Bog'lanish

Telefon
(+998 66) 233-13-59

Elektron manzil
samarqand@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

26

Ҳар бир фуқаро мамлакатимиз эътиборида


  Ҳозирги кунда мамлакатимизда амалга оширилаётган барча соҳадаги ислоҳотлар мазмун-моҳияти аввало инсонни улуғлашга, унинг шаъни, қадр-қимматини оширишга, ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилётганлиги билан қимматлидир. Ушбу фикрларимизнинг асосини бош қомусимиз конституциямизнинг 13-14-моддаларида келтирилган “Ўзбекистон Республикасида демократия умуминсоний принципларга асосланади, уларга кўра инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланади. Давлат ўз фаолиятини инсон ва жамият фаровонлигини кўзлаб, ижтимоий адолат ва қонунийлик принциплари асосида амалга оширади” каби жумлаларда кўришимиз мумкин.

  Бизга маълумки, мустақилликнинг дастлабки даврларидан бошлаб мамлакатимизда аҳолини ижтимоий муҳофаза қилишни кучайтириш, айниқса аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қисми бўлмиш ногиронларга ҳаётда тенг имконият ва шароитлар яратиб бериш масаласи долзарб масалалардан бирига айланди. Шу мақсадда 1991 йил 18 ноябрда Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбекистон Республикасида ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунининг қабул қилиниши ногиронларга уларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини рўёбга чиқаришда бошқа барча фуқаролар билан тенг имкониятларга эга бўлиш, уларнинг турмуш фаолиятидаги чеклашларни бартараф этиш, ногиронларни тўлақонли ҳаёт кечиришларига, жамиятнинг иқтисодий ва сиёсий турмушида фаол қатнашишларига, ўзларининг фуқаролик бурчларини бажаришларига имкон берадиган қулай шарт-шароит яратишни таъминлашда замин яратди.

   Мазкур Қонун Ўзбекистон Республикасининг 2008 йил 11 июлдаги ЎРҚ-162-сонли “Ўзбекистон Республикасида ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Қонунига мувофиқ янги таҳрирда қабул қилинди. Янги таҳрирдаги Қонуннинг 5-моддасига асосан давлат ногиронлар турмуш фаолиятининг чекланганлигини баҳолаш асосида уларнинг ижтимоий ёрдам ҳамда ҳимоя чора-тадбирларига бўлган эҳтиёжлари ҳисобга олиниши таъминланишини, ногиронларни реабилитация қилиш ва ижтимоий ҳимоя қилишнинг қонун ҳужжатларида назарда тутилган турларидаги дастурлар амалга оширилишини, ногиронларнинг жамият билан уйғунлашиши учун шароитлар яратилишини, ногиронларни камситишнинг барча шаклларидан ҳимоя қилишни таъминлаш юзасидан зарур чора-тадбирлар кўрилишини кафолатлайди. Қонуннинг янги таҳрирининг 6-моддасида – ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари этиб қуйидагилар белгиланди:

-ногиронларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини таъминлаш;

-ногиронларнинг камситилишига йўл қўймаслик;

-ногиронларнинг шаъни ва қадрини ҳимоя қилиш;

-ногиронларнинг ҳуқуқлари ва улар учун имкониятлар тенглигини таъминлаш;

-ногирон болаларнинг мактабгача ва мактабдан ташқари таълимини, ногиронларнинг касб тайёргарлигини, умумий ўрта, ўрта махсус, касб ҳунар ва олий таълим олишини таъминлаш белгиланди. Шу муносабат билан республикамизда ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш мақсадида ягона институционал ва ҳуқуқий база яратилди, ногиронларга турли соҳаларда имтиёзлар белгилаб берилди. Хусусан, Қонунинг 25 моддасига асосан Ходимларининг сони йигирма кишидан ортиқ бўлган корхоналарда, муассасалар ва ташкилотларда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ногиронларни ишга жойлаштириш учун ходимлар сонининг камида уч фоизи миқдорида иш жойларининг энг кам сонини белгилаши ва захирада сақланиши белгилаб қўйилди. Шунингдек, иш ўринларини банд қилиб қўйиш шартлари ва тартиби эса Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йил 20 августдаги 186-сонли “Ижтимоий муҳофазага муҳтож ва иш топишда қийналаётган шахсларни ишга жойлаштириш учун иш ўринларини банд қилиб қўйиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори билан белгиланди.

  Бундан ташқари, Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 10 августдаги
237-сонли “Кексалар ва ногиронларни манзилли ижтимоий ҳимоя қилиш ва қўллаб-қувватлашни янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан 2016 йилнинг 1 январидан бошлаб ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ёлғиз яшаётган ҳамда ёлғиз кексалар ва ногиронларга ижтимоий хизматлар ва ижтимоий ёрдам кўрсатиш якка тартибда шакллантириладиган ижтимоий хизматлар дастури асосида амалга ошириш тартиби ўрнатилди. Мазкур қарор билан тасдиқланган Кексалар ва ногиронларга ижтимоий хизматлар ва ижтимоий ёрдам кўрсатиш, шунингдек ижтимоий хизматларнинг якка тартибдаги дастурини шакллантириш ва амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низомнинг 12-бандига мувофиқ ижтимоий хизматлар кўрсатиладиган ва ижтимоий ёрдам оладиган кексалар ва ногиронлар тўғрисидаги ахборот Ўзбекистон Республикаси Меҳнат вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Молия вазирлиги томонидан бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда ижтимоий хизматлар кўрсатиладиган ва Ижтимоий ёрдам оладиган кексалар ва ногиронларни ҳисобга олиш бўйича ягона регистрга киритилади.            Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил
5 февралдаги 31-сонли “Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимининг турғун даволаш-профилактика муассасаларида овқатланишни ташкил этиш ва унинг учун ҳақ тўлаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорига кўра I ва II гуруҳ ногиронлари, болаликдан ногиронлар, 1941-1945 йиллардаги уруш ногиронлари ва қатнашчилари, шунингдек уларга тенглаштирилган шахслар ҳамда Чернобиль АЭСидаги ҳалокат оқибатларини тугатишда қатнашган ногирон шахслар Тиббиёт муассасаларида овқатланиш тўловидан озод қилинади.

  Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 15 февралдаги 44-сон қарори билан тасдиқланган Кам таъминланган оилаларга ижтимоий нафақалар ва моддий ёрдам тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низомнинг 9-бандига кўра ота-оналардан бири ёки ҳар иккиси ҳам ногирон бўлган оилалар, ногирон боласи бўлган оилалар болали оилаларга нафақа, бола парвариши бўйича нафақа ва моддий ёрдам олишда устунлик ҳуқуқига эга бўлди.

   Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2003 йил 26 февралдаги ПФ-3214-сон Фармонига биноан болаликдан ногиронлар, I ва II гуруҳ ногиронлари, 1941-1945 йиллардаги уруш ногиронлари ва қатнашчилари, шунингдек уларга тенглаштирилган шахслар, Чернобиль АЭСи фалокатини тугатишда иштирок этган шахслар жумласига кирувчи ногиронлар республика ихтисослаштирилган марказлари томонидан давлат бюджети маблағлари ҳисобига тиббий ёрдам кўрсатишда имтиёзларга эга бўлди.

   Бундан ташқари, 2016 йил 26 декабрда ЎРҚ-415-сонли “Кексалар, ногиронлар ва аҳолининг бошқа ижтимоий эҳтиёжманд тоифалари учун ижтимоий хизматлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни қабул қилинди. Ушбу Қонун аҳолининг эҳтиёжманд тоифаларига кўрсатиладиган ижтимоий хизматларнинг ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштириш, ижтимоий хизматлар кўрсатишнинг умумий талаблари ва асосий йўналишларини аниқлаб олиш, шунингдек, давлат ташкилотлари, нодавлат ташкилотлари ва тадбиркорлик субъектларининг ушбу соҳадаги роли ва жавобгарлигини ошириш масалаларини белгилаб берди.

    Ушбу йўналишдаги ишларни давоми сифатида, жорий йилнинг 23 август куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПҚ-4423-сонли Қарори имзолданди. Мазкур қарорга асосан ишловчилари умумий сонининг камида 50 фоизи ногиронлиги бўлган шахслардан иборат ва ногиронлиги бўлган шахслар меҳнатига ҳақ тўлаш фонди умумий меҳнатга ҳақ тўлаш фондининг камида 50 фоизини ташкил этадиган ягона иштирокчиси ногиронлиги бўлган шахсларнинг жамоат бирлашмалари ҳисобланган юридик шахслар қуйдаги солиқларни тўлашдан озод қилинади;

Ø юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи;

Ø қўшилган қиймат солиғи;

Ø юридик шахсларнинг мол-мулкига солиғи;

    Шунингдек, Қарорга асосан солиққа тортиладиган ерлар бўйича юридик шахслардан олинадиган, ер участкасининг жойлашган ўрнига қараб белгиланган ер солиғини ставкасига нисбатан 0,1 пасайтирувчи коэффициенти қўлланган ҳолда тўлайди.

    Бундан ташқари, давлат буюртмачиларига Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан келишилган ҳолда ишловчилари умумий сонининг камида 50 фоизи ногиронлиги бўлган шахслардан иборат ва ногиронлиги бўлган шахслар меҳнатига ҳақ тўлаш фонди умумий меҳнатга ҳақ тўлаш фондининг камида 50 фоизини ташкил этадиган ягона иштирокчиси ногиронлиги бўлган шахсларнинг жамоат бирлашмалари ҳисобланган юридик шахсларнинг товарлари (ишлари, хизматлари)ни харид қилиш учун квоталар тақдим этиладиган бўлди.

   Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, хозирги кунда мамлакатимизда ногиронлиги бўлган 700 мингдан ортиқ шахс, шу жумладан, 100 мингдан ортиқ 16 ёшгача бола ҳаёт кечирмоқда. Юқорида келтирилган қонун ва қарорлар эса мамлакатимизда уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш ва уларнинг ҳаёт фаровонлигини таъминлашга йўналтирилган. Зотан, бу муқаддас Ватанда азиздир инсон!

                                                                                 

Каттақўрғон туман адлия бўлими
етакчи маслаҳатчиси
Нурматов Равшан Бегмаматович