Bog'lanish

Telefon
(+998 66) 233-13-59

Elektron manzil
samarqand@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

06

Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 29 июлда қабул қилинган Қурол тўғрисидаги Қонуни моҳияти ва аҳамияти


2019 йил 29 июлда Қурол тўғрисидаги Қонун Президент томонидан имзоланди.

I. ҚОНУННИНГ МАҚСАДИ

Ушбу Қонун қурол ва унинг ўқ-дорилари муомаласи билан боғлиқ муносабатларни тартибга солади ҳамда фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғини, мулкни ҳимоя қилишга ҳамда жамоат хавфсизлигини таъминлашга қаратилган.

ҚУРОЛ – тузилишига кўра жонли нишонни ёки бошқа нишонни уриш, сигналлар бериш учун мўлжалланган қурилмалар ва ашёлар.

 ҚУРОЛНИНГ ТУРЛАРИ

Фуқаровий қурол

Ов ва спорт билан шуғулланиш учун, шунингдек ўзини ўзи ҳимоя қилиш мақсадида фойдаланиш учун мўлжалланган қурол.

Хизмат қуроли

Фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғини, мол-мулкни ҳимоя қилишга, табиатни ва табиий ресурсларни, қимматбаҳо ва хавфли юкларни муҳофаза қилишга доир вазифаларни бажариш чоғида юридик шахсларнинг ходимлари томонидан, шунингдек давлат органларининг мансабдор шахслари томонидан шахсий хавфсизликни таъминлаш мақсадида фойдаланиш учун мўлжалланган қурол.

Жанговар қурол

Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати, Ўзбекистон Республикаси Президенти хавфсизлиги давлат хизмати, Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси, Давлат божхона қўмитаси, Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг ҳарбий тузилмалари қуроллантирилган, жанговар ҳаракатларни олиб бориш ҳамда хизмат вазифаларини бажариш учун мўлжалланган қурол.

ФУҚАРОВИЙ ҚУРОЛ ЖУМЛАСИГА

ов

спорт

ўзини ўзи ҳимоя қилиш қуроллари киради

ОВ ҚУРОЛИ:

сойли стволли ўқотар қурол;

силлиқ стволли ўқотар қурол, шу жумладан сойли қисмининг узунлиги 140 миллиметрдан ошмайдиган ўқотар қурол;

комбинацияланган (сойли стволли ва силлиқ стволли) ўқотар қурол, шу жумладан алмаштириладиган ва жойлаштириладиган сойли стволли ўқотар қурол;

оғиз қисмидаги қувват 7,5 жоулдан юқори ва калибри

4,5 миллиметрдан ортиқ бўлган пневматик қурол;

тиғли совуқ қурол (ов пичоқлари, ов ханжарчалари ва ханжарлар);

сигнал берувчи қурол.

СПОРТ ҚУРОЛИ:

сойли стволли ўқотар қурол;

силлиқ стволли ўқотар қурол;

тиғли совуқ қурол (рапиралар, шпагалар ва қиличлар);

улоқтирувчи қурол (камонлар, арбалетлар ва найзалар);

оғиз қисмидаги қувват 3 жоулдан юқори бўлган пневматик қурол;

сигнал берувчи қурол.

ЎЗИНИ ЎЗИ ҲИМОЯ ҚИЛИШ ҚУРОЛИ:

Газли қурол кўздан ёш оқизадиган ёки ачиштирадиган моддалар билан тўлдирилган газли баллончалар, механик пуркагичлар, аэрозолли қурилмалар ва бошқа қурилмалар

Электрошок қурилмалари, учқун чиқаргичлар ва шикаст етказувчи таъсири электр энергиясидан фойдаланишга асосланган бошқа қурилмалар

 Жамоат жойларида, шаҳар, шаҳар атрофига қатновчи, шаҳарлараро ва халқаро транспортда қуролни очиқ ҳолда (ғилофсиз) олиб юриш тақиқланади.

18 ёшга тўлган фуқаролар фуқаровий спорт қуролини ва ўзини ўзи ҳимоя қилиш қуролини, 21 ёшга тўлган фуқаролар фуқаровий ов қуролини олиш ҳуқуқига эга.

Фуқаровий ва хизмат қуроли Миллий гвардия органларининг 3 ойлик рухсатномалари асосида олинади. Мазкур рухсатнома қуролни ва унинг ўқ-дориларини олиш, рўйхатдан ўтказилгунига қадар уларни ташиш ва сақлаш  ҳуқуқини беради.

Фуқаровий ва хизмат қуролини олишга доир рухсатнома қуролни ҳамда унинг ўқ-дориларини олиб юриш ва қўллаш ҳуқуқини бермайди.

 Рухсатнома олиш учун фуқаролар доимий яшаш жойи бўйича Миллий гвардия органига қуйидагиларни тақдим этиши шарт:

ариза;

шахсини тасдиқловчи ҳужжат (паспорт);

қуролдан хавфсиз фойдаланиш қоидаларига оид билими текширувдан ўтказилганлиги тўғрисидаги ҳужжатлар;

қуролга эгалик қилишга қарши кўрсатмалар мавжуд эмаслиги тўғрисидаги тиббий хулоса;

йиғим тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжат;

овчилар жамоат бирлашмаси томонидан берилган овчилик гувоҳномаси (ов қуролини олиш учун);

овчилар жамоат бирлашмасининг тавсияномаси (сойли стволли ов ўқотар қуролини, шунингдек оғиз қисмидаги қувват 65 жоулдан юқори ва калибри 9 миллиметрдан ортиқ бўлган пневматик ов қуролини олиш учун);

отиш спорти соҳасидаги фаолият билан шуғулланувчи юридик шахс томонидан берилган спортчи гувоҳномаси (спорт қуролини олиш учун).

Қурол олинганидан сўнг 10 кунда Миллий гвардия органларида рўйхатдан ўтказилади ҳамда қуролни сақлаш ва олиб юриш учун 3 йиллик рухсатнома берилади

 ҚУЙИДАГИ ФУҚАРОЛАРИГА ФУҚАРОВИЙ ҚУРОЛНИ ОЛИШГА ДОИР РУХСАТНОМА БЕРИЛМАЙДИ:

белгиланган ёшга тўлмаганларга;

муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган деб топилганларга;

рухсатнома олишга доир ҳужжатларни тақдим этмаганларга ёки тақдим этилган ҳужжатларида нотўғри ёхуд бузиб кўрсатилган маълумотлар мавжуд бўлганда;

қасддан жиноят содир этганлик учун судланганлик ҳолати тугалланмаганларга ёки судланганлиги олиб ташланмаганларга;

жиноий жазони ўтаётганларга;

доимий яшаш жойига ёки қурол ва унинг ўқ дорилари бут сақланишини таъминлайдиган сақлаш шароитларига эга бўлмаганларга;

ўзига нисбатан жиноят иши қўзғатилганларга;

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 185, 220, 221 ва 222-моддаларида назарда тутилган ҳуқуқбузарликларни содир этганлик учун маъмурий жавобгарликка тортилганларга;

жамоат тартибига, белгиланган бошқарув тартибига тажовуз қилувчи ҳуқуқбузарликларни содир этганлик ёки ов қоидаларини бузганлик, шунингдек баданга енгил шикаст етказганлик ва гиёҳвандлик воситаларини, уларга ўхшаш воситаларни ёки психотроп моддаларни унча кўп бўлмаган миқдорда қонунга хилоф равишда тайёрлаганлик, олганлик, сақлаганлик, ташиганлик ёки жўнатганлик учун 1 йил давомида такроран маъмурий жавобгарликка тортилганларга;

қуролга эгалик қилишга монелик қиладиган касалликлар ёки жисмоний нуқсонлар мавжуд бўлганда.

 ҚУЙИДАГИЛАРНИ ОЛИШ МИЛЛИЙ ГВАРДИЯ ОРГАНЛАРИНИНГ РУХСАТНОМАЛАРИСИЗ АМАЛГА ОШИРИЛАДИ:

сигнал берувчи қуролни ва тиғли совуқ ов қуролини – махсус хизмат вазифаларига эга юридик шахслар ҳамда ОВЧИЛИК СОҲАСИДАГИ ФАОЛИЯТ БИЛАН ШУҒУЛЛАНУВЧИ юридик шахслар томонидан олиш;

 сигнал берувчи қуролни, тиғли совуқ ов қуролини ҳамда тиғли совуқ ва улоқтириш спорт қуролини – ҚУРОЛНИ РЕАЛИЗАЦИЯ ҚИЛИШ БИЛАН ШУҒУЛЛАНУВЧИ юридик шахслар томонидан олиш;

 тиғли совуқ ва улоқтириш спорт қуролини – ОТИШ СПОРТИ СОҲАСИДАГИ ФАОЛИЯТ БИЛАН ШУҒУЛЛАНУВЧИ юридик шахслар томонидан олиш;

 тиғли совуқ ов қуролини, ўқотар ов қуролининг ва оғиз қисмидаги қувват 7,5 жоулдан юқори ҳамда калибри 4,5 миллиметрдан ортиқ бўлган пневматик қуролнинг ўқ-дориларини – ОВ ҚИЛИШ ҲУҚУҚИ БЕРИЛГАН ФУҚАРОЛАР томонидан олиш;

 оғиз қисмидаги қувват 7,5 жоулдан кам ва калибри 4,5 миллиметрга қадар бўлган ПНЕВМАТИК ОВ ҚУРОЛИНИ ҳамда оғиз қисмидаги қувват
3 жоулдан кам бўлган ПНЕВМАТИК СПОРТ ҚУРОЛИНИ ОЛИШ.

Қуролдан ЗАРУРИЙ МУДОФАА ёки ОХИРГИ ЗАРУРАТ ҲОЛАТИДА ўз ҳаёти ва соғлиғини, бошқа фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғини ҳамда мол-мулкни ҳимоя қилиш учун фойдаланиш мумкин.

ТАҚИҚЛОВЧИ ҲОЛАТЛАР

Ҳомиладорлик белгилари сезилиб турган аёлларга, ногиронлик белгилари кўриниб турган шахсларга, ёши аниқ кўриниб турган ёки маълум бўлган вояга етмаганларга нисбатан ФУҚАРОВИЙ ВА ХИЗМАТ ҚУРОЛИНИ ҚЎЛЛАШ ТАҚИҚЛАНАДИ.

Бундан уларнинг қуролли қаршилик кўрсатганлиги, фуқароларнинг ёхуд қуролни қўллаётган шахснинг ҳаёти ва соғлиғига таҳдид этиб ҳужум қилганлиги ҳоллари МУСТАСНО.

Қонун 2020 йил 30 январдан кучга киради.

 “ҚУРОЛ ТЎҒРИСИДА”ГИ ҚОНУН БЎЙИЧА 5 ТА ТУШУНМОВЧИЛИК

 1. Янги қонун қурол бўйича қандай енгилликлар беради?

Ҳеч қандай. Аксинча бугунги кундагига қараганда кўплаб чекловлар ва янги тартиблар киритади.

Масалан, эндиликда электрошокер ва газли қуролларни фақатгина рухсатнома олгандан кейин сотиб олиш мумкин. Илгари бундай чеклов мавжуд эмас эди.

 2. Қонун қабул қилинишидан илгари ҳам фуқаролар қурол сотиб олиши мумкинмиди? Ёки бу янгиликми?

Бу янгилик эмас. Фуқаролар шу кунга қадар ҳам ов, спорт, пневматик қуролларни овчилик жамиятлари

ва спорт дўконидан сотиб олиши мумкин эди.

Қонунда фуқаровий қуролларни аниқ тушунчалари

ва таснифлари белгилаб берилди.

Шунингдек, қуролларни сотиб олиш ва сақлаш бўйича қатор талаб ва чекловлар қўйилди.

 3. Фуқаролар эндиликда ўзи истаган қуролни сотиб олиши мумкинми?

Асло йўқ. Янги қонун бу масалада қатъий чекловларни ўрнатди.

Фуқаролар фақат ов, спорт ва ўзини ҳимоя қилиш мақсадида фуқаровий қуролларни харид қилиши мумкин. Бунда ов қуролидан фақат ов мақсадида, спорт қуролидан фақат спорт машғулотларида фойдаланиш мумкин.

Фуқаролари бошқа турдаги қуролларга эгалик қилишлари қатъиян тақиқланади.

 4. Фуқаровий қуролни исталган жойда олиб юриш мумкинми?

Мумкин эмас. Қонунда фуқаровий қурол олиб юриш мумкин бўлмаган объектлар аниқ белгилаб қўйилди. Илгари бу масала аниқ тартибга солинмаган эди.

Масалан, оммавий тадбирлар вақтида, кўнгилочар ва ҳордиқ чиқариш жойларида, таълим, тиббиёт муассасаларида, шунингдек маст ҳолда фуқаровий қуролни олиб юриш қатъиян тақиқланди.

 5. Фуқаровий қуролларни ҳар қандай шахс олиши мумкинми?

Йўқ мумкин эмас. Қонунда қурол сотиб олиши мумкин бўлмаган шахслар тоифаси ҳам аниқ белгилаб берилди.

Жумладан, муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланганлар, жазони ўтаётганлар, яшаш жойига эга бўлмаганлар ва илгари қурол билан боғлиқ бўлган ҳуқуқбузарлик содир этган шахслар қурол сотиб олиш ҳуқуқига эга эмас.