Янгиликлар
Жомбойда туман халқ таълими бўлими иқтисодчиси ва ҳисобчиси “ҳайфсан” олди
Фуқаролар ўзларининг бузилган ҳақ-ҳуқуқларини тиклаб беришни сўраб адлия идораларига тез-тез мурожаат қилишади. Жомбой туманидаги 42-умумий ўрта таълим мактаби фарроши С.Мусақулова ҳам туман халқ таълими бўлими томонидан ойлик иш ҳақидан унинг розилигисиз ушлаб қолинаётганлигидан норози бўлиб адлия идорасига мурожаат қилишга мажбур бўлди. Мазкур мурожаатни ўрганиш жараёнида ҳақиқатан ҳам, 42-умумий ўрта таълим мактаби томонидан 2019 йил декабрь ойида фаррош С.Мусақуловага 1 428 557 сўм ойлик иш ҳақи ҳисобланган ва тўлаб берилганлиги маълум бўлди. Бироқ орадан икки ой муддат ўтгандан сўнг фаррош С.Мусақуловага тўлаб берилган ойлик иш ҳақи нотўғри ҳисобланган деб топилиб, Меҳнат кодексининг 164-моддасининг 2-қисми 3-банди талаблари бузилган ҳолда С.Мусақулованинг 2020 йил февраль ойлик иш ҳақидан жами 400 000 сўм ноқонуний ушлаб қолинганлиги аниқланди. Мурожаатни ўрганиш натижаларига кўра туман адлия бўлими томонидан “Қонун ҳужжатларининг бузилиши, уларнинг сабаблари ва бунга олиб келувчи шарт-шароитларни бартараф этиш тўғрисида” ҳамда фуқаро С.Мусақулованинг жорий йил февраль ойи иш ҳақидан ноқонуний ушлаб қолинган жами 400 000 сўм иш ҳақини тўлаб беришни сўраб, Жомбой туман халқ таълими бўлимига тақдимнома киритилди.
Тақдимномага асосан ўз хизмат вазифасини бажаришда масъулиятсизликка йўл қўйганлиги учун туман халқ таълими бўлими иқтисодчиси Х.Искандаров ҳамда бўлим ҳисобчиси М.Тоҳировга туман халқ таълими бўлимининг буйруғи билан “ҳайфсан” интизомий жазоси қўлланилиб, фуқаро С.Мусақуловага унинг февраль ойи иш ҳақидан ноқонуний ушлаб қолинган 400 000 сўм тўлаб берилишига эришилди.
Абдуғани ИСРАИЛОВ,
Жомбой туман адлия
бўлими етакчи маслаҳатчиси