Янгиликлар
Мурожаатлар доимий эътиборда
Бугунги кунда жамиятимиз ижтимоий-иқтисодий ҳаётида рўй бераётган янгиланишлар моҳиятига мос равишда халқ билан мулоқот қилиш, фуқароларни ўйлантираётган масалалар ва муаммоларга ечим топиш барча даражадаги давлат идораларининг бирламчи вазифасига айланди. Ушбу жараёнда ислоҳотларнинг фаол иштирокчиси бўлган Адлия вазирлиги ва унинг тизимидаги барча ташкилотлар, Хусусан, туман (шаҳар) адлия бўлимлари томонидан ушбу йўналишда амалга оширлаётган ишлар ҳам таҳсинга лойиқдир.
Бу борада Каттақўрғон тумани адлия бўлими ҳам туманда қисқа вақт ичида меҳнат, фуқаролик ва бошқа ҳуқуқий муносабатларга оид фуқароларнинг мурожаатлари билан ишлашда самарали механизмга айланиб улгурди. Буни бўлимга келиб тушаётган мурожаатларнинг ўз амалий ечимини топаётгани мисолида кўришимиз мумкин.
Бўлим томонидан, 2019 йил 9 ой давомида жисмоний ва юридик шахслардан жами 85 та ариза ва шикоятлар келиб тушган, шундан 70 таси қаноатлантирилган, 5 тасига тегишли тушунтиришлар ва ҳуқуқий маслаҳатлар берилган, 19 та мурожаат бевосита жойига чиқиб ўрганилган, ҳозирги кунда эса, 7та мурожаатлар ечими бўйича ишлар олиб борилмоқда. Шу ўринда аниқ мисоллар келтириб ўтсак. Бўлими томонидан туманинг “Қўштепа” МФЙда яшовчи фуқаро Г.Султонованинг ўз мутахассислиги бўйича туманинг 61-сонли МТМга ишга жойлашишни сўраб қилган мурожаати МТМ мудираси томонидан бўш иш ўрни йўқлиги сабабли рад этилганлигидан норози бўлиб, туман адлия бўлимига қилган мурожаати бўлим томонидан ўрганиб чиқилиб, ушбу МТМга ишга жойлашишда амалий ёрдам кўрсатилиб, мурожаат муаллифи фуқаро Г.Султонованинг 61-сонли МТМга ишга жойлашиши таъминланди. Шунингдек, туманинг “Олмазор” МФЙда яшовчи фуқаро Ю.Турсунованинг ўз мутахассислиги бўйича туманинг 56-сонли умумўрта таълим мактабига, “Ойжон” МФЙда яшовчи фуқаро М.Актамованинг ўз мутахассислиги бўйича туманинг 60-сонли МТМга ва “Алишер Навоий” МФЙда яшовчи фуқаро А.Тошеванинг ўз мутахассислиги бўйича туманинг 56-сонли умумўрта таълим мактабига ишга жойлашиши таъминланди.
Бундан ташқари, “Каттаминг” МФЙда яшовчи фуқаро Д.Умаровнинг “Трасса газ инвест” МЧЖдан хисобланган бироқ тўлаб берилмаган жами 4 ой учун 2 млн. 120 минг сўм иш ҳақлари туман адлия бўлимининг аралашуви билан тўлиқ ундириб берилди.
Бундан ташқари, бўлим томонидан фуқароларнинг мурожаатларини жойида қабул қилиш ва уларнинг бартараф қилиш мақсадида, бўлим томонидан ҳар ойлик сайёр қабул режалари ишлаб чиқилиб, белгиланган муддатларда маҳаллалар билан ҳамкорликда ушбу қабуллар ўтказилмоқда. Хусусан, Каттақўрғон туман адлия бўлими томонидан 2-секторда жорий йилнинг 14 сентябрь куни Қиёт маҳалласида ўтказилган сайёр қабулда тумандаги “Мотосервер-МТА” ММТПда ишлаб кеётган 9 нафар ходимлардан иш ҳақларини ундириш бўйича судга ариза киритишда амалий ёрдам бериш бўйича мурожаатлари қабул қилинди, “Мотосервер-МТА” ММТПда мурожаатлар бўйича ўрганишлар ўтказилди, тўпланган ҳужжатлар асосида ФИБ Каттақўрғон туманлараро судига аризалар киритилди.
Фуқаролик ишлари бўйича Каттақўрғон туманлараро судининг 20.09.2019 йилдаги суд буйруғларига асосан фуқаро Л.Холованинг 5 млн. 383 минг 948 сўм, Х.Чилматовнинг 9 млн. 327 минг 316 сўм, А.Тлововнинг 7 млн. 927 минг 316 сўм, Х.Норовнинг 4 млн. 299 минг 898 сўм, Ф.Авазовнинг 4 млн. 299 минг 898 сўм, Т. Ҳолиқуловнинг 4 млн. 299 минг 898 сўм, Ш.Расуловнинг 8 млн. 967 минг 948 сўм, Х.Тошевнинг 5 млн. 692 минг 965 сўм ва В.Хамдамовнинг 4 млн. 299 минг 898 сўмлик жами 54 млн. 499 минг 085 сўм иш ҳақларини ундирилиши белгиланди.
Сайёр қабулларда давомида келиб тушган мурожаатлар ҳақида мушоҳада юритар эканмиз, аксарияти маҳалла, жуда бўлмаганда, туман миқёсида ҳал этса бўладиган масалалар эканинлигига амин бўламиз. Агар халқ ичига яқинроқ кириб борганимизда, уларнинг муаммо ва ташвишларига чин дилдан қулоқ тутганимизда, эҳтимол, бугун улар бу муаммолари билан қаршимизда туришмасмиди?!
Хулоса ўрнида айтганда, Каттақўрғон туман адлия бўлими томонидан жисмоний ва юридик шахслардан олинган хар бир мурожаат мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда ўрганишлар натижасида қонуний ечим топмоқда. Зеро, одамларнинг дардини эшитиш, уларни ўйлантираётган муаммоларга ечим топишга кўмаклашиш давлат ташкилотларининг энг устувор вазифасидир. Каттақўрғон адлия бўлими келгусида ҳам ушбу устувор вазифасига амал қилган ҳолда мурожаатлар билан ишлашда давом этади.
Каттақўрғон туман адлия бўлими
етакчи маслаҳатчиси Р.Б.Нурматов