Bog'lanish

Telefon
(+998 66) 233-13-59

Elektron manzil
samarqand@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

16

Ҳокимлар маҳалла раисларини лавозимдан озод қилиш ваколатига жгами?


  “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни (янги таҳрири) 8-моддасида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари давлат ҳокимияти органлари тизимига кирмаслиги ва қонун ҳужжатлари билан берилган ўз ваколатларини тегишли ҳудуд доирасида амалга ошириши белгиланган.
  Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари давлат ҳокимияти органлари тизимига кирмайди ва туман (шаҳар) ҳокимларининг фуқаролар йиғини раислари (оқсоқолари)ни ишдан бўшатиш ёки тайинлаш ваколати мавжуд эмас.
  Туман (шаҳар) адлия бўлимлари туман (шаҳар) ҳокимлари томонидан фуқаролар йиғини раислари (оқсоқолари)ни ишдан бўшатиб ёки бўшаб қолган ўринларга фуқаролар йиғини раислари (оқсоқолари)ни тайинлаш юзасидан қонунбузилиш ҳолатларини аниқлаш учун мониторинг ўтказилди.
  Мониторинг натижасида туман (шаҳар) ҳокимлари томонидан фуқаролар йиғини раислари (оқсоқолари)ни вазифасидан озод қилиш ёки тайинлаш ҳолатлари аниқланмади.  Бунда фуқаролар йиғини раислари (оқсоқолари) ўз ваколатларини зиммасидан соқит қилиш бўйича ёзган аризаларига асосан эгаллаб турган лавозимидан озод этилган. Шунингдек, “Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайлови тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни 28-моддасига мувофиқ фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ваколатлари муддатидан илгари тугатилган тақдирда, тегишли фуқаролар йиғинларида ушбу Қонуннинг талабларига риоя этилган ҳолда янги сайлов ўтказилиши кўрсатилган.
Бироқ бўшаб қолган ўринларга фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайловини тартиби белгиланмаган, умумий тартибда ўтказиш эса мураккаб ҳисобланади.
  Биринчидан, фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайловларини ўтказиш бўйича белгиланган умумий тартиб бўйича бўшаб қолган 1 та маҳалла фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайловини ўтказиш учун узоқ вақт талаб этиладиган қуйидаги мураккаб босқичлардан ўтиш керак:
сайловини ўтказиш муддатлари Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Кенгаши томонидан белгиланади;
  Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Кенгаши томонидан Фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) сайловини ташкил этиш ва ўтказишга кўмаклашувчи республика комиссияси тузилади;
  вилоят, Тошкент шаҳар, туман ва шаҳар Кенгашининг қарори билан тегишли ҳудудларда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар, туманлар ва шаҳарлар комиссиялари тузилади;
  фуқаролар йиғини (фуқаролар вакилларининг йиғилиши) қарори билан ишчи гуруҳ тузилади.
  Иккинчидан, умумий белгиланган босқичлар амалга оширилган тақдирда ҳам, бўшаб қолган ўринга янги сайланган фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ваколат муддатига аниқлик киритилмаган.
  Масалан, янги сайланган фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ваколат муддати сайланган санадан бошлаб 5 йил муддатга бўлиши ёки умумий тартибда сайланган фуқаролар йиғини раислари (оқсоқоллари) билан бир хил муддатга сайланиши белгиланмаган.
Юқоридаги кўрсатилган сабаблар туфайли, туман (шаҳар) ҳокимликлари ҳамда маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлимлари томонидан берилган маълумотга кўра, Қўшработ туманида 1 та, Самарқанд туманида 1 та, Пастдарғом туманида 5 та, Самарқанд шаҳрида 2 та, Каттақўрғон туманида 4 та, Булунғур туманида 1 та, Пахтачи туманида 3 та, Каттақўрғон шаҳрида 2 та маҳалла фуқаролар йиғинларида фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ўринлари бўшаб қолган ва сайловлар ўтказилмаган.
Бундан ташқари, “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни 11-моддасига асосан фуқаролар йиғини ҳар чоракда камида бир марта фуқаролар йиғини раисининг (оқсоқолининг) ҳисоботларини эшитиши ҳамда унинг натижалари бўйича қарорлар қабул қилиши назарда тутилган.
Шунга кўра, фуқаролар йиғини раисининг (оқсоқолининг) фаолияти қониқарсиз деб топилса, фуқаролар йиғини қарори билан фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ваколатлари муддатидан олдин тугатилиши мумкин.
  Бироқ қонун ҳужжатларида фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ўз ваколатларини зиммасидан соқит қилганда унинг ваколатлари муддатидан илгари тугатиш тартиби белгиланмаган.
  Бугунги кунда амалиётда фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ўз ваколатларини зиммасидан соқит қилганда унинг ваколатлари муддатидан илгари тугатиш учун тегишли маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиқларининг буйруқлари асосида фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ваколатлари муддатидан илгари тугатилмоқда.
Ваҳоланки, “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни (янги таҳрири)
8-моддасида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари давлат ҳокимияти органлари тизимига кирмаслиги ва қонун ҳужжатлари билан берилган ўз ваколатларини тегишли ҳудуд доирасида амалга ошириши кўрсатилган.
  Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 18 февралдаги “Жамиятда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, маҳалла институтини янада қўллаб-қувватлаш ҳамда оила ва хотин-қизлар билан ишлаш тизимини янги даражага олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5938-сон Фармони қабул қилинган бўлса-да, қонун ҳужжатларига тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмаган.
  Жумладан, Фармонга мувофиқ фуқаролар йиғини раисининг ободонлаштириш, томорқа ва тадбиркорлик масалалари бўйича ўринбосари лавозими фуқаролар йиғини масъул котиби лавозими ўрнига, ҳар бир фуқаролар йиғинида бир нафардан, шунингдек, маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан молиялаштириш тартибини сақлаган ҳолда жорий этилиши белгиланган.
  Бироқ фуқаролар йиғини масъул котиби фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли)нинг тақдимига кўра фуқаролар йиғини томонидан тасдиқланиши тартиби белгиланган Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 7 ноябрдаги “Фуқаролар йиғинининг масъул котиби фаолиятини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги 895-сон қарори ўз кучини йўқотмаган.
Ёки бўлмаса 2019 йил 1 июндан бошлаб фуқаролар йиғинлари ходимлари билан меҳнат шартномаларини тузиш ва бекор қилиш фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича туман (шаҳар) кенгашлари раисларининг биринчи ўринбосарлари томонидан амалга оширилиши тартиби ўрнатилган Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 2 апрелдаги “Аҳоли муаммолари билан ишлашда маҳалла институтининг мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5700-сон Фармони ҳам бекор қилинмаган.
  Шунга кўра, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 18 февралдаги “Жамиятда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, маҳалла институтини янада қўллаб-қувватлаш ҳамда оила ва хотин-қизлар билан ишлаш тизимини янги даражага олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5938-сон Фармони қабул қилиниши муносабати билан тегишли қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш мақсадга мувофиқ ҳисобланади.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, қуйидагилар таклиф этилади:
1. бўшаб қолган ўринларга маҳалла фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайловини умумий тартибда ўтказиладиган фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайловидан кам аҳамиятга эга бўлмаган даражада ўтказишнинг соддалаштирилган тартибини ишлаб чиқиш;
2. фуқароларнинг ўзини ўзи бошқаришга давлат ҳокимияти органларининг аралашувини бутунлай чеклайдиган нормалар киритиш;
3. фуқароларнинг ўзини ўзи бошқаришни тартибга солувчи қонун ҳужжатларини хатловдан ўтказиб, уларни ягона қонун шаклида бирлаштириш.
 

Самарқанд вилоят адлия адлия бошқармаси
Ижтимоий-иқтисодий соҳада ҳуқуқни
қўллаш амалиётини ўрганиш бўлими
бош маслаҳатичиси Сардорбек Мажидов