Янгиликлар
Беморлигида ишдан бўшатилган ургутлик банк ходими вазифасига тикланди
Халқ банкининг Ургут филиали собиқ ходими Улуғбек Файзиев ноқонуний ишдан бўшатилган. Унинг бу ҳақдаги мурожаати ўрганилганда банк филиалининг 2020 йил 8 июндаги “Меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилиш тўғрисида”ги буйруғи Меҳнат кодексининг 100-моддаси иккинчи қисми 4-бандига асосан чиқарилганлиги аниқланди.
Бироқ буйруқда У.Файзиевнинг ўз меҳнат вазифаларини бир марта қўпол равишда бузганлик факти ва унинг ҳаракати (ҳаракатсизлиги) қайси ҳужжат асосида ўз хизмат вазифасини бир марта қўпол равишда бузишга кириши аниқ изоҳлаб берилмаган.
Меҳнат кодексининг 102-моддасига кўра, меҳнат шартномаси ходим айбли хатти-ҳаракатлар содир этганлиги муносабати билан бекор қилинган ҳолларда иш берувчи ходимни меҳнатга оид муносабатларнинг бекор қилиниши тўғрисида камида уч кун олдин хабардор қилиши лозим. Аммо Халқ банкининг Ургут филиали томонидан У.Файзиев огоҳлантирилмаган.
Бундан ташқари, буйруқ нусхаси ва меҳнат дафтарчаси У.Файзиевга тилхат орқали берилмаган. Ваҳоланки, Меҳнат кодексининг 108-моддасига асосан меҳнат шартномаси бекор қилинган куни иш берувчи ходимга унинг меҳнат дафтарчасини ва меҳнат шартномасининг бекор қилиниши ҳақидаги буйруқнинг нусхасини бериши шарт.
Қолаверса, У.Файзиев билан тузилган меҳнат шартномаси у меҳнатга қобилиятсизлик даврида иш берувчининг ташаббусига кўра бекор қилинган. Меҳнат кодекси талабига кўра, ходим вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик даврида ва меҳнат тўғрисидаги қонунлар ҳамда бошқа норматив ҳужжатларда назарда тутилган таътилларда бўлган даврида меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилишга йўл қўйилмайди.
Ўрганиш якуни билан АТ “Халқ банки” Ургут филиалининг 2020 йил 9 июлдаги буйруғи билан 8 июндаги “Меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилиш тўғрисида”ги буйруқ бекор қилиниб, пенсия ва нафақа тўловлари билан ишлаш шўъбаси 12-сонли сайёр касса кассири Улуғбек Абдураззақович Файзиев ўз вазифасига тикланди.
Шунингдек, меҳнатга лаёқатсизлик варақаларига асосан 12 майдан 25 июнгача бўлган давр учун У.Файзиевга нафақа ҳамда мажбурий прогулда бўлган 10 иш куни иш ҳақи тўланадиган бўлди.
Шуҳрат АҲМЕДОВ,
Ургут тумани адлия
бўлими етакчи маслаҳатчиси.