Янгиликлар
Кононавирус пандемияси шароитида карантин қоидалари ва мажбуриятларимиз ҳақида нималарни биламиз?
“... азиз ҳамюртларим. Яна бир марта сизларга катта илтимос билан мурожаат қилмоқчиман. Ўзларингни сақланглар, ўзларингга эътибор беринглар. Фарзандларингни, қўшниларингни, оилаларингни, ота-оналарингни ўйланглар. Агар ўзларингга эътибор бермасаларинг, огоҳ бўлиб, тиббиёт ходимларининг айтганларини қилмасаларинг, қаттиққўллик, интизом, тартиб бўлмаса, бу касалликни осонлик билан енга олмаймиз”.
ШАВКАТ МИРЗИЁЕВ
Ўзбекистон Республикаси Президенти
Коронавирус падемияси, унинг оқибатлари, энг муҳими ушбу вирусни бартараф этишнинг чора-тадбирлари тўғрисида барча оммавий ахоброт воситалари орқали аҳолимизга тўхтовсиз маълумот, тушунтириш ва тавсиялар бериб бориш биргаликда вазиятдан келиб чиқиб муайян изчилликда коронавирус пандемиясини тарқалишини олдини олиш (бутунлай тўхтатиш) ҳамда фуқаролар манфаатлари, биринчи навбатда, уларнинг ҳаёти ва соғлигини ҳимоя қилиш мақсадида карантин ҳолати эълон қилиниб, бажарилиши барчамиз учун мажбурий бўлган қатъий чора-тадбирлар белгиланиб келинмоқда.
Мутахассисларнинг фикрича, коронавирус инфекциясига қарши вакцина топилмагани туфайли ҳозирда эпидемияга қарши курашнинг энг самарали усули – бу инсонларнинг ўзаро алоқадан тийилишидир, яъни уларнинг бир-бири билан бўладиган мулоқотни чеклашдир.
Бутун дунё, шу жумладан давлатимиз томонидан кўрилаётган чора-тадбирлар, шу жумладан ўрнатилаётган тақиқ-чекловлар ҳам инсонларнинг мулоқот қилишини чекланишига қаратилган бўлиб, бундан асосий мақсад шу йўл билан касалликнинг тарқалишига чек қўйиб, юзага келган эпидемиологик вазиятдан имкон қадар қисқа муддатда эсон-омон чиқиб кетишдир.
Бироқ, афсус билан айтиш мумкинки, ОАВ орқали мунтазам равишда маълумот ва тушунтиришлар бериб борилаётган бўлишига қарамасдан эътиборсизлик, лоқайдлик сабаб ёки “Бу касаллик менгача етиб келмаган, менга буни алоқаси йўқ, у ҳали узоқда”,- деган ўзини-ўзи алдовчи ҳиссиёт ёки касалликни юқтириб олиш хавфини менсимаслик кайфияти билан фуқароларнинг соғлиғи ва ҳаётини сақлаб қолиш мақсадида давлатимиз томонидан ўрнатилган ёки ўрнатилаётган тартиб-қоидаларга ҳамма вақт ҳам риоя қилмаяпмиз, яъни, ҳаётий заруратсиз кўчага чиқиш чекланган бўлсада, уч кишидан ортиқ бўлиб кўчада мақсадсиз сайр қилиб юрибмиз, нафақат сайр қилиб юрибмиз, яширинча бўлсада, у-бу сабаблар билан зиёфатларни ҳам уюштириб турибмиз, жамоат жойлари ҳисобланган бозор, дўконлар ва бошқа жойларда эса икки метрлик масофани (керак бўлса ундан ҳам кўпроқ масофани) сақламаяпмиз, ўзимиз лозим деб билсак, қариндошларникига ҳам меҳмондорчиликка бориб келиб-турибмиз ва бошқа шу каби ҳуқуқбузарликларни содир этаяпмиз. Буни аниқланган қоидабузарликлар сони (ҳозирги кунга қадар мамлакатимизда карантин ҳолати жорий қилинган кундан бошлаб жами 83 005 та ҳуқуқбузарликлар, шундан 7 251 таси вилоятимизда аниқланган) ҳам кўрсатиб турибди.
Ўрнатилган тартиб-қоидаларга риоя қилмаслик сабабларидан бирини айрим ҳолларда карантин ҳолати шароитида уларнинг мазмун-моҳиятини тўлиқ тушуниб етмаслик ва натижада фуқаронинг ҳуқуқбузарга айланиб қолишида деб изоҳлашимиз мумкин бўлади.
Бунинг натижасида илгари бажариб келган вазифаларига яна ўнлаб вазифалар қўшимча рақишда юклатилган ва масъулияти янада ошган, карантин ҳолатида ўрнатилган тартиб-қоидаларга риоя қилинишини назорат қилувчи идоралар ходимларини нафақат қонуний талабларини бажаришимиз, балки уларни хизматларини ҳурмат қилишимиз лозим бўлган бир пайтда улар билан тортишаяпмиз, жанжаллашаяпмиз, натижада ҳар иккала томонда ҳам асаб бузарлик ҳолатларини юзага келишига сабабчи бўлаяпмиз, яна ҳам ачинарлиси ҳокимият вакилининг қонуний талабларини бажармаслик ва унга тўсқинлик қилишда ифодаланган яна бир қоидабузарликни содир этишига сабабчи бўлиб қолаяпмиз.
Шу боис мамлакатимизда коронавирус инфекциясининг тарқалишини олдини олиш мақсадида эълон қилинган карантин ҳолати вақти – 2020 йил 16 март кунидан бошлаб бугунги кунга қадар ўрнатилган, мамлакатимиз аҳолиси томонидан бирдай амал қилиниши, яна ҳам аниқроғи бажарилиши мажбурий бўлган тартиб-қоидаларнинг мазмун-моҳияти ва уларни бузилиши эса муқаррар жавобгарликка сабаб бўлиши ҳақидаги маълумотларни яна бир бор эътиборларингизга қисқа, лўнда ва тушунарли тарзда етказишни мақсад қилдик.
Карантин - ўта хавфли юқумли касалликлар тарқалишини чеклашга қаратилган, эпидемияга (инфекцион касалликларнинг маълум ҳудудда, одатдагидан кўп тарқалиши) қарши маъмурий ва санитария тадбирлари мажмуи, маълум ҳудудни касаллик тарқатувчи манбадан муҳофаза қилиш ва уни йўқотишга ҳамда касалликнинг бир жойдан бошқа ҳудудларга тарқалиб кетишига йўл қўймасликка қаратилган профилактик тадбир ҳисобланади.
“Аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги тўғрисида”ги Қонунининг 3-моддасига кўра эса, “Карантин” ёки бошқача айтганда “чекловчи тадбирлар” – юқумли ва паразитар касалликлар тарқалишининг олдини олишга қаратилган, хўжалик фаолияти ва бошқа фаолиятнинг алоҳида тартибини, аҳоли, транспорт воситалари, юклар ва (ёки) товарлар ҳаракатланишининг чекланишини назарда тутадиган маъмурий, тиббий-санитария чора-тадбирлари ва бошқа чора-тадбирлардир.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йид 29 январьдаги
Ф-5537-сон Фармойиши билан Ўзбекистон Республикасига коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш бўйича чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича республика комиссияси ташкил этилиб (кейинги ўринларда Республика комиссияси деб юритилади), унинг асосий вазифалари белгилаб берилди ва бу комиссияга Ҳукуматимизнинг 2020 йил 23 мартдаги “Коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 176-сон қарори билан мамлакатимизнинг бутун ҳудудий бўйича амал қиладиган карантин ва ёки чекловчи тадбирларни киритиш бўйича ваколатлар берилди.
Шунга кўра, Республика комиссиясининг қарори билан халқаро ва мамлакатимиздаги вазият таҳлилидан келиб чиқиб, босқичма-босқич у ёки бу тақиқловчи, чекловчи тадбирлар жорий этиб борилмоқда.
Хусусан, жорий йилнинг:
21 мартдан эътиборан барча кўнгил очар объектлар фаолияти тўхтатилди, барча ноозиқ-овқат бозорлари ёпилди;
23 мартдан бошлаб тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросим сингари оммавий тадбирлар ўтказилиши бекор қилинди;
23 март куни соат 00:01 дан бошлаб Республика чегара ҳудудларидаги мавжуд чегара ўтказиш пунктлари барча шахслар учун (Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан чиқиб кетаётган бошқа мамлакат фуқароларидан ташқари) ёпилди;
24 мартдан бошлаб, Тошкент шаҳрига кириш ва чиқиш йўллари ёпилди, шундан сўнг қатор вилоятларда ҳам жамоат транспорти ҳаракати, шунингдек, вилоят ҳудудига кириш-чиқиш тақиқланди;
25 март куни соат 6:00 дан бошлаб жамоат жойларида ниқобсиз юрганлик учун жарима белгиланди;
27 март кунидан бошлаб, зарур бўлмаган ҳолларда (хизмат фаолиятини амалга ошираётган давлат органлари ва муассасалари ҳамда жамоат ташкилоти ходимларидан ташқари) уйдан ташқарига чиқиши чекланди, кўчада ва жамоат жойларида 3 кишидан ортиқ одамларнинг тўпланишига чеклов ўрнатилди, бу таъқиқ фақат бир вақтда ҳаракатланаётган оилага нисбатан қўлланилмайди.
30 мартдан шахсий автомобилда ҳаракатланиш тақиқланди, етказиб бериш хизматларини амалга ошириш учун автомобилларга махсус рухсатнома берила бошланди;
1 апрелдан эса 65 ёшдан катталарнинг заруриятсиз кўчага чиқишлари тақиқланди;
6 апрелдан «ўзини яккалаш» ҳаёт тарзи мажбурий равишда жорий этилди, мототранспорт (скутер) ҳамда велосипедда ҳаракатланиш чекланди, йирик деҳқон бозорлари ва савдо мажмуаларининг (супермаркет, гипермаркет ва бошқалар) кириш-чиқиш жойлари тегишли мутахассислар билан таъминлаган ҳолда пирометрлар ва антисептик воситалар билан жиҳозланди;
9 апрелдан эса автомобилларни бошқаришга стикер (рухсатнома) бериш бекор қилинди;
13 апрелдан агар кўчада пиёдалар бемақсад юрганлари аниқланса, ниқоб таққан ёки тақмаганларидан қатъий назар, огоҳлантиришсиз, маъмурий жавобгарликка тортилиши белгиланди;
савдо дўконлари ва дорихоналарда фуқаролар ижтимоий масофа, яъни
2 метр масофада бўлишлари таъминланиши шартлиги, агар бунга риоя этилмаса, дўкон эгалари ва харидорларнинг маъмурий жавобгарликка тортилишлари белгиланди.
Шунингдек, Ҳукуматимизнинг юқоридаги қарори билан коронавирус инфекцияси аниқланган шахслар - Республика комиссиясининг қарорларига, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги ва эпидемияга қарши курашишга жалб этилган бошқа давлат ташкилотларининг қонуний талабларига риоя этишга, Ўзбекистонга қайтиб келганлиги, коронавирус инфекцияси қайд этилган ҳудудларда бўлган вақти ва жойи тўғрисида зудлик билан соғлиқни сақлаш органларига маълумот беришга, ўзида касаллик аломатлари вужудга келганда касаллик юқиши мумкин бўлган даврда мулоқотда бўлган шахслар ва ҳаракатланиш йўналишлари ҳақида зудлик билан соғлиқни сақлаш органларига маълумот беришга, 14 кун давомида уйда ёки махсус белгиланган жойда изоляция шароитида бўлишга, санитария ва эпидемияга қарши курашиш қоидалари ва изоляция режимида бўлишга оид талабларга қатъий риоя этиш, шу жумладан тиббий ҳимоя воситаларини қўллаш ва жамиятда бир-бирлари орасида масофани сақлашга, соғлиқни сақлаш органлари томонидан тайинланадиган тиббий текширув ва даволанишдан ўтишга мажбур эканликлари ҳам белгилаб қўйилди.
Мазкур мажбуриятларга риоя қилмаслик нафақат маъмурий, балки жиноий жавобгарликни ҳам келтириб чиқариши мумкин.
Республика комиссияси қарори билан карантин ҳолати вазият таҳлилидан келиб чиққан ҳолда жорий йилнинг 10 май кунига қадар узайтирилди. Демак, ўрнатилган тартиб-қоидалар ҳам шу муддатга қадар амалда бўлади.
Қайд қилинган тартиб-қоидаларга риоя қилишнинг энг осон ва тўғри йўли – бу имкон қадар бошқалар билан мулоқотда бўлмаслик, заруратсиз кўчага чиқмаслик, яъни ҳар куни ўқтириб келинаётганидек “уйда қолишдир”.
Нодавлат нотижорат
бошлиғи Н.Сафаров