Янгиликлар
“ҲУҚУҚИЙ ТАРҒИБОТ ИШЛАРИ АЪЛОЧИСИ” КЎКРАК НИШОНИ
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 9 январдаги “Жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш тизимини тубдан такомиллаштириш тўғрисида”ги ПФ-5618-сон Фармонининг қабул қилиниши мамлакатимизда амалга оширилаётган ҳуқуқий ислоҳотларнинг янги поғонага кўтарди.
Ушбу Фармоннинг ижросини таъминлаш мақсадида 2019 йил 22 мартда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг ВМҚ- 240-сон қарори билан “Ҳуқуқий тарғибот ишлари аълочиси” кўкрак нишони тўғрисида низом тасдиқланди. Ушбу низомга кўра “Ҳуқуқий тарғибот ишлари аълочиси” кўкрак нишони билан жамиятда аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга муносиб ҳисса қўшган давлат органлари ва ташкилотлар ходимлари аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини оширишда кўрсатган хизматлари учун тақдирланадилар. Шунингдек, ушбу кўкрак нишони билан Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлмаган шахслар ҳам тақдирланиши мумкин. Давлат органлари ва ташкилотлар ҳар йили 1 октябрга қадар ўз ходимларини кўкрак нишони билан тақдирлаш бўйича таклифларни тегишлича Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармаларига тақдим этади. Республика даражасидаги давлат органлари ва ташкилотлар эса ҳар йили 1 октябрга қадар ўз ходимларини кўкрак нишони билан тақдирлаш бўйича таклифларни Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигига тақдим этади.
Номзод бўйича тақдим этилган таклифларга илова сифатида номзоднинг қуйидаги ҳужжатлари тақдим этилади:
объективка-маълумотномаси,
сўнгги уч йил давомида у томонидан жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш борасида амалга оширилган ишлар.
Ҳудудий адлия органлари томонидан номзодлар бўйича тақдим этилган ҳужжатлар белгиланган тартибда ўрганиб чиқилади ва номзодлар юзасидан хулосалар ҳар йили 20 октябрга қадар вазирликка тақдим этилади. Шунингдек, ҳудудий адлия органлари раҳбарлари ҳам ўз ташаббусига кўра номзодлар тўғрисида ҳар йили 20 октябрга қадар вазирликка таклиф киритиши мумкин. Номзодлар учун тақдим қилинган ҳужжатларни ўрганиб чиқиш учун Ўзбекистон Республикаси адлия вазири томонидан кўкрак нишони билан тақдирлашга оид таклифларни кўриб чиқиш бўйича комиссия ташкил этилади. Комиссия йиғилишида номзодлар бўйича ҳужжатлар ўрганилиб, ҳар йили 20 ноябрга қадар энг муносиб номзодлар бўйича якуний хулоса чиқарилади.
Комиссия томонидан номзодларни кўкрак нишони билан тақдирлашда қуйидагилар инобатга олинади:
номзоднинг аҳоли ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга бағишланган оммавий ахборот воситаларидаги чиқишлари сони;
ҳуқуқий маданиятни тарғиб қилишга қаратилган ижтимоий аҳамиятга эга бўлган видеороликларнинг тайёрланганлиги;
жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни тарғиб қилиш бўйича турли инновацион самарали услубларнинг ишлаб чиқилганлиги.
Ўзбекистон Республикасининг адлия вазири ўз ташаббуси билан ҳам давлат органлари ва ташкилотлар ходимларини кўкрак нишони билан тақдирлаши мумкин.
Комиссия хулосаси асосида адлия вазирининг кўкрак нишони билан тақдирлаш тўғрисидаги буйруғи ҳар йили 1 декабрга қадар чиқарилади ва кўкрак нишони ва унинг гувоҳномаси 8 декабрь — Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси куни байрами арафасида адлия вазири ёки унинг топшириғига биноан бошқа масъул шахслар томонидан тантанали вазиятда топширилади. Шунингдек, кўкрак нишонини олган шахслар энг кам ойлик иш ҳақининг тўрт баравари миқдорида бирйўла тўланадиган пул мукофоти олади.
Бир шахс кўкрак нишони билан бир марта тақдирланади.
Кўкрак нишони давлат мукофотларидан кейин кўкракнинг чап томонига тақилади.
Самарқанд вилоят адлия бошқармаси
Ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бўлими
етакчи маслаҳатчиси О.З.Муҳаммадиев