Bog'lanish

Telefon
(+998 66) 233-13-59

Elektron manzil
samarqand@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

30

Гуручни курмакдан ажратиш вақти келди!


   Сўнгги йилларда юртимиздаги меҳнат бозорларида меҳнат қилётган мутахассисларни таҳлил қилганимизда энг истиқболли кадрлар тоифасига кирувчи иқтидорли мутахассисларнинг аксарият қисми хусусий секторлар ҳиссасига тўғри келмоқда.
Ривожланган давлатлар тажрибаси таҳлил қилинганда меҳнат бозорлардаги энг иқтидорли мутахассисларни иш фаолиятига жалб этишда асосан икки хил шаклдаги иш берувчилар яъни давлат ва хусусий сектор вакиллари ўзаро рақобатлашади.
Ривожланган давлатлар тажрибаси энг иқтидорли мутахассисларни давлат хизматларига жалб этилишида энг муҳим омил сифатида самарали мотивацион тизим жорий этилганлиги билан боғлиқлигини кўрсатмоқда.
Мисол учун Германия, АҚШ ва Япония давлатларида давлат хизматларига энг истиқболли кадрларни жалб этишда кучли мотивацион тизим жорий этилганлиги билан боғлаш мумкин. Хусусан, давлат хизматчилари учун меҳнатига яхши ҳақ тўланиши, уй-жой олишдаги, тиббий хизмат кўрсатилишидаги, малака оширишдаги ва транспорт хизматларидан фойдаланишда кўплаб имтиёзлар жорий этилган.
  Шу билан бир қаторда давлат хизматларига ишга қабул қилишда номзодларни турли хил кўрсаткичлар асосида баҳолаб боришда ўзига хос мактаб яратилган. Дунё тажрибасида давлат хизматига номзодларни ишга қабул қилишида номзоднинг иш соҳасида муваффақиятга ва билим олишга интилишига, стресс ҳолатларига чидамлилигига, ҳолатни таҳлил қилаолишига, ташкилотчилик, ҳақиқатгўйлик хислатлари бўлишига, хорижий тилларда эркин сўзлаша олишига, ахборот технологиялари бўйича билим ва кўникмаларга, назарий ва амалий билимларга эга бўлишига, ҳуқуқ нормаларини амалиётда тўғри қўллай олиш каби алоҳида белгиларга эътибор қаратилиб келинмоқда. Шу ўринда юртимизда ҳам энг истиқболли кадрларни давлат фуқаролик хизматига жалб этишда очиқ мустақил танлов асосида амалга ошириш тизимини жорий этишга, ходимларни самарали бошқариш ва инсон ресурсларини ривожлантиришга, малакали кадрлар захирасини рақобат асосида шакллантиришга ҳамда уларни давлат томонидан қўллаб қувватланишига алоҳида эътибор қаратилиб келинмоқда.
  Бу борада энг муҳим қадам Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 3 октябрдаги “Ўзбекистон Республикасида кадрлар сиёсати ва давлат фуқаролик хизмати тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5843-сонли Фармонини қабул қилиниши билан боғлиқдир.
  Мазкур фармон билан давлат органлари ва ташкилотларида ягона кадрлар сиёсатини олиб боришдаги ваколатли орган - Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги ташкил этилиши ходимларни самарали бошқариш ва инсон ресурсларини ривожлантиришга, малакали кадрлар захирасини рақобат асосида шакллантиришга ҳамда уларни давлат томонидан қўллаб қувватланишига кенг имкониятлар очиб берди.
  Ушбу тарихий ҳужжатда Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги зиммасига 11 та йўналишдан иборат устувор вазифалар белгилаб берилди. Жумладан, давлат органлари ва ташкилотларининг давлат кадрлар сиёсати соҳасидаги фаолиятини мувофиқлаштиришда энг истиқболли кадрларни давлат фуқаролик хизматига очиқ мустақил танлов асосида қабул қилишни ташкиллаштириш ҳамда малакали ва юқори малакали мутахассисларни давлат фуқаролик хизматига кенг жалб этиш бўйича тизимли ишларни олиб бориш шулар жумласидандир.
  Бугунги кунда кадрларнинг касбга оид сифатларини ва алоҳида хизматларини одилона ва объектив баҳолаш асосида энг муносиб ва қобилиятлиларини давлат фуқаролик хизматига ишга қабул қилишда ҳамда уларнинг хизмат поғоналари бўйича кўтарилиб боришини таъминловчи меритократия тамойили кенг жорий этилмоқда. Шу ўринда меритократия тамойилининг ўзи нима деган ҳақли савол туғилади.
Меритократия сўзи лотин ва грекча сўзлар бирикмасидан ташкил топган бўлиб, лотинчада meritus-муносиб ва грекчада kratos – ҳокимият яъни давлат хизматига муносиб ва қобилиятли шахсни қабул қилиш тушунилади.
Агарда ушбу тамойилни янада соддароқ ва халқчил тилда тушунтирилганда шахснинг ижтимоий келиб чиқишидан қаътий назар давлат хизматига энг муносиб ва қобилиятли шахсларни ишга қабул қилинишини тушуниш лозим.
Юқорида номи зикр этилган фармоннинг 9-бандига асосан, 2021 йил 1 январдан бошлаб давлат фуқаролик хизмати назарда тутилган республиканинг барча давлат органлари ва ташкилотларида давлат фуқаролик хизматига энг истиқболли мутахассисларни ишга қабул қилиш очиқ мустақил танлов асосида амалга оширилиши тартиби қатъий белгилаб берилди.
  Бу эса, келгусида иқтидорли ва муносиб мутахассисларни ишга қабул қилишда коррупцияни олдини олишга, турли хил бюрократик тўсиқлани бартараф этишга, иқтидорли ёшларни давлат фуқаролик хизматига ишга қабул қилишдаги инсон омилидан воз кечишга яъни мажозий маънода “Гуручни курмакдан ажратишга” хизмат қилишга олиб келади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги
Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги
Самарқанд вилояти филиали
бош инспектори Ш.С.Азимов