Янгиликлар
“УЙИМИЗ “СНОС”ГА ТУШДИ”. БУ НИМА ДЕГАНИ?
Кейинги пайтларда республикамизнинг деярли барча вилоятларида кўчмас мулкларнинг бузилиши ва бу ҳолатдан кўпчиликнинг норозилигига сабаб бўлаётган ҳолатларнинг гувоҳи бўлмоқдамиз.
Шу муносабат билан биз кейинги пайтларда энг қўп қўлланиладиган ва барча учун таниш бўлиб улгурган “снос” тушунчасига, “унинг ўзбошимчалик билан қурилган уйларнинг бузилишидан фарқи қандай?” каби саволларга қонунчиликка асосан тушунтириш берамиз.
“Снос” – бу русча сўз бўлиб, “бузиш, бузилиш” деган маънони билдиради. Аниқроқ қили айтганда, “Снос” деганда жисмоний ва юридик шахсларга, шу жумладан якка тартибдаги тадбиркорларга эгалик қилиш, доимий фойдаланиш ёки вақтинчалик фойдаланиш ҳуқуқи билан тегишли бўлган ер участкаси ёки унинг бир қисми давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун, шунингдек, инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш доирасида олиб қўйилиши натижасида ушбу ер участкасида қурилган кучмас мулкларнинг бузилиши тушунилади.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 16 ноябрдаги ВМҚ-911-сонли қарори билан тасдиқланган “Ер участкалари олиб қўйилиши ва олиб қўйилаётган ер участкасида жойлашган кўчмас мулк объектлари мулкдорларига компенсация бериш тартиби тўғрисида”ги низомга асосан жисмоний ва юридик шахсларга, шу жумладан якка тартибдаги тадбиркорларга эгалик қилиш, доимий фойдаланиш ёки вақтинчалик фойдаланиш ҳуқуқи билан тегишли бўлган ер участкаси ёки унинг бир қисми
-мудофаа ва давлат хавфсизлиги, муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар эҳтиёжлари, эркин иқтисодий зоналарни ташкил қилиш ва уларнинг фаолият юритиши учун ерларни бериш;
-халқаро шартномалардан келиб чиқадиган мажбуриятларни бажариш;
-фойдали қазилмалар конларини аниқлаш ва қазиб чиқариш;
-автомобиль йўллари ва темир йўллар, аэропортлар, аэродромлар, аэронавигация объектлари ва авиатехника марказлари, темир йўл транспорти объектлари, кўприклар, метрополитенлар, туннеллар, энергетика тизими объектлари ва электр узатиш тармоқлари, алоқа тармоқлари, космик фаолият объектлари, магистрал қувурлар, муҳандислик-коммуникация тармоқларини қуриш (реконструкция қилиш);
-аҳоли пунктлари бош режаларини Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобига объектлар қуриш қисмида ижро этиш, шунингдек, қонунлар ва Ўзбекистон Республикаси Президенти қарорларида тўғридан-тўғри назарда тутилган бошқа ҳоллар;
-амалга оширилиши давлат дастурларида назарда тутилган, фуқароларнинг яшаш ва маиший шароитларини, шунингдек муайян ҳудудни ривожлантириш ва архитектура қиёфасини яхшилаш, инфратузилмани ривожлантириш ҳамда ижтимоий-иқтисодий аҳамиятга эга бўлган объектларни қуришни назарда тутувчи лойиҳаларни амалга ошириш мақсадларида олиб қўйилади.
Жисмоний ва юридик шахсларга, шу жумладан якка тартибдаги тадбиркорларга эгалик қилиш, доимий фойдаланиш ёки вақтинчалик фойдаланиш ҳуқуқи билан тегишли бўлган ер участкаси ёки унинг бир қисми олиб қўйилганда ер участкаси эгаларига, кўчмас мулк мулкдорларига
- олиб қўйилган ер участкасида жойлашган кўчмас мулк объектларининг бозор қиймати;
- олиб қўйилган ер участкасига бўлган ҳуқуқнинг бозор қиймати;
- кўчириш, шу жумладан, бошқа кўчмас мулк объектини вақтинчалик олиш билан боғлиқ харажатлар;
- жисмоний ва юридик шахсларнинг бой берилган фойдаси;
- қонун ҳужжатларида ёки келишувда назарда тутилган бошқа харажатлар ва зарарлар компенсация қилиб берилади.
Бир сўз билан айтганда “Ер участкалари олиб қўйилиши ва олиб қўйилаётган ер участкасида жойлашган кўчмас мулк объектлари мулкдорларига компенсация бериш тартиби тўғрисида”ги низомга асосан жисмоний ва юридик шахсларга, шу жумладан якка тартибдаги тадбиркорларга эгалик қилиш, доимий фойдаланиш ёки вақтинчалик фойдаланиш ҳуқуқи билан тегишли бўлган ер участкаси ёки унинг бир қисми олиб қўйилганда ер участкаси эгаларига, кучмас мулк мулкдорларининг розилиги олиниб, уларга тегишли тартибда компенсация тўлаб берилади.
Биз халқ ичидаги “снос”нинг, яъни қонуний тил билан айтганда жисмоний ва юридик шахсларга, шу жумладан якка тартибдаги тадбиркорларга эгалик қилиш, доимий фойдаланиш ёки вақтинчалик фойдаланиш ҳуқуқи билан тегишли бўлган ер участкаси ёки унинг бир қисми олиб қўйилганда кучмас мулк объектларининг бузилиши ҳақида батафсил тушунча бериб ўтдик.
Энди биз ўзбошимчалик билан қурилган уйлар, уларнинг ҳуқуқий оқибати ҳақида тушунча бериб ўтамиз.
Ўзбекистон Респуликаси Фуқаролик кодексининг 212-моддасига асосан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қурилиш мақсадлари учун ажратилмаган ер участкаларида, шунингдек иморат қуриш учун зарур рухсатнома олмасдан ёки архитектура ва қурилиш нормалари ҳамда қоидаларини жиддий бузган ҳолда қурилган уй-жой, бошқа бино, иншоот ёки ўзга кўчмас мулк ўзбошимчалик билан қурилган иморат ҳисобланади.
Ўзбошимчалик билан иморат қурган шахс унга мулк ҳуқуқини ололмайди. Бу шахс қурган иморатини тасарруф этишга — сотишга, ҳадя этишга, ижарага беришга, иморатга нисбатан бошқа битимлар тузишга ҳақли эмас. Бундан ташқари, ўзбошимчалик билан иморат қуриш натижасида ҳуқуқлари бузилган шахснинг ёки тегишли давлат органининг даъвоси билан бундай иморат суднинг қарорига биноан иморатни қурган шахс томонидан ёки унинг ҳисобидан бузиб ташланиши лозим.
Ўзбекистон Ресубликаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг
60-моддасига асосан ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш, — фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн бараваридан ўн беш бараваригача, мансабдор шахсларга эса — йигирма бараваридан ўттиз бараваригача миқдорда жарима солишга ёки ўн беш суткагача маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади.
Шунингдек, Ўзбекистон Ресубликаси Жиноят кодексининг 2291-моддасига кўра ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш, агар худди шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса,— базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик бараваридан юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд бир йилгача озодликни чеклаш ёки бир йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, “снос”нинг, яъни жисмоний ва юридик шахсларга, шу жумладан якка тартибдаги тадбиркорларга эгалик қилиш, доимий фойдаланиш ёки вақтинчалик фойдаланиш ҳуқуқи билан тегишли бўлган ер участкаси ёки унинг бир қисми олиб қўйилганда кучмас мулк объектларининг бузилиши бузилиши билан ер участкаларини ўзбошичалик билан эгаллаб олинган ер участкасидаги кўчмас мулкларни бузилишининг ўртасидаги фарқлар қуйидагилардир:
биринчи, ер участкаси ёки унинг бир қисми давлат ва жамоат эҳтиёжлари, шунингдек, инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун олиб қўйилиши Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ёки тегишли халқ депутатлари Кенгашлари қарорига биноан амалга оширилади. Ўзбошимчалик билан қурилган иморатни бузиб ташлаш эса суднинг қарорига биноан амалга оширилади.
иккинчидан, ер участкаси ёки унинг бир қисми давлат ва жамоат эҳтиёжлари, шунингдек, инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун олиб қўйилиши натижасида тегишли тартибда ер участкаси эгаларига, кўчмас мулк мулк мулкдорларига компенсация тўлиқ тўлаб берилади. Ўзбошимчалик билан қурилган иморатни бузиб ташлашда эса ҳеч қандай компенсация тўлаб берилмайди.
учинчидан, Ўзбошимчалик билан иморат қурган шахсга ўзининг ҳисобидан ўзбошимчалик билан қурилган иморатни бузиб ташлаш мажбурияти юклатилади.
Ер участкаси ёки унинг бир қисми давлат ва жамоат эҳтиёжлари, шунингдек, инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун олиб қўйилаётган ер участкаси эгаларига, кўчмас мулк мулк мулкдорларига эса бундай мажбурият юклатилмайди.
Ориф Муҳаммадиев
Самарқанд вилоят адлия
бошқармаси етакчи маслаҳатчиси