Bog'lanish

Telefon
(+998 66) 233-13-59

Elektron manzil
samarqand@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

20

Samarqand viloyat adliya boshqarmasining 2019-yil 2-dekabrdagi "2019-yil 8-dekabr O'zbekiston Respublikasi Konstitutsiyasi qabul qilinganligining 27 yilligi munosabati bilan "Konstitutsiyani o'rganamiz va unga amal qilamiz"


Коррупция муаммоси ва унга қарши кураш масаласи ҳозирги даврнинг энг долзарб вазифаларидан бири ҳисобланади. Чунки бу иллатнинг кенг қулоч ёйиши ўта салбий оқибатларга олиб келади. Коррупция, хусусан, демократик жараёнларнинг амалга ошишига тўсқинлик қилади, иқтисодий ривожланишнинг секинлашиши, кадрлар сифатининг пасайиши ва оқибатда барча соҳаларнинг оқсашига, уюшган жиноятчиликнинг илдиз отишига, ҳукуматга бўлган ишонч йўқолиши ва ижтимоий-сиёсий беқарорликка сабаб бўлади.
Шунинг учун порахўрликка қарши ҳар бир давлат ўз ҳолича курашиб келади ва қайсидир давлатда коррупцияга деярли барҳам берилган бўлса, яна қаердадир бу иллат “гуллаб-яшнаш”да давом этмоқда.
Ўзбекистон 2008 йил 7 июлда БМТнинг Коррупцияга қарши курашиш конвенциясига, 2010 йил март ойида Иқтисодий ҳамкорлик ва ривожланиш ташкилоти доирасида қабул қилинган коррупцияга қарши курашнинг Истанбул режасига (2003 йил 10 сентябрь) қўшилган. Шунингдек, Олий Мажлис томонидан Жиноий даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш бўйича Евроосиё гуруҳи тўғрисидаги битими (Москва, 2011 йил 16 июнь) 2011 йил 13 декабрда ратификация қилинган.
Маълумки, бугунги кунда мамлакатимизда коррупция, турли жиноятларни содир этиш ва бошқа ҳуқуқбузарлик ҳолатларига қарши курашиш, уларга йўл қўймаслик, жиноятга жазо албатта муқаррар экани тўғрисидаги қонун талабларини амалда таъминлаш бўйича қатъий чоралар кўрилмоқда.
Коррупция билан боғлиқ жиноятчиликнинг хавфсизлик ва жамият тараққиётига соладиган қуйидаги таҳдидлари мавжуд:
Биринчидан, сиёсий жиҳатдан олганда, коррупция амалга оширилаётган ислоҳотларга қаршилик кўрсатиш ифодасидир. Коррупция домига илинган амалдорлар шахсий бойлик орттириш мақсадларини ва уруғ-аймоқларнинг манфаатларини давлат манфаатларидан устун қўяди. Бу эса, мамлакатнинг сиёсий ва иқтисодий йўлига ҳамда аҳолининг аксарият қисмига тузатиб бўлмайдиган зарар етказади.
Иккинчидан, жиноятчилик ва коррупциянинг авж олиши давлатнинг конституциявий асосларини емиради, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари жиддий тарзда бузилишига олиб келади. “Қонунлар ва фармонларни қабул қилишдан мақсад уларни четлаб ўтишдир”, деган мутлақо ярамас қоида жамиятнинг энг оддий ҳуқуқий тартибот ва жамоат тартибини сақлаб туриш қобилиятидан маҳрум бўлишига олиб боради.
Учинчидан, жиноятчилик ва коррупция жамиятнинг маънавий-ахлоқий асосларини емиради. Жамият аъзоларининг фуқаролик мавқеини йўққа чиқаради. Амалга оширилаётган ўзгаришларга салбий муносабат вужудга келиши учун шароит яратади. Ислоҳотлар даврининг муайян қийинчиликларида фуқаролар онгида, айниқса, ёш авлоднинг бир қисмида, ҳаётда юксак турмуш даражасига эришишнинг асосий усули қонунга хилоф фаолият билан боғлиқ, деган мутлақо ахлоққа зид нуқтаи назар шаклланиши ва қарор топиши мумкин.
Тўртинчидан, “Пул ҳокимиятга интилади”, деган бир ибора бор. Лекин бу пул жиноий йўл билан топилган бўлса-ю, унинг эгалари жамиятнинг ҳокимият тузилмаларига чиқиб олсалар, улар қандай усуллар билан бошқаришларини тасаввур қилиш қийин эмас. Ҳокимият органларининг жиноятга аралашиб қолиши ривожланаётган жамият учун энг жиддий хавф-хатарлардан биридир. Жиноий тузилмаларнинг давлат органлари амалдорлари билан чатишиб кетиши, уларнинг турли ҳокимият тармоқларига кириб олиши жамоатчилик наздида фуқароларнинг ҳимоясизлиги ҳиссини кучайтиради. Бу давлатнинг ўзини обрўсизлантиради. Мамлакат ичкарисида ҳам, ташқарисида ҳам унга ишончсизлик ортиб боради.
Бешинчидан, нопок йўл билан бойлик орттирганлар жазодан қутулиб қолиш ва ўзларининг жиноий сармояларини ҳимоя қилиш учун ҳар қандай хатти-ҳаракатларга тайёр туришларини яхши билиб олиш лозим. Бундай кимсалар адолатли жазодан қўрқиб, ҳамма ишни қилишга, ҳатто вазиятни беқарорлаштиришга, оммавий тартибсизликларни келтириб чиқаришга шай турадилар. Бундай пайтда эҳтиросларни жунбушга келтириш, оломонни қўзғатиш ва унинг орқасига яшириниб олишдан қулайи йўқ. Бундай одамларнинг “Фақат бизга яхши бўлса, ишимиз битса бўлгани”, қабилидаги маслаги худбинликнинг, ҳамюртларига нисбатан сурбетларча лоқайдликнинг яққол кўринишидир.
Олтинчидан, жиноий усуллар билан бойлик ва мўмай пул орттирган кимсаларнинг янги ҳуқуқ ҳимоячилари ва хатто демократия учун жафо чеккан курашчилар сифатида сиёсатга кириб олишга ҳаракат қилаётганидан далолат берувчи мисоллар оз эмас. Улар бундай хатти-ҳаракатлари билан инсониятнинг адолат ва демократия каби олижаноб идеалларига нақадар жиддий зарар етказаётганларини, ўз халқлари ва мамлакатлари шаънига доғ тушираётганларини айтиб ўтиришнинг ҳожати бормикин?
Еттинчидан, жаҳон хўжалик алоқаларига фаол интеграциялашув, чет эл инвестициялари ва тадбиркорларини иқтисодий ўзгаришлар жараёнига тортиш соҳасидаги аниқ мақсадга қаратилган фаолият бугун Ўзбекистон учун устувор вазифалар ҳисобланади. Бу мақсадларни рўёбга чиқариш шароитида коррупциячиларнинг хатти-ҳаракатлари нафақат мамлакатимизнинг ҳалол фуқароларини тадбиркорликдан четлатади, балки чет эллик шерикларда ишончсизлик уйғотади ва уларни чўчитиб қўяди. Натижада мамлакат ғоят муҳим капитал маблағлар манбаидан, технологиялар ва тажрибадан, жаҳон иқтисодий тизимининг соғлом, соф қисмига қўшилиш имкониятидан маҳрум бўлади. Бундай мамлакат халқаро хуфия ва жиноий тузилмалар тобора кўпроқ қизиқадиган ва фаол иш олиб борадиган макон бўлиб қолади.
Шу боис бугунги кунда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев: “Жамиятимизда коррупция, турли жиноятларни содир этиш ва бошқа ҳуқуқбузарлик ҳолатларига қарши курашиш, уларга йўл қўймаслик, жиноятга жазо албатта муқаррар экани тўғрисидаги қонун талабларини амалда таъминлаш бўйича қатъий чоралар кўришимиз зарур”лигини қайта-қайта уқтирди. “Халқимиз азалдан юксак қадрлаб келадиган, ҳамма нарсадан устун қўядиган адолат туйғусини ҳаётимизда янада кенг қарор топтиришни биз биринчи даражали вазифамиз ҳисоблаймиз” деб таъкидламоқда. Ана шу мақсадда давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан Ўзбекистон Республикасининг “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонуни ишлаб чиқилди.
“Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонун Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан 2016 йил 24 ноябрда қабул қилинган, Сенат томонидан 2016 йил 13 декабрда маъқулланган, Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2017 йил 3 январда имзоланган ва 2017 йил 4 январда матбуотда эълон қилинган бўлиб, 6 боб, 34 моддадан иборат.
Ушбу қонуннинг 3-моддасида коррупцияга қуйидагича таъриф берилган:
Коррупция — шахснинг ўз мансаб ёки хизмат мавқеидан шахсий манфаатларини ёхуд ўзга шахсларнинг манфаатларини кўзлаб моддий ёки номоддий наф олиш мақсадида қонунга хилоф равишда фойдаланиши, худди шунингдек бундай нафни қонунга хилоф равишда тақдим этиш.
Коррупцияга қарши курашишнинг асосий принциплари қуйидагилардан иборат:
· қонунийлик;
· фуқаролар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларининг устуворлиги;
· очиқлик ва шаффофлик;
· тизимлилик;
· давлат ва фуқаролик жамиятининг ҳамкорлиги;
· коррупциянинг олдини олишга доир чора-тадбирлар устуворлиги;
· жавобгарликнинг муқаррарлиги.
Хулоса қилиб айтганда, мамлакатимизнинг келажаги ва обрў-эътиборини қадрлайдиган ҳар бир виждонли фуқаро бу таҳдидни эсда тутмоғи даркор. Ҳалол меҳнат қилиш, ўз билими, куч-ғайрати ва ижодий қобилиятини сарфлаш учун барқарор шарт-шароит бўлишини истайдиган, фарзандлари ва яқин кишилари келажакда ҳам демократик, фуқаролик жамиятида цивилизациялашган бозор муносабатларининг самараларидан тўла-тўкис фойдаланишни орзу қиладиган ҳар бир миллат, ҳар бир фуқаро, жиноятчилик ва коррупция йўлига ўз вақтида зарур тўсиқ қўйилмаса, бу иллатлар қандай аянчли оқибатларга олиб келиши мумкинлигини яхши англаб етмоғи лозим.

Дилшод АШУРОВ,
Самарқанд шаҳар 8-сон
 давлат нотариал идораси нотариуси