Янгиликлар
АДЛИЯНИНГ ЁРДАМИ БИЛАН ФУҚАРОНИНГ НАФАҚАСИ ТИКЛАНДИ
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 13 апрелдаги “Давлат ҳуқуқий сиёсатини амалга оширишда адлия органлари ва муассасалари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига асосан, фуқароларнинг бузилган ҳуқуқларини мурожаатлар ва мониторинглар асосида аниқлаш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш адлия органлари фаолиятининг устувор вазифаларидан бири сифатида белгиланган.
Ушбу вазифалар ижросини таъминлашда Оқдарё туман адлия бўлими томонидан асосий эътибор фуқароларнинг бузилган ҳуқуқларини мурожаатлар асосида ҳал қилишга қаратилмоқда.
Жумладан, бўлим томонидан фуқаро Б.Ибрагимованинг МФЙ мансабдор шахслари томонидан 2 ёшгача бола парвариши нафақаси асоссиз равишда тўхтатиб қўйилганлиги ҳақидаги мурожаати тегишли мутахассислар жалб қилинган ҳолда ўрганиб чиқилди.
Ўрганишда, “Авазали” МФЙ нафақа тайинлаш комиссиясининг 2019 йил 30 август кунги 8-сонли йиғилиш баёнига асосан Б.Ибрагимовага 2019 йил сентябрь ойидан 2020 йил сентябрь ойига қадар 2 ёшгача бола парвариши нафақаси тайинланиб, ушбу ойларда жами 1 млн. 368 минг сўм нафақа ва компенсация пуллари тўланиб, 2019 йил декабрь ойидан нафақа пули ҳеч бир ҳужжатларсиз асоссиз равишда тўхтатилганлиги аниқланди. Ўз навбатида ушбу ҳолат МФЙга бириктирилган туман бандликка кўмаклашиш маркази меҳнат инспектори Ж.Шарипов томонидан нафақа пули тўланишининг белгиланган тартибига риоя этилишининг мониторинги олиб борилмаган.
Мурожаатни ўрганиш давомида, “Авазали” МФЙ раиси С.Ҳайитмуродов ва масъул котиби М.Омоновлар томонидан 2019 йил декабрь, 2020 йил январь ва февраль ойлари учун Б.Ибрагимовага асоссиз равишда тўланмаган 1 млн. 396 минг сўм нафақа ва компенсация пуллари ихтиёрий равишда унинг пластик картасига ўтказиб берилиб, 2020 йилнинг март ойидан унга нафақа пули тўланиши тикланди.
Ўрганишда аниқланган қонунбузилиши ҳолатларига йўл қўймаслик, унинг келиб чиқиш сабаблари ва бунга имконият яратиб бераётган шарт-шароитларни бартараф этиш тўғрисида “Авазали” МФЙ Кенгаши ва туман аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази директори номига тақдимномалар киритилди.
Оқдарё туман адлия бўлими
етакчи маслаҳатчиси
Маъруфжон Рўзиев