Янгиликлар
COVID-19: ЎЗБЕКИСТОНДА ТАДБИРКОРЛАРНИНГ КЕЙИНГИ ҲАРАКАТЛАРИ УЧУН ЭСЛАТМА
COVID-19 коронавирус пандемияси мавжуд шартномаларингиз доирасида юзага келган муносабатларингизга шартномаларни бажариш ва жавобгарликдан озод бўлиш нуқтаи назаридан ўз таъсирини ўтказиши мумкин. Бундай ҳолатлар ҳар қандай шартномавий муносабатларга ва бозорнинг ҳар қандай иштирокчиларига таъсир қилиши эҳтимоли мавжуд.
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳамда CENTIL юридик фирмаси ҳамкорликда маҳаллий тадбиркорлар, фермерлар, импорт ва экспорт жараёни иштирокчилари ҳамда бошқа хўжалик юритувчи субъектлар учун объектив мураккаб шароитда уларни ҳимоя қилиш мақсадида мазкур эслатма ишлаб чиқилди.
1. Бизнинг бизнесимизга COVID-19 туфайли зарар етмоқда. Кредитлар, етказиб берувчилар, ижара ва бошқалар учун тўловларни тўхтатиб туришимиз мумкинми?
Бундай қила олмаслигингиз эҳтимоли юқорироқ. Шартнома шартларини диққат билан ўқинг. Агар сизнинг шартномангизда форс-мажор ҳолатлари, айниқса, эпидемияларнинг бошланиши ва уларнинг ўзига хос оқибатлари тўғрисида батафсил ёзилмаган бўлса (тажрибага асосланиб, биз улар ёзилмаган, деб таҳмин қиламиз), катта эҳтимол билан, сиз ҳатто эпидемия каби назорат қилиш имконсиз бўлган ҳолатларни ҳам шартнома бўйича мажбуриятларни бажармаслик учун асос сифатида фойдалана олмайсиз. Гап шундаки, маблағ етишмаслиги ёки контрагентлар томонидан мажбуриятларнинг бажарилмаслиги форс-мажор ҳолатлари эмаслиги Фуқаролик кодексида тўғридан-тўғри кўрсатиб ўтилган.
Шу билан бирга, Давлат активларини бошқариш агентлиги умумий овқатланиш, туризм корхоналаридан, ўқув марказларидан ва ушбу карантин даврида фаолияти тўхтатилган бошқа корхоналардан давлат мулкини ижарага олганлик учун ҳақ олинмаслигини эълон қилди. Таъкидланишича, инвесторлар инвестиция мажбуриятларини бажаришларини кечиктиришлари мумкин. Бундан ташқари, Марказий банк томонидан барча тижорат банкларига пул маблағлари оқимлари пасайиши кузатилаётган ва лойиҳаларини амалга ошириш бўйича кечикиш пайдо бўлган корхоналар томонидан кредитларни қайтаришни узайтириш имкониятларини ўрганиш тавсия қилинди.
2. Ҳа шундай, аммо бизда форс-мажор шарти ёритилган. У бизга ёрдам берадими?
Бундай ҳолатда барчаси унинг батафсил ёзилганлигига боғлиқ бўлади. Агар ушбу шартда эпидемия юзага келганида, шартномаларнинг ижроси тўхтатиб қўйилиши аниқ кўрсатилган бўлса, унда сиз бажариш муддатини кечиктиришингиз мумкин. Шуни унутмангки, форс-мажор бу биринчи навбатда шартномани амалда бажариш имконсизлигидир, ресурслар ёки истакларнинг етишмовчилиги эмас.
Масалан, бош ҳисобчи ёки директорнинг карантинга жойлаштирилиши ва давлат идоралари томонидан уларнинг банк ҳисоб рақамига кириш учун электрон калитлар билан қўл телефонларини олиб қўйилиши бунга яққол мисол бўлиши мумкин. Бундай ҳолда объектив ҳолатлар сабабли шартномани бажариш имконсизлиги кўриниб туради. Баъзи йирик шартномаларда Material Adverse Effect бобларига - яъни, харажатларни қоплаш, шартномаларни тўхтатиб туриш ва ҳатто бекор қилишгача бўлган шартларини келтириб чиқарувчи форс-мажор ҳолатларининг оқибатлари кўрсатиб ўтиладиган ҳаволалар мавжуд бўлиши мумкин.
3. Агар форс-мажор шарти мавжуд бўлмасачи?
Бу унчалик муҳим эмас. Бундай ҳолда Фуқаролик кодексидаги (333-модда) умумий шартлар ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2005 йил 15 февралдаги 63-сон қарори қўлланилади. Қандай бўлмасин, ёдда тутиш лозимки, форс-мажор ҳолатлари сиз билан ҳар доим ҳам фикри бир жойдан чиқмаслиги мумкин бўлган контрагент билан музокаралар мавзуси бўлиб, бундай ҳолатда низони барча жиҳатларни инобатга олган ҳолда суд ҳал қилади. Шунингдек, таъкидлаш лозимки, Фуқаролик кодексига биноан, қарздорнинг контрагентлари томонидан мажбуриятларнинг бузилиши, шунингдек, бозорда зарур товарларнинг ва қарздорда зарур маблағларнинг йўқлиги форс-мажор ҳолатлари саналмайди.
4. Бизда ҳақиқатан ҳам маблағ йўқ ва етказиб берувчилар панд берди. Бу ҳолда нима қилиш керак?
Келишиш керак. Кўп ҳолларда масала шундай ечилади. Бунда, шунингдек, кредитни қайта кўриб чиқиш, етказиб бериш муддатларини, тўлов муддатларини, лойиҳа параметрларини, маҳсулот кўрсаткичларини ўзгартириш лозим. Шунда, эҳтимол, контрагент сизга ёрдам беради ва шартномалар бўйича жарима қўлламайди. Ҳар қандай ҳолатда ҳам, барча янги келишувларни шартномаларга киритиладиган ўзгартиришларда имкон қадар батафсилроқ акс эттириш лозим.
5. Биз Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги томонидан бериладиган форс-мажор сертификати ҳақида эшитдик. Бу ёрдам берадими?
Ҳа, бу ёрдам бериши мумкин. Таъкидлаш лозимки, сертификатлар фақат ташқи иқтисодий шартномалар бўйича берилади ва бундай сертификат 1-2 кун ичида берилади. Мазкур ҳаволада контактлар ҳамда сертификатларни бериш тартибининг тавсифи кўрсатилган. Ишнинг натижаси форс-мажор ҳолатлари ва шартномани бажармаслик оқибатларининг шартлари қай даражада батафсил баён қилинганига боғлиқ бўлади. Эҳтимол, сизнинг келишувингизга биноан эпидемияларнинг бошланиши форс-мажор ҳолати деб ҳисобланиши мумкин ва бу келишув томонларни мажбурият ва жавобгарликдан озод қилади.
6. Шартнома бўйича қўлланиладиган қонунчилик Ўзбекистон қонунчилиги бўлмасачи?
Агар сизнинг ташқи иқтисодий шартномангиз бўлса, у Ўзбекистон қонунчилиги билан тартибга солинмаслиги мумкин. Бундай ҳолда, форс-мажор ҳолатлари юзага келиши билан боғлиқ масалалар келишув орқали танланган мамлакат қонунчилиги билан ҳал қилинади. Сизга контрагентингиз билан боғланишингизни ва уларнинг мамлакатида форс-мажор ҳолатлари юз берганлиги тўғрисида расмий эълон берилганлигини аниқлаштиришингизни маслаҳат берамиз.
7. Ерни ижарага бериш шартномалари, давлатга пахта хом ашёси ва мева-сабзавот маҳсулотларини етказиб бериш тўғрисида нима дейиш мумкин?
Стандарт етказиб бериш шартномаларида, одатда, форс-мажор тўғрисида қоидалар мавжуд эмас. Бироқ, Фуқаролик кодексининг нормаларидан фойдаланиб, ўз манфаатларини ҳимоя қилишга ҳаракат қилиш мумкин. Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Фермерлар, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ерлари эгалари кенгашига мурожаат қилиш ёрдам бериши мумкин. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатасига мурожаат қилиш фойдали бўлиши мумкин.
Шу билан бирга, 2020 йил 1 октябргача бўлган даврда солиқ органлари вақтинча қийинчиликларни бошдан кечираётган хўжалик юритувчи субектларини мол-мулк солиғи, ер солиғи ва сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ тўловлари бўйича пеня ҳисоблашдан озод қилди ҳамда уларга нисбатан солиқ қарзларини ундиришни таъминлаш чораларини қўлламайдилар.
8. Мен контрагентга хабарнома юборишим керакми?
Албатта. Мавжуд вазият тўғрисида Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигининг COVID-19 бўйича расмий баёнотига таяниб ўз вақтида хабарномани тақдим қилиш шартномани бажаришда кечикишлар юзага келганда, музокаралар пайтида ва агар ушбу даражага етиб борса, суд жараёнида сизнинг фойдангизга яхши далил бўлиши мумкин. Хабарнома буюртма хат, факс ёки хабарнинг ҳақиқийлигини тасдиқловчи бошқа усул билан юборилиши мақсадга мувофиқ.
9. Бизда суғурта полиси бор бўлиши мумкин. Бу ёрдам берадими?
Эҳтимол. Буларнинг барчаси сизнинг суғурта қопламангизга боғлиқ. Агар бу бизнесни тўхтатилиш хавфи (business interruption) суғуртаси ёки импорт-экспорт хавфини суғурталаш бўлса, энди, эҳтимол, эпидемия ёки пандемия ҳолатларида суғурта қопламаси бўлган суғурта полисига мурожаат қилишнинг айни вақтидир. Ушбу суғурта турлари савдо-сотиқдаги ёки етказиб бериш занжиридаги узилишлар ёки транспорт марказларининг ёпилиши билан боғлиқ фавқулодда вазиятлар, карантин, транзит пайтида мусодара, эмбарго ва бошқа хатарлар туфайли келиб чиқадиган зарарларни қоплайди.
Шуни эсда тутиш лозимки, кўплаб суғурта полислари сизнинг бизнесингизни тўхтатиб қўйиш зарурати туфайли юзага келган "тижорат даромадининг ҳақиқий йўқотилиши" тўғрисидаги далилларни талаб қилади. Шунинг учун тўғридан-тўғри йўқотишларни ҳужжатлаштиришга тайёр бўлинг. Умуман олганда, суғурта ишларида жавоб тезлиги - асосий факторлардан бири. Шу сабабли, суғурта корхонасини суғурта ҳодисаси тўғрисида энг қисқа вақт ичида хабардор қилиш ва ҳужжатларни тўплашни бошлаш жуда муҳимдир.
10. Бизнинг контрагентимиз ўз рискларини суғурта қилгани маълум бўлди. Бу муаммони ҳал қиладими?
Ҳа, бу муаммони ҳал қилиши мумкин, аммо фақат сизнинг контрагентингиз учун. Унинг хавфлари суғурталаганлиги сиз шартномани бажармаслигингиз мумкин дегани эмас.
Шартнома ҳуқуқининг асосий тамойили - шартномалар бажарилиши керак.
Суғурталовчи ўз контрагентингизга етказилган зарарни қоплаганидан сўнг, контрагентнинг ҳуқуқлари унга суброгация деб аталадиган механизм орқали ўтади. Содда қилиб айтганда, суғурталовчи сизнинг контрагентингиз ўрнини эгаллайди ва бунинг оқибатида сизга қарши бўлган барча ҳуқуқларини қабул қилиб олади.
11. Карантин нима ва ким томонидан жорий этилади?
Карантин – бу инфекция тарқалишини, одамлар, транспорт воситалари, юклар ва бошқалар ҳаракатини чеклаш чора-тадбирлари. Карантинни чегара назорат пунктларида жорий этилган санитар-карантин назорати билан адаштираслик лозим. " Аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги тўғрисида"ги қонунга мувофиқ, чекловчи тадбирлар (карантин) – юқумли ва паразитар касалликлар тарқалишининг олдини олишга қаратилган, хўжалик фаолияти ва бошқа фаолиятнинг алоҳида тартибини, аҳоли, транспорт воситалари, юклар ва (ёки) товарлар ҳаракатланишининг чекланишини назарда тутадиган маъмурий, тиббий-санитария чора-тадбирлари ва бошқа чора-тадбирлар.
Карантин Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси (Қорақалпоғистонда Вазирлар Кенгаши) ва маҳаллий ҳокимият органлари томонидан маълум бир объект ёки ҳудудга нисбатан жорий этилиши мумкин; улар карантинни амалга ошириш муддатлари ва тартибини ҳам белгилайдилар. Мамлакатимизда карантин Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 26 мартдаги 176-сон қарори билан расман жорий этилди.
12. Карантин пайтида иштирокчилар ва акциядорлар умумий йиғилишини чақиришимиз керак. Буни қандай амалга ошириш мумкин?
Буни масофадан туриб амалга оширишингиз мумкин. Масъулияти чекланган жамиятларда учрашувларни масофадан туриб алоқа воситалари ёрдамида ўтказиш мумкин. Акциядорлик жамияти билан боғлиқ вазият анча мураккаброқ, чунки учрашувларни масофадан туриб ўтказиш тақиқланмаган бўлса-да, акциядорларни аниқлаш ва иштирок этувчи акциядорларнинг сайлов бюллетенига имзо қўйиш зарурати учрашувларни жисмоний иштироксиз ўтказишга имкон бермайди. Маълумот учун, Ўзбекистон Республикаси Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги барча акциядорлик жамиятларини коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш мақсадида барча режалаштирилган умумий акционерлик учрашувларини кечиктиришга чақирмоқда.
13. Кечиктирилган валюта тушумлари билан қандай йўл тутиш лозим?
Сизнинг экспорт шартномаларингиз доирасидаги тушумлар 120 кун (баъзи ҳолларда, 180 кун) ичида тушиши шарт. Кечиктирилган тақдирда, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 30 сентябрдаги 416-сон қарорига мувофиқ, жуда жиддий санксияларга дучор бўлишингиз мумкин. Бироқ, айнан шу қарорда форс-мажор ҳолатлари юзага келганда санкциялар қўлланилмаслиги таъкидланган. Шу муносабат билан, контрагентдан уларнинг мамлакатида карантин қўлланилишининг ёки эпидемия эълон қилинишининг расмий тасдиғини олиш жуда муҳимдир.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Президентнинг 2020 йил 19 мартдаги ПФ-5969-сон фармонига мувофиқ, муайян чеклашлар билан кафолат тўловини таъминламасдан товар экспорт қилинишига рухсат берилди. Шу билан бирга, 2020 йил 1 октябрга қадар ташқи савдо операцияларидан муддати ўтган дебиторлик қарздорликлари учун корхоналарга жарималарни қўллаш тўхтатилди.
14. Бўлғуси шартномаларда қандай йўл тутиш лозим?
Ҳозирги пандемия шароити шартнома ва қонун-қоидаларни ишлаб чиқишда албатта чуқур из қолдиради. Келажакда шартномалар имзолаш пайтида биз томондан Ўзбекистондаги мижозлар учун махсус ишлаб чиқилган COVID-19 шартини шартномада ёритишни тавсия қиламиз. Мазкур шарт қуйида илова қилинади.
15. Ҳа, барчаси осон эмас. Бундай пайтларда давлат ёрдам бериши керак эмасми?
Албатта. Айнан шундай қийин пайтларда барқарорликнинг ягона ишончли манбаи сифатида давлат аппарати ишининг асосий жараёнлари ишга тушади. Президент Ш.Мирзиёев 2020 йил 19 мартдаги ПФ-5969-сон фармони билан, энг аввало, эпидемияга қарши курашиш, ижтимоий қўллаб-қувватлаш, шунингдек, фоизсиз кредитлар бериш, транспорт харажатларини қоплаш орқали тадбиркорлик субъектларини қўллаб қувватлашга қаратилган 10 триллион сўм миқдорида Инқирозга қарши курашиш жамғармасини ташкил этди.
Шу билан бирга, Ҳудуд ва тармоқларда экспорт салоҳиятини ривожлантириш масалалари бўйича Республика комиссияси транспорт харажатларини қоплаш учун субсидиялар тақдим этиши мумкин - бунинг учун Инвестиция ва ташқи савдо вазирлигига мурожаат қилиш лозим. Бундан ташқари, жорий йил учун айрим солиқ турлари ва бюджетга ажратмалар сезиларли даражада камайтирилди.
COVID-19 шарти Агар Томонлар мажбуриятларини бажариш имконсизлиги коронавирус инфекцияси (COVID-19) пандемияси ва (ёки) Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан пандемия деб эълон қилинган ёки қилинмаган ҳар қандай бошқа эпидемия ва касалликлар келиб чиқиши натижасида бўлган, ва шу сабабли давлат органлари томонидан мажбуриятларнинг бажарилишини чеклайдиган ҳаракатлар ва қарорлар қабул қилинган, Томонлар олдиндан кўра олмайдиган ва оқилона чора тадбирлар билан уни олдини олиши иложсиз бўлган ҳолларда (бундан буён «Махсус Форс-мажор ҳолатлари» деб аталади) Томонлар мазкур Шартнома бўйича мажбуриятларнинг бажарилмаганлиги ёки лозим даражада бажарилмаганлиги учун жавобгарликдан озод қилинади. Бундай ҳолларда Томонлар Шартнома бўйича мажбуриятларини тўла ва оқилона бажариш учун барча мавжуд ўзларига боғлиқ бўлган чораларни қўллаши лозим.
Томонлар Махсус Форс-мажор ҳолатлари пул маблағ тушумларига, учинчи шахслар томонидан амалга ошириладиган, товар ва хизматлар тушумига таъсир қилиши ва шунингдек, Махсус Форс-мажор ҳолатларига дучор бўлган Томонга салбий иқтисодий оқибатлар олиб келиши мумкинлигини тушунади ва рози бўлади. Шу сабабли, Махсус Форс-мажор ҳолатларига дучор бўлган Томонда пул маблағлари, бошқа манбалари етарли бўлмаган ёки ушбу мажбуриятларининг бажарилиши учинчи шахслар томонидан товар ёки хизматлар етказиб берилиш муддатларидаги узилиш туфайли ва Томон шу ҳақида бошқа Томонни мажбуриятни бажариш учун белгиланган муддатдан [●] кун олдин мажбуриятни бажаришдаги кутилаётган кечикиш муддатини кўрсатган ҳолда ёзма равишда огоҳлантирган тақдирда, Томон ушбу шартнома бўйича мажбуриятларнинг бажарилишини кечиктириш ҳуқуқига эга. Агар иккинчи Томон таклиф этилган кечикиш муддатига рози бўлмаса, Томонлар биргаликда қабул қилинган қарор билан кейинги ҳаракатларни белгилашлари шарт.
Махсус Форс-мажор ҳолатларининг юзага келиши туфайли ўз мажбуриятларини бажармаган Томон бошқа Томонни мажбуриятларнинг лозим даражада бажарилишига таъсир даражасини кўрсатиб, унинг бошланиши ва/ёки тугатилиши санасидан бошлаб [●] кундан кечиктирмасдан бундай ҳолатларнинг содир бўлиши ва/ёки тугатилиши ҳақида ёзма равишда хабардор қилиши шарт. Агар Махсус Форс-мажор ҳолатлари кетма-кет [3 (уч)] ойдан ортиқ вақт мобайнида амал қилган бўлса ва уларнинг тугатилиши белгилари бўлмаса, Томонлар кейинги ҳаракатларни биргаликда қарор қабул орқали белгилайдилар.
Агар Томонларнинг бирортасининг Махсус Форс-мажор ҳолатлари туфайли ўз мажбуриятларини қисман ёки тўлиқ бажара олмаслиги [6 (олти)] ойдан ортиқ давом этса, ушбу Томон келишувни бир томонлама тартибда бекор қилиш ҳуқуқига эга. Томон мажбуриятларининг бажарилишига таъсир даражасини кўрсатиб, Махсус Форс-мажор ҳолатлари ҳақида иккинчи Томонни ўз вақтида ёзма равишда хабардор қилмаса, ушбу Томон мажбуриятларни бузганлик учун жавобгарликдан озод қилиниши учун асос сифатида Махсус Форс-мажор ҳолатларининг амал қилишига таяниш ҳуқуқидан маҳрум этилади.
Ушбу эслатма COVID-19 инқирози туфайли келгуси ҳаракатлар ҳақида умумий тушунча бериш мақсадида тайёрланган. Ушбу материал ҳуқуқий консалтинг маҳсулоти сифатида талқин қилинмаслиги керак. Ҳар бир алоҳида ҳолат мутахассисларни жалб қилган ҳолда алоҳида ўрганиб чиқилиши керак.
CENTIL иқтисодиётнинг асосий йўналишларида инвестиция лойиҳалари бўйича консалтинг хизматларини кўрсатувчи Марказий Осиёдаги энг йирик юридик фирмалардан бири ҳисобланади.
Фирма Англия ва Уэльс Ҳуқуқшунослар Жамиятининг нуфузли "Халқаро-ҳуқуқий касбда ёрқин ютуқлари учун” деб номланувчи мукофотга 2016 ва 2018 йилларда муносиб топилган Марказий Осиёдаги ягона фирма ҳисобланади ва шу билан бирга, нуфузли The Lawyer European Awards мукофотининг “Йил фирмаси: Украина, Россия ва МДҲ” номинациясида 2017, 2018 ва 2019 йиллардаги финалчиси ҳисобланади.