Bog'lanish

Telefon
(+998 66) 233-13-59

Elektron manzil
samarqand@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

27

ПАНДЕМИЯГА ҚАРШИ КУРАШИШДА МУҲИМ ҲУҚУҚИЙ АСОС


  Олий Мажлис Сенатининг учинчи ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-процессуал кодексларига ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун маъқулланган эди.
Мазкур қонун давлатимиз раҳбари томонидан 2020 йил 26 март куни имзоланди ва матбуотда эълон қилинди.
Маълумки, бугунги кунда инсониятга коронавирус инфекцияси жиддий хавф солмоқда. Шу муносабат билан мамлакатимизда ҳам бу хатарни бартараф этиш учун барча зарур чоралар кўрилмоқда.
  Мазкур қонунга кўра “Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-процессуал кодексларига ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига бир қатор ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
  Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 2445-моддаси яъни, карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар тарқалиши ҳақида ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумотларни тарқатиш;
  Мазкур модданинг 2-қисми санкциясида базавий ҳисоблаш миқдорининг икки юз бараваридан тўрт юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз соатдан уч юз олтмиш соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд икки йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки уч йилгача озодликни чеклаш ёки уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Ушбу кодекснинг 2571-моддаси, хусусан, карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар пайдо бўлиши ва тарқалиши шароитида Давлат санитария назорати органларининг тиббий текширувдан ва даволанишдан ўтиш, карантинни ўташ учун белгиланган жойларга етиб бориш ва ушбу жойни белгиланган муддат давомида тарк этмаслик, касаллик юқиши мумкин бўлган даврда мулоқотда бўлган шахслар ва борган жойлар ҳақидаги маълумотларни ошкор қилиш тўғрисидаги ёки бошқа қонуний талабларини узрли сабабларсиз бажармаслик одамларнинг оммавий касалланиши ёки заҳарланиши реал хавфини келтириб чиқарган ҳолларда жавобгарлик белгиланди.
Шунингдек, жиноий жавобгарликни кучайтириш мақсадида мазкур модданинг 3-қисмидаги 5 йилдан 8 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазо муддати 7 йилдан 10 йилгача этиб белгиланган.
Булар карантин тўғрисида аҳоли орасида асоссиз ваҳима тарқалишининг олдини олиш, жамоат хавфсизлигини таъминлаш ҳамда мутасадди идораларнинг нормал фаолият юритиши учун шароит яратиш, қолаверса, бу борада олиб борилаётган ишларни тўлақонли амалга ошириш ҳамда ушбу соҳада жавобгарликни кучайтириш мақсадида киритилган.
Шу билан бирга, мазкур Қонун билан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ҳам ўзгартиш ва қўшимчалар билан тўлдирилди.
Амалдаги кодексда санитария ёки эпидемияларга қарши курашиш қоидаларини бузишга оид ҳуқуқбузарлик содир этган шахсга нисбатан, агар ушбу шахсда касаллик аломатлари мавжудлиги ёки мавжуд бўлиши мумкинлиги тўғрисида етарли асослар бўлган тақдирда, мажбурий тиббий чоралар қўллаш учун ҳуқуқий асослар мавжуд эмас эди.
Ушбу киритилаётган ўзгартиш эса санитария ва эпидемияларга қарши курашиш қоидаларини бузган ва айни пайтда, касалликнинг янада кенгроқ тарқалишига сабабчи бўлиши мумкин бўлган шахсни жамиятдан ажратган ҳолда мажбурий равишда даволаш имкониятини беради.
  Тинч шароитда соҳада суиистеъмолчиликларга йўл қўймаслик мақсадида ушбу чораларни айнан шу карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар пайдо бўлиши ва тарқалиши шароитида қўллаш мумкинлиги ҳақидаги қоида киритилган. Бу билан кодекснинг 3-боби “Маъмурий жазо ва мажбурлов чораси” этиб белгиланиб, 292-моддаси билан тўлдирилди.
Карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар пайдо бўлиши ҳамда тарқалиши шароитида эпидемияларга қарши кураш қоидаларини бузишга оид ҳуқуқбузарлик содир этган шахсга нисбатан тегишли тиббий асослар мавжуд бўлган тақдирда давлат санитария назорати органлари томонидан карантинда сақлаш ёки даволаниш тарзидаги тиббий йўсиндаги мажбурлов чораси қўлланилиши мумкин.
Тиббий йўсиндаги мажбурлов чораси ўттиз суткагача бўлган муддатда маъмурий жазо тайинлаш билан бирга қўлланилади ҳамда давлат санитария назорати органлари томонидан белгиланган жойларда ижро этилади.
  Тиббий йўсиндаги мажбурлов чорасининг ижроси давлат санитария назорати, ички ишлар ва Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси органлари томонидан таъминланади.
Яна бир жиҳат, жамоат жойларида ниқобсиз юрганлик учун жарималар солиниши ҳам белгиланган.
Бундан ташқари, карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар пайдо бўлиши ва тарқалиши шароитида шифохонадаги ички тартибга риоя этмаслик ҳамда Давлат санитария назорати органларининг тиббий текширув ва даволанишдан ўтиш, карантинни ўташ учун белгиланган жойларга етиб бориш ва ушбу жойни белгиланган муддат давомида тарк этмаслик, касаллик юқиши мумкин бўлган даврда мулоқотда бўлган шахслар ва борган жойлар ҳақидаги маълумотларни ошкор қилиш тўғрисидаги ёки бошқа қонуний талабларини узрли сабабларсиз бажармаганлик учун ҳам жарималар белгиланди.
Шунингдек, мазкур қонун билан Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар ва Миллий гвардия органларига эпидемияларга қарши кураш қоидаларини бузиш ҳуқуқбузарлигини содир этган шахсларни маъмурий йўл билан ушлаб туриш ваколати берилди.
Мухтасар қилиб айтганда, қонуннинг ҳаётга татбиқ этилиши бугунги кунда бутун дунёда глобал муаммо бўлиб турган пандемия тарқалишининг олдини олиш ва бартараф этишда ўзининг муҳим аҳамиятини касб этиб, хуқуқий асоси сифатида хизмат кўрсатади.
 

Даврон Ашуров.
Иштихон туман адлия
 бўлими бош маслаҳатчиси