Bog'lanish

Telefon
(+998 66) 233-13-59

Elektron manzil
samarqand@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

28

ХИЁНАТКОРЛАР БЎЛМАЙЛИК!


  Жорий йилнинг 15 март куни соат 06.00да Республика вирусология институти лабораториясида Францияда бўлиб қайтган бир нафар Ўзбекистон фуқаросида COVID-19 коронавирус инфекцияси аниқланди. Бу хабар тезда ижтимоий тармоқлар ҳамда оммавий ахборот воситалари орқали бутун Республикамиз бўйлаб ёйилди, одамлар огоҳликка ва бутун дунё миқёсида авж олаётган касалликка қарши курашишга чақирилди. Касалликнинг ўлкамизда кенг тарқалиб кетишига йўл қўймаслик учун қатъий чоралар белгиланди. Шу кундан бошлаб Ўзбекистонга кириш ва Ўзбекистондан чиқиш тақиқланди. Биринчи навбатда, 16 мартдан бошлаб барча давлат, нодавлат, ва хусусий таълим муассасалаларида, боғча, мактаб, коллеж, лицей, ва ОТМларда муддатдан олдин таътил эълон қилинди ва ўқишлар тўхтатилди.
  Халқимиз коронавирусдан ҳимояланиш бўйича Жаҳон Соғликни Сақлаш Ташкилоти берган тавсиялар билан тинимсиз таништириб борилди. Тошкентдаги ОТМларда ўқиётган талабаларни уйларига қайтишлари учун имтиёзли йўл чипталари ҳамда сайёр кассалар, ҳаттоки бепул автобуслар ташкил қилинди. Таълим соҳасида ишлаётган ходимларга ўртача иш ҳақини сақлаган ҳолда меҳнат таътили берилди. Мактаб ўқувчилари ва талабаларга телевидение ҳамда ижтимоий тармоқлар орқали онлайн дарслар ташкил қилинди.
  Карантин даврида халқимиз қийналмаслиги учун озиқ-овқат маҳсулотларининг нархлари сунъий равишда ошмасиги доимий назорат қилиб борилди ҳамда арзонлаштирилган озиқ-овқат маҳсулотларини сотиш йўлга қўйилди.
Кўпгина ташкилот ходимларига уйда ўтириб ишлашлари учун шарт-шароитлар яратиб берилди, уларнинг ойлик маошлари вақтида тўлаб борилиши белгиланди.
Президентимиз Фармони билан Молия вазирлиги ҳузурида 10 трлн.сўм ҳажмидаги Инқирозга қарши жамғарма тузилди. Коронавирусга қарши курашишга қарийб 5 ярим минг нафар тиббиёт ходими жалб этилди. Улар моддий-маънавий жиҳатдан алоҳида қўллаб-қувватландилар.
  Коронавирус таъсири энг юқори бўлган иқтисодиёт тармоқларига солиқ таътиллари ва кредит қарзлари бўйича имтиёзлар берилди. Карантин даврида карантин қоидаларига риоя қилиш ҳар бир фуқародан қатъий талаб қилинди. 23 мартдан бошлаб юртимиздаги тўй-маросимлар, оммавий тадбирлар тўхтатилди. Шунингдек, транспорт ҳаракатлари чекланди, шахсий автомашиналар қатновига чек қўйилди. Юқоридаги қоидаларни бузган шахсларга нисбатан тегишлича жавобгарлик белгиланди.
  Хориждан ўз вақтида юртимизга қайтиб келолмаган фуқароларга чартер рейслар орқали мамлакатимизга қайтиш имкони берилди ва 14 кунлик изоляцияга олинди. Карантин даврида аҳолининг ёрдамга муҳтож қатламига ёрдам бериш, уларнинг ҳолидан хабар олиш, зарур озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлашга эътибор қаратилди. Оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда коронавируснинг бошқа мамлакатларда тарқалиш кўрсаткичлари, кўрилаётган чора-тадбирлар, касалликнинг аянчли оқибатлари тўғрисидаги кўрсатувлар, роликлар ва хабарлар мунтазам ёритиб келинмоқда. Деярли ҳар куни телевидениеда карантин даври, касаллик билан боғлиқ жараёнларни ёритиш мақсадида брифинглар ўтказилмоқда. Хусусан, Италия, Испания ва Америка Қўшма Штатларида касалликнинг мудҳиш манзаралари бугунги кунда ҳеч кимга сир эмас. Ўзбекистон Республикасида амалга оширилган ишлар, ўз вақтида кўрилаётган қатъий чора-тадбирлар жаҳон ҳамжамияти томонидан ҳам юксак эътироф этилди.
  Хўш, биз, фуқаролар, ҳукуматимизнинг ғамхўрлигини тўлиқ тушуниб етяпмизми? Биз учун, ўзимизнинг соғлигимиз учун кўрилаётган чора-тадбирларни қўллаб-қувватлаяпмизми? Яратилган шарт-шароитларни қадрлаяпмизми?
Афсуски, бунга баланд оҳангда ҲА деб жавоб бериб бўлмайди. Хусусан, кўчада маскасиз юриш, рухсатномаси бўлмаган шахсий автомашинада ҳаракатланиш, вазиятдан фойдаланиб айрим маҳсулотларнинг нархларини ошириш, ҳаттоки, тўйлар ўтказиш ҳоллари кузатиляпти. Айрим кишилар ҚИРҚ ЙИЛ ҚИРҒИН КЕЛСА АЖАЛИ ЕТГАН ЎЛАДИ ёки КАСАЛЛИК МЕНИ ЧЕТЛАБ ЎТАДИ қабилида иш юритаётганлари аянчли ҳолдир. Бу борада Президентимиз Шавкат Мирзиёев шундай дейдилар: ”Бир нарсани аниқ тушуниб олиш лозим. Бизда касалланганлар сони кам, хавотирга ўрин йўқ, деб хотиржам бўлиш хиёнатдир”.
  Шунингдек, Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Нуриддин Холиқназаров муаддас динимизда ҳам бало-қазо келганда ҳимояланиш, давлат раҳбарининг кўрсатмаларига қатъий итоат қилиш кераклигини, ўзини кўринмас душмандан ҳимоя қилмаган, хотиржам юрган кишилар ўз оиласи, ўз яқинлари, ўз халқига нисбатан хиёнаткор эканлигини таъкидлаб ўтдилар. Дарҳақиқат, жонкуярлик билан айтилган бу гаплар, қилинаётган амаллар ҳаммаси бизнинг соғлигимизни, хотиржамлигимизни ўйлаш натижасидадир. Бир қатор ташкилотлар, хусусан, тиббиёт ходимлари, кечаю кундуз бизнинг соғлигимиз учун оиласи, яқинлари, хотиржамлиги, иссиқ ўрнидан воз кечиб фидойилик билан меҳнат қилаётган, тўғрироғи, жанг майдонида кўринмас душман билан курашаётган бир даврда, биздан фақат битта нарса УЙДА ҚОЛИШ сўраляпти холос. Шунда ҳам биз уйда зерикиб қолмаслигимиз учун ҳам бир қатор тадбирлар қилиняпти.
  Биз-чи? Наҳотки ўзимизнинг соғлигимизни ўйлаб биздан сўралган шу оддий ишни ҳам қилиш қўлимиздан келмаса? Ахир, қадимда ҳам вабо тарқалган даврда одамлар қўрққанларидан кўчага чиқишмаган, гарчи карантин эълон қилинмаса ҳам, меҳнат таътили берилиб иш ҳақи тўланмаса ҳам. Бунинг устига, электр, газ, телевидение, интернет деген гаплар ҳам бўлмаган-ку ўша даврларда. Наҳотки бизда озгина сабр-тоқат йўқ, наҳотки соғлигимиз йўлида ўз маишатимиздан вақтинча кечиб туриш шунчалик мушкул бўлса? Наҳотки Италиядаги тобутлар колоннаси, юртимиздаги касалликнинг биринчи қурбони бўлган онахоннинг сўнгги йўлга ёлғиз равона бўлгани бизларга сабоқ бўлмаса? Наҳотки шуни тушуниш учун касаллик остонамизга кириб келиши шарт бўлса?
  Келинглар, ҳукуматимиз амалга ошираётган чора-тадбирларни қадрлайлик, талабларга сўзсиз бўйсунайлик, биз учун меҳнат қилаётган фидойи инсонларга эҳтиром кўрсатайлик ва ўзимиз учун тўғри хулоса чиқариб олайлик!
 

ДИЛАФРУЗ СОЙИПОВА.
Самарқанд вилояти юридик коллежи
“Тил ўргатиш” кафедраси мудири.