Bog'lanish

Telefon
(+998 66) 233-13-59

Elektron manzil
samarqand@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

16

Мамлакатимизда хотин-қизлар манфаатлари – доимий эътиборда


  Ўзбекистон мустақилликка эришгандан сўнг, аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасидаги биринчи қадамларидан бири бу - Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 46-моддасида: “Хотин-қизлар ва эркаклар тенг ҳуқуқлидирлар” - дея эътироф этилиши бўлди. Бу билан мамлакатимизда аёллар жамиятнинг фаол аъзоси сифатида барча соҳаларда кенг қамровли иштирок этиши ҳуқуқий кафолатлади.
  Сўнгги йилларда мамлакатимизда демократик ижтимоий-сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни амалга оширишда хотин-қизларнинг фаол иштироки инобатга олган ҳолда хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий ва социал фаоллигини янада ошириш, уларнинг турли соҳа ва тармоқларда ўз қобилият ва имкониятларини рўёбга чиқариши учун шарт-шароит яратиш, ҳуқуқ ва қонуний манфаатларига сўзсиз риоя қилинишини таъминлаш, оналик ва болаликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, шунингдек, оила институтини мустаҳкамлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, 2019 йил 7 мартдаги Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Хотин-қизларнинг меҳнат ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтириш ва тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлашга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Қарорга мувофиқ, аёллар меҳнатини муайян соҳа ёки касбларда қўллаш бўйича тақиқлар бекор қилинди, бола парваришлаш таътилининг камида уч ойи ота томонидан фойдаланилган тақдирда, ота ёки онадан бирига Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 234-моддаси тартибида қўшимча бир ой нафақа тўланадиган бола парваришлаш таътили бериладиган бўлди ва икки ёшга тўлмаган фарзандини тарбияловчи ота-оналарнинг бирига уларнинг иш пайтидаги дам олиш ва овқатланиш, болани овқатлантириш учун бериладиган танаффуслар ҳисобидан иш берувчи билан келишган ҳолда кун давомида фойдаланиладиган танаффус вақтини белгилаш ҳуқуқи берилди. Шунингдек, 2019 йил 1 майдан Нодавлат нотижорат ташкилот мақомига эга бўлган “Хотин-қизлар тадбиркорлик марказлари” ташкил этилди. Марказларнинг асосий вазифалари этиб, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги билан ҳамкорликда узоқ муддат бола парваришлаш таътилида бўлган, мушкул иқтисодий аҳволга тушган аёлларни меҳнат бозорида талаб этилаётган касблар бўйича қайта тайёрлаш ва уларнинг ишга жойлашишига кўмаклашиш; тадбиркорлик билан шуғулланиш истагини билдирган аёлларни марказларга жалб этиш ва тадбиркорлик фаолиятини ташкил этишга кўмаклашиш; аёлларнинг ўз бизнесини ташкил этиш ва юритиш кўникмаларини шакллантириш, бизнес ғояларини тайёрлашда консультатив ёрдам бериш, шу жумладан, лойиҳа бизнес-режасини тайёрлаш, солиққа тортишнинг турли режимларини танлаш ва қўллаш, бухгалтерия ҳисобини юритиш, замонавий ахборот технологияларидан фойдаланиш ва бошқа йўналишлар бўйича ўқитишни ташкил этиш; зарур ҳолларда, фаолиятини бошлаётган тадбиркор хотин-қизларга маҳаллалардаги бўш турган бинолардан жой ажратилишига кўмаклашиш; тадбиркор аёлларга ва тадбиркорлик билан шуғулланиш истагини билдирган хотин-қизларга ўз бизнесини ташкил этишда зарур маслаҳатлар бериш ва амалий ёрдам кўрсатиш, шу жумладан, ишончли ҳамкорларни топиш, минитехнологиялар ва ускуналар сотиб олишда кўмаклашиш, ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг реализация қилинишига кўмаклашиш; норасмий фаолият юритаётган ҳунарманд аёлларга рўйхатдан ўтиш, “Ҳунарманд” уюшмасига аъзо бўлиш орқали солиқлар ва бошқа турдаги имтиёзлардан фойдаланишда ҳамда имтиёзли кредит олишда амалий ёрдам кўрсатиши белгиланди.
  Ўзбекистон Республикаси Президентининг 02.02.2019 йилда “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5325-сонли Фармони имзолади. Фармон кўра, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси фаолиятининг устувор йўналишлари этиб хотин-қизларни қўллаб-қувватлашга доир давлат сиёсатининг самарали амалга оширилишини таъминлаш, уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда уларнинг мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги роли ва фаоллигини ошириш; хотин-қизларнинг муаммоларини ўз вақтида аниқлаш, ёрдамга муҳтож бўлган ва оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган хотин-қизларнинг, шу жумладан, ногиронлиги бўлган аёлларнинг манзилли рўйхатларини тузиш, уларга ижтимоий-ҳуқуқий, психологик ва моддий ёрдам кўрсатиш; хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш, меҳнат шароитларини яхшилаш, хотин-қизларни, айниқса, қишлоқ жойлардаги ёш қизларни оилавий ва хусусий тадбиркорликка, ҳунармандчиликка кенг жалб этиш масалаларида ҳар томонлама манзилли қўллаб-қувватлаш; хотин-қизлар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, биринчи навбатда, ҳуқуқбузарликка мойиллиги бўлганлар билан якка тартибда иш олиб бориш ҳамда жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган хотин-қизларнинг ижтимоий реабилитацияси ва мослашиши бўйича чора-тадбирларни амалга оширишда давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтлари билан яқин ҳамкорликни таъминлаш белгиланди.
  Бундан ташқари, хотин-қизларни ҳимоялаш механизмини кучайтириш мақсадида жорий йилнинг 2 сентябрь куни Ўзбекистон Республикасининг “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисидаги” ЎРҚ–561-сонли Қонуни қабул қилинди. Ушбу Қонун хотин-қизларни турмушда, иш жойларида, таълим муассасаларида ҳамда бошқа жойларда тазйиқлар ва зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилишга қаратилган. Шунингдек, соҳадаги муносабатларни тартибга солиш, тазйиқлар ва зўравонликдан жабрланганларни ҳуқуқий ҳамда ижтимоий ҳимоя қилиш кафолатларини таъминлаш ҳам қонуннинг муҳим мақсадларидандир.
Ушбу Қонун билан жинсий зўравонлик, жисмоний зўравонлик, руҳий зўравонлик, иқтисодий зўравонлик, зўравонлик, иш жойи, тазйиқ, тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчи, тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш, тазйиқлар ва зўравонликнинг олдини олиш, муҳофаза ордери каби янги таянч тушунчалар киритилди ва мазмун-моҳияти очиб берилди.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси,Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, Ички ишлар органлари, Меҳнат органлари, Таълимни давлат томонидан бошқариш органларининг ҳамда таълим муассасалари, Давлат соғлиқни сақлаш тизимини бошқариш органларининг ҳамда соғлиқни сақлаш муассасалари, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси, Фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг, нодавлат нотижорат ташкилотларининг ва фуқаролик жамияти бошқа институтларининг хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш соҳасидаги ваколатлари ва иштироки белгиланди.
  Ушбу Қонунга кўра, тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчи ўзига нисбатан тазйиқ ва зўравонлик содир этилгани ёки уларни содир этиш таҳдиди тўғрисида ариза билан тегишли ваколатли органлар ҳамда ташкилотларга ёхуд судга мурожаат этиш ҳуқуқига эгалиги белгиланди.
  Жорий йилнинг 02 сентябрь куни Ўзбекистон Республикасининг “ Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги ЎРҚ–562-сонли Қонуни қабул қилинди. Қонунга кўра, давлат хизмати соҳасида хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларни таъминлаш орқали давлат бошқарувида турли жинсдаги шахсларнинг иштирок этиши учун шарт-шароитлар яратилиши кафолатланади.
  Ушбу Қонун билан гендер сиёсати амалга оширилишини таъминлашга доир вақтинчалик махсус чоралар, гендер, гендер статистикаси, гендер-ҳуқуқий экспертиза, жинс бўйича бевосита камситиш, жинс бўйича билвосита камситиш каби янги таянч тушунчалар киритилди ва мазмун-моҳияти очиб берилди ва давлат хизмати соҳасида, сайлов ҳуқуқларини амалга оширишда, иқтисодий ва ижтимоий соҳаларда, таълим, илм-фан, маданият ҳамда соғлиқни сақлаш соҳасида хотин қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари белгиланди. Хусусан, қонун ҳужжатларидаги жинс бўйича камситилишига йўл қўядиган нормаларни аниқлаш ва бартараф этиш мақсадида ушбу ҳужжатлар ва улар лойиҳаларининг гендер-ҳуқуқий экспертизаси ўтказиладиган бўлди. Шунингдек, Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларни таъминлаш соҳасидаги ягона давлат сиёсати Гендер тенглигини таъминлаш бўйича комиссия томонидан амалга оширилиши белгиланди.
  Хулоса сифатида шуни айтиш мумкинки, мамлакатимизда юқоридаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг қабул қилинишининг бош мақсади; жамиятда, турмушда, иш жойларида, таълим муассасалари ва бошқа жойларда хотин-қизларга нисбатан муносабатни янада яхшилаш, уларга нисбатан ҳурмат ва эҳтиромни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Каттақўрғон  туман  адлия бўлими 
етакчи маслаҳатчиси Р.Б.Нурматов.