Янгиликлар
НОДАВЛАТ НОТИЖОРАТ ТАШКИЛОТЛАРИ – ФУҚАРОЛИК ЖАМИЯТИНИНГ МУҲИМ ИНСТИТУТИ
Юртбошимиз томонидан жамиятда шиддатли равишда халқ манфаатини ҳисобга олган ҳолда амалга оширилаётган демократик ислоҳотлар жараёнида фуқаролик жамияти институтлари, айниқса нодавлат нотижорат ташкилотларининг (кейинги ўринларда ННТ) роли аҳамиятини кучайтиш ҳамда фуқароларнинг энг муҳим социал-иқтисодий муаммоларини ҳал этишга қаратилган 300 га яқин қонун ҳужжатлари қабул қилинганлиги ҳам мамлакатимизда фуқаролик жамиятини ривожлантиришга давлат томонидан катта эътибор берилаётганлиги ҳамда бу соҳада тизимли ишлар ўз натижаларини кўрсатаётганлигида кўриш мумкин.
Бугунги ривожланиш жараёнларида Ўзбекистон Республикасининг “Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисида”, “Нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятини кафолатлари тўғрисида”, “Жамоат фондлари тўғрисида”, “Ижтимоий шериклик тўғрисида”, “Жамоатчилик назорати тўғрисида”, “Давлат-хусусий шериклик тўғрисида”ги Қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 4 майдаги “Мамлакатни демократик янгилаш жараёнида фуқаролик институтларининг ролини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 5430-сонли тарихий Фармони ва кейинги икки йилда қабул қилинган бошқа меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятини янада ривожлантириш, уларнинг мустақиллигини таъминлаш, ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир.
Шу ўринда таъкидлаб лозимки, Ўзбекистон Республикаси Президетининг 2018 йил 13 апрелдаги ПҚ-3666-сон “Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги фаолиятини янада такомиллаштиришга доир ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига кўра нодавлат нотижорат ташкилотларининг фаолиятини ривожлантириш соҳасида давлат сиёсатини юритиш, уларнинг давлат органлари ва ташкилотлари билан ўзаро ҳамкорлигини ташкил қилишга кўмаклашиш Адлия вазирлигининг асосий вазифаларидан бири этиб белгиланди.
Адлия вазирлиги томонидан мазкур Фармон билан юклатилган вазифаларни бажариш юзасидан биргина 2018 йилда нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятига оид қонун ҳужжатларини такомиллаштириш ва улардаги ҳуқуқий коллизияларни бартараф қилиш бўйича 20 дан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳалари тайёрланди ва улардан 10 таси қабул қилинди.
Хусусан, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгилаб берилган вазифаларни босқичма-босқич амалга ошириш мақсадида Адлия вазирлигининг ташаббуси билан киритилган Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2018 йилнинг 4 май куни “Мамлакатни демократик янгилаш жараёнида фуқаролик жамияти институтларининг ролини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”
ПФ-5430-сонли Фармонининг қабул қилиниши бу соҳада янги даврни бошлаб берди.
Мазкур фармон билан кўп йиллардан бери ННТларни қийнаб келаётган масалалар ҳал қилинди.
Фармон билан бевосита Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида Фуқаролик жамиятини ривожлантириш бўйича маслаҳат кенгаши ташкил этилиб, ушбу кенгашга фуқаролик жамиятини ва кенг жамоатчиликни ташвишлантираётган долзарб масалаларни муҳокама қилиш, шунингдек мазкур секторнинг ҳолати ва ривожланиш тенденцияси ҳақида бевосита Ўзбекистон Республикаси Президентини мунтазам равишда хабардор қилиш ва Фуқаролик жамиятини ривожлантириш бўйича қулай шароитлар яратиш юзасидан Президентга таклифлар киритиш вазифаси юклатилди.
Рўйхатдан ўтказувчи орган билан нодавлат нотижорат ташкилотларининг тадбирларини келишиш тартиби режалаштирилаётган тадбирлар ҳақида хабардор қилиш тартиби билан алмаштирилди.
Яъни, Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2018 йил 1 июндаги 308-мҳ-сон буйруғи билан тасдиқланган Нодавлат нотижорат ташкилотларининг ўтказилиши режалаштирилаётган тадбирлари ҳақида хабардор қилиш тартиби тўғрисидаги низомга (рўйхат рақами 3020, 01.06.2018 йил) ННТлар учун янада қулай имконият яратиш мақсадида Нодавлат нотижорат ташкилотлари томонидан ўтказилиши режалаштирилаётган тадбир ҳақида Хабарнома илова қилинди.
Амалда бўлиб келган тадбир ўтказилиши мўлжалланган санадан камида йигирма кун олдин, хорижий давлат ҳудудида ташкиллаштириладиган тадбирлар бўйича тадбир ўтказилишидан, худди шунингдек хорижий фуқароларнинг Ўзбекистон Республикасида ўтказиладиган тадбирда иштирок этиши режалаштирилган бўлса, уларнинг ташрифидан камида бир ой олдин тегишли адлия органига ёзма равишда мурожаат этиши ва тегишли рухсатномани олгандан сўнггина тадбир ўтказиши талаби бекор қилинди.
Янги тартибга кўра, ННТ томонидан адлия органини тадбирлар ўтказилиши ҳақида тадбир ўтказилиши мўлжалланган санадан камида ўн кун олдин, хорижий давлат ҳудудида ташкиллаштириладиган тадбирлар бўйича тадбир ўтказилишидан, худди шунингдек хорижий фуқароларнинг Ўзбекистон Республикасида ўтказиладиган тадбирда иштирок этиши режалаштирилган бўлса, уларнинг ташрифидан камида йигирма кун олдин хабардор қилиши кифоя.
Шунингдек, айрим тадбирлар учун 3 иш куни олдин тегишли адлия органига қисқартирилган ҳолда Хабарнома бериш тартиби сақлаб қолинди.
Шунингдек мазкур Фармон асосида Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2018 йил 27 июндаги 336-сон буйруғи билан Нодавлат нотижорат ташкилотининг фаолияти тўғрисидаги адлия органларига тақдим қилинадиган ҳисобот шакли тасдиқланди.
Унга кўра, Нодавлат нотижорат ташкилотлари томонидан рўйхатдан ўтказувчи органга тақдим этиладиган учта ҳисобот шакли битта шаклга келтирилди.
Шунингдек, муқаддам ҳисоб шаклари 36 ва 41-банддан иборат бўлса, янги ҳисобот шакли 22 бандга келтирилди.
Нодавлат нотижорат ташкилотлардан ортиқча вақт оладиган, такрорловчи ва унча зарур бўлмаган бандлар чиқариб ташланди. Ҳисоб шакли содда ва тушунарли қилиб ишлаб чиқилди.
Шу билан бирга, бу соҳадаги ортиқча қоғозбозликни тугатиш мақсадида 2019 йил 1 январгача бўлган муддатда:
ННТларини ва уларнинг рамзларини давлат рўйхатидан ўтказиш, қайта рўйхатдан ўтказиш;
ННТларининг ўтказилиши режалаштирилаётган тадбирлари ҳақида хабардор қилиш;
ННТларининг ўз фаолияти тўғрисидаги йиллик ҳисоботлари;
ННТлари томонидан чет давлатлардан, халқаро ва хорижий ташкилотлардан, чет давлатларнинг фуқароларидан ёки уларнинг топшириғига биноан бошқа шахслардан пул маблағлари ва мол-мулк олишни келишиш электрон тарзда амалга оширилиши белгилаб қўйилди. Шу билан бирга, ННТ томонидан пул маблағлари ва мол-мулкдан эркин фойдаланишини таъминлаш мақсадида ННТларга Хорижий субьектлардан келиб тушган пул маблағлари ва мол-мулкдан фойдаланиш бўйича барча тўсиқларни олиб ташланади.
Ушбу Фармон ижроси юзасидан Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 8 августдаги 635-сон қарори билан Нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятини адлия органлари томонидан мониторинг қилиш ва ўрганиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди. Мазкур низом билан адлия органлари томонидан ННТлар фаолиятини ўрганиш бўйича муносабатлар ННТлар манфаатидан келиб чиқиб ҳамда уларнинг ҳуқуқларини ва эркинликларини ҳимоя қилиш мақсадида биринчи маротаба қонун ҳужжати даражасида тартибга солинди.
Мазкур Низомга кўра, мониторинг, режали ўрганиш ва режадан ташқари ўрганиш тушунчаларига аниқлик киритилди ҳамда уларни ўтказиш асослари биринчи маротаба қонун ҳужжатида акс этди.
Юқорида қайд қилинган қонун ҳужжатлари нодавлат нотижорат ташкилотларининг аҳолининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини рўёбга чиқаришда тўлақонли фаолият олиб боришларига ва провардида “Кучли давлатдан - кучли фуқаролик жамияти сари” тамойилининг амалда таъминланашига хизмат қилади.