Янгиликлар
Бюрократ мансабдорлар жаримага тортилди.
Ҳабарингиз бор яқинда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 9 декабрдаги “Бюрократик тўсиқларни янада қисқартириш хамда давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятига замонавий бошқарув тамойилларини жорий қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-4546-сонли қарори қабул қилинди.
Ушбу қарор мазмун ва моҳияти юзасидан Каттақўрғон туман адлия бўлимининг Каттақўрғон ҳақиқати рўзномасида мақоласи чоп этилган эди. Қарорга мувофиқ 2020 йил 1 январдан бошлаб давлат органлари ва ташкилотлари томонидан фуқаролардан талаб қилиниши, шунингдек, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан берилишига йўл қўйилмайдиган 28 турдаги ҳужжатлар расман тасдиқланган хамда ушбу қарор билан ушбу ҳужжатларни фуқаролардан талаб қилишга йўл қўймаслик нуқтаи назаридан давлат органлари, ташкилотлар ва ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини доимий мониторинг қилиш вазифаси адлия органлари зиммасига юклатилган.
Каттақўрғон туман адлия бўлими томонидн жорий йилнинг апрель ойида тумандаги Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси ва Халқ таълими бўлими хузуридаги Болаларни ижтимоий ҳимояси васийлик ва ҳомийлик комиссиясида фуқароларга давлат хизматларини кўрсатишда ортиқча хужжатлар талаб қилинаётганлиги мониторинги ўтказилди.
Хусусан, Каттақўрғон туман Қушбеги маҳалласи, Хўжалар қишлоғида яшовчи фуқаро Д.Юсупованинг опаси Д.Юсупованинг икки нафар вояга етмаган фарзандларини ўз хомийлиги ва васийлигига олиш ҳақида туман ҳокими қарорини чиқариб беришни сўраб мурожаат қилган.
Мурожаат бўлимнинг Болаларни ижтимоий ҳимояси васийлик ва ҳомийлик комиссияси котиби Х.Очиловга ижро учун берилган. Фуқаро Д.Юсупованинг мурожаати бўйича юритилган йиғма жилд ўрганилганда, Қушбеги маҳалласи томонидан фуқаро Д.Юсуповага 2020 йил 24 январдаги 96-сонли яшаш жойидан маълумотнома, 9-сонли турар жойда яшовчи шахслар кўрсатилган ҳолда маълумотнома, фуқаро Ғ.Зиятовга Хўжалар қишлоғида яшашалиги ҳақидаги 2020 йил 24 январдаги 9-сонли маълумотнома, фуқаро З.Ачиловага 2020 йил 30 январда 9-сонли турар жойда яшовчи шахслар кўрсатилган ҳолда маълумотнома, фуқаро Ж.Ачиловга 2020 йил 30 январда 10-сонли турар жойда яшовчи шахслар кўрсатилган ҳолда маълумотнома олинган, комиссия томонидан ортиқча хужжатлар талаб қилинганлиги аниқланди.
Шунингдек, туман Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси бўлими ходимлари томонидан бир марталик нафақани расмийлаштиришда фуқаролардан ортиқча ҳужжатлар талаб қилинган, хусусан, Каттақўрғон туман Муллакўрпа маҳалласида яшовчи фуқаро И.Рахматуллаеванинг турмуш ўртоғи З.Рахматуллаев 2020 йил 11 январь куни вафот этганлиги, турмуш ўртоғини ўз ҳисобидан дафн этганлиги, дафн этишга кетган харажатлари учун бир марталик нафақа тўлаб беришни сўраб Жамғармага 2020 йил 24 январь куни мурожаат қилган, фуқаро И.Рахматуллаевадан Каттақўрғон туман Муллакўрпа маҳалласи томонидан 2020 йил 22 январь куни берилган “марҳум З.Рахматуллаев 2020 йил 11 январь куни вафот этди. Мархумни дафн маросимини рафиқаси И.Рахматуллаева ўз ҳисобидан ўтказди” мазмунидаги 9-сонли маълумотнома, ортиқча хужжат талаб қилиб олинган аниқланди.
Мониторинг натижаси бўйича фуқароларни сарсон қилиб, ортиқча хужжат талаб қилган туман Халқ таълими бўлими Болаларни ижтимоий ҳимояси васийлик ва ҳомийлик комиссияси котиби Х.Очилов хамда туман Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси бўлимининг 5 нафар ходимларига нисбатан ҳар бирига 669,0 сўм миқдорида маъмурий жарималар қўлланилди.
Каттақўрғон туман адлия
бўлими бошлиғи 1-даражали
юрист Ўткир Ҳакимов