Янгиликлар
Туман адлия бўлими: 1582 ҳолатда қонун бузилишига йўл қўйилган...
“Давлат ҳуқуқий сиёсатини амалга оширишда адлия органлари ва муассасалари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент фармонига кўра, 2018 йил туманимизда адлия бўлими ташкил этилганди. Эътироф жоиз, ушбу тизим аҳолининг ҳуқуқий маданиятини шакллантириш, инсон ва фуқароларнинг ҳуқуқ-эркинликларини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади. Бинобарин, давлатимиз раҳбари томонидан соҳа ходимларига айнан шу вазифа юклатилган. Хўш, туман адлия бўлими бу вазифани қай даражада уддалаяпти? Жорий йилнинг ўтган даврида қандай ишлар амалга оширилди? Истиқболдан нималар кутилмоқда? Шу каби саволлар билан бўлим бошлиғи Пўлат Аҳмедовга мурожаат қилдик.
– Жорий йил жамиятнинг барча тармоқлари учун синовли ўтаётгани сир эмас, – дейди П.Аҳмедов. – Пандемия даврида аҳолига норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг мазмун-моҳияти, аҳамиятини тўғри етказиб бериш ҳар қачонгидан муҳим. Шу маънода, сўнгги олти ой давомида давлат органлари, ташкилот, муассаса ҳамда маҳалла фуқаролар йиғинларида 250 дан ортиқ тарғибот тадбирлари ўтказилди.
Шундан 161 таси учрашув, давра суҳбати, онлайн мулоқот шаклида бўлса, 75 таси ОАВ орқали чиқишлар ҳиссасига тўғри келади. Бундан ташқари, аҳоли орасида 200 дан ортиқ флаер ва буклет тарқатилди. Янги қабул қилинган қонунлар, Президент фармон ва қарорлари, шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари мазмун-моҳиятини аҳолига тўғри етказиб бериш мақсадида махсус чора-тадбирлар режаси ва йўл харитаси тасдиқланган. Унга кўра, маҳаллаларда сайёр йиғилиш, учрашув ва давра суҳбатлари ўтказилиб, фуқароларга соҳага доир масалаларда мутахассислардан шарҳ ва изоҳ олиш имкони яратилмоқда.
Адлия бўлимининг яна бир функционал вазифаси мурожаат ва шикоятларни қонуний тартибда ўрганиб чиқиш саналади. Бўлимимизга 1-ярим йиллик давомида жисмоний ва юридик шахслардан 87 та мурожаат келиб тушди. Шундан 70 таси қаноатлантирилди, 8 та ҳолатда тушунтириш берилди.
Жойларда аҳоли дардига қулоқ тутиш бугунги кун раҳбарлари олдига қўйилган биринчи галдаги вазифадир. Бинобарин, сайёр қабуллар ҳам ўтказяпмиз. Уларда 20 та масала ижобий ечим топган бўлса, 7 нафар мурожаатчига ҳуқуқий маслаҳат берилди.
Яна бир жиҳат. Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан қабул қилиниши режалаштирилган норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаларини экспертизадан ўтказиш, реестр юритиш, қонун ва қарорлар ижроси юзасидан мониторинг ўтказиб бориш ҳам адлия органлари ваколатига киради. Сўнгги ойларда 1 та лойиҳа экспертиязадан ўтказилиб, 24 та идора ва ташкилотларда амалдаги қонун ҳужжатларининг ижроси ўрганилди. Натижада, 1582 та қонун бузилишига йўл қўйилгани аниқланди. Ҳолат юзасидан тезкор чоралар кўрилиб, ушбу хато ва камчиликларни бартараф этишга эришилди. Шу мақсадда юқори идораларга 67 та тақдимнома, судларга 24 та даъво аризаси, 7 та маъмурий таклиф ҳамда 144 та огоҳнома юборилган.