ташқари қарор билан Айдар-Арнасой кўллар тизимида интенсив усулда балиқ етиштиришни ривожлантириш ва инвестицияларни жалб этиш бўйича комиссия ташкил қилинди.
2019 йилдан бошлаб ҳар йили ноябрь ойида балиқчиликка оид кўргазма ўтказиш амалиёти жорий қилинади.