Янгиликлар
Сайлов кодекси-демократия ифодаси
Ҳуқуқий демократик давлат ва кучли фуқаролик жамиятининг энг муҳим белгиларидан бири бу — эркин, очиқ сайлов тизимининг мавжудлиги ҳисобланади. Сайловлар орқали фуқаролар бевосита давлат ва жамият бошқарувида иштирок этади. Шу боис, сайлаш ва сайланиш ҳуқуқи фуқаронинг энг муҳим сиёсий ҳуқуқлари сирасига киради.
Ушбу умумэътироф этилган асосларга таянган ҳолда мамлакатимиз президенти Ш.М.Мирзиёевнинг 2017 йил 22 декабрда Олий Мажлисга тақдим этган Мурожаатномасида мамлакатимиз сиёсий ҳаётида муҳим аҳамиятга эга бўлган сайлов қонунчилиги бир қатор қонун ва қонуности ҳужжатларидан иборат бўлсада, афсуски, ҳануз яхлит бир ҳужжат шаклига келтирилмаганини таъкидлаб, халқаро норма ва стандартларга жавоб берадиган Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодексини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш вазифасини қўйган эди.
Ушбу белгиланган вазифалардан келиб чиқиб, Энг илғор халқаро стандартлар асосида, қисқа фурсат ичида мустақил Ўзбекистон тарихида илк бор Сайлов кодекси лойиҳаси ишлаб чиқилди ва қабул қилинди.
Сайлов кодекси лойиҳасини тайёрлаш жараёнида сайлов қонунчилиги тўлиқ хатловдан ўтказилди. Мамлакатимизда сайловларни ташкил этиш бўйича тўпланган амалиёт умумлаштирилди. Ривожланган давлатларнинг бой тажрибаси ўрганилди, уларнинг ижобий ютуқлари асосида самарали, халқчил нормаларни ишлаб чиқиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Хусусан, сайлов кодекси лойиҳасини тайёрлашда 50 дан ортиқ илғор хорижий давлатларнинг тажрибаси ўрганилди.
Сайлов кодекси лойиҳаси жами 5 турдаги муҳокама ва экспертизадан ўтказилди. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига жойлаштирилди, фуқаролик жамияти институтларининг жамоатчилик экспертизаси, илмий экспертиза, амалиётчи мутахассислар, яъни сайлов комиссиялари ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари экспертлари ўртасидаги қизғин муҳокамалардан ўтди. Уларнинг якунига кўра 400дан ортиқ таклиф ва мулоҳазалар келиб тушди.
Ушбу кодекс тарқоқ ҳолдаги 5та қонун («Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида», «Фуқароларнинг сайлов ҳуқуқлари кафолатлари тўғрисида», «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида», «Халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашларига сайлов тўғрисида», «Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси тўғрисида»ги) ва Марказий сайлов комиссиясининг сайловларни ташкил этиш ва ўтказишга оид ўнлаб қарор ва йўриқномаларини ягона қонун ҳужжатида ўзида мужассам этди ва ушбу кодекси қабул қилингунга қадар мавжуд бўлган 26 та ҳужжат; хусусан, Ўзбекистон президенти сайлови, Олий Мажлисга сайлов, Марказий сайлов комиссияси тўғрисидаги қонунлар ўз кучини йўқотди. Ушбу ҳужжатлар ўрнига сайловлар билан боғлиқ соҳани ягона Сайлов кодекси тартибга соладиган бўлди.
Мамлакатимизнинг барча халқаро стандартларни ўзида акс эттирган сайлов кодекси икки қисм, 18 боб, 103 моддадан иборат бўлиб, илгари сайлов қонунчилигимизда мавжуд бўлмаган мутлақо янги тартиб ва қоидалар билан янада такомиллаштирилди: Хусусан:
Ø Ўзбекистон Экологик ҳаракати вакиллари учун Қонунчилик палатасига махсус ўрин ажратиш тартиби бекор қилинди, бунда Қонунчилик палатасидаги депутатлик (150 нафар) ўринлари сақлаб қолинди;
Ø Сайловчилар ягона электрон рўйхатининг амал қилиш тартиби қонун даражасида белгиланди, ягона ҳужжат – сайлов бюллетенини жорий этиш орқали «сайлов варақаси» бекор қилиниб, муддатдан олдин овоз бериш ва сайлов куни овоз беришда фойдаланиш имкони яратилди;
Ø Сайловларни ташкиллаштириш, ўтказиш ва натижаларини эълон қилиш масалалари бўйича жисмоний ва юридик шахслар мурожаатларини кўриб чиқиш тартиби жорий этилди;– сайловчига сиёсий партиялар томонидан имзолар тўплаш жараёнида бир неча номзодлар ёки партияларни қўллаб-қувватлаш учун имзо қўйиш имкони берилди;
Ø Сайловчи ўзи ёқлаб овоз бераётган номзоднинг фамилияси рўпарасида, ўнг томонда жойлашган бўш квадратга + ёки √ ёхуд Х белгисини қўйиши мумкинлиги белгиланди;
Ø Барчанинг танишиб чиқиши учун участка сайлов комиссиясининг овозларни санаб чиқиш ҳақидаги баённома нусхаларини сайлов участкасида 48 соатдан кам бўлмаган муддатга дарҳол осиб қўйиш тартиби жорий этилди;– давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайлов пайтида сайлов округларини тузишдаги сайловчилар сонидаги мумкин бўлган максимал фарқ 10 фоиздан ошмаслиги ҳақидаги қоида назарда тутилди
Ø Участка сайлов комиссияси аъзолигига номзодлар фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, жамоат бирлашмалари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар томонидан тақдим этилиб, бу номзодлар халқ депутатлари туман, шаҳар Кенгашларининг мажлисларида муҳокама қилиниши ҳамда тегишли сайлов комиссиясига тасдиқлаш учун тавсия этилиши назарда тутилди;
Ø Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашларга сайловлар бир пайтнинг ўзида ўтказилган ҳолларда ягона сайлов участкасини ташкил этиш кўзда тутилди;
Ø Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати аъзоларини сайлаш тартиби қонун даражасида белгиланди;
Ø Барча даражадаги сайлов комиссиялари аъзоларига қўйиладиган талаблар (йигирма бир ёшга тўлган, ўрта ёки олий маълумотга, қоида тариқасида, сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш борасида иш тажрибасига эга бўлган, аҳоли ўртасида обрў-эътибор қозонган фуқаролар вилоят, туман ва шаҳар сайлов комиссиясининг, округ ва участка сайлов комиссиясининг аъзолари бўлиши мумкин) мустаҳкамланди;
Ø Участка сайлов комиссияси аъзолигига номзодлар фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, жамоат бирлашмалари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар томонидан таклиф этилиб, бу номзодлар халқ депутатлари туман, шаҳар Кенгашларининг мажлисларида муҳокама қилиниши ҳамда тегишли округ сайлов комиссиясига тасдиқлаш учун тавсия этилиши тартиби белгиланди;
Ø Марказий сайлов комиссияси аъзоларига Қонунчилик палатаси депутатлари, Сенат аъзоларига нисбатан қўлланиладиган дахлсизлик тўғрисидаги қоидалар татбиқ этилиши назарда тутилди.
Юқоридагилардан келиб чиқиб хулоса қиладиган бўлсак, демократик руҳда ўтадиган сайлов жараёнларида холислик ва қонунийлик энг муҳим жиҳатдир. Зеро, сайловларнинг очиқлик ва адолатлилик билан ўтиши мамлакатнинг кейинги тақдирини белгиловчи асосий мезондир.
Каттақўрғон туман адлия бўлими
етакчи маслаҳатчиси
Нурматов Равшан Бегмаматович