Янгиликлар
ОҚДАРЁ ТУМАН АДЛИЯ БЎЛИМИНИНГ АРАЛАШУВИ БИЛАН ТУМАН ҲОКИМИНИНГ ҚАРОРИ ҲАҚИҚИЙ ЭМАС ДЕБ ТОПИЛДИ
Бугун тадбиркор ва фермерлар ўз фаолиятларини эркин юритишлари учун қанча кўп тўсиқларга учраса бундан давлат ҳам шунча кўп зарар кўради. Шу сабаб уларнинг қонуний манфаатларини тиклаш, оддий қилиб айтганда меҳнати орқасидан нафақат ўз оиласи фаровонлигини таъминлаётган балки бошқаларни ҳам иш билан банд қилаётган юртдошларимизга ҳар томонлама амалий ёрдам кўрсатиш адлия органлари олдида турган энг асосий вазифалардан биридир.
Оқдарё туман адлия бўлимига “Илёсхон ҳосили” фермер хўжалигининг жами 13,3 гектар ер майдонларини давлат заҳирасига қайтариш тўғрисида ихтиёрий аризаси мавжуд бўлмасада, қонунчиликка зид равишда қарор қабул қилинганлиги юзасидан мурожаати келиб тушган.
Маълум бўлишича, Оқдарё туман ҳокимининг 2019 йил 23 январь кунги 815-Қ-сонли қарори билан “Илёсхон ҳосили” фермер хўжалигининг ер майдонлари туман ҳокимлигининг захира ерлари ҳисобига қайтариб олиниб, туман ҳокимлиги билан тузилган узоқ муддатли ижара шартномаси муддатидан олдин бекор қилинган.
Ушбу қарорга Халқ депутатлари Оқдарё туман Кенгашининг 2019 йил 22 январь кунги 52/248-сонли қарори асос қилиб олинган.
Туман ҳокимининг 2019 йил 23 январь кунги 815-Қ-сонли қарори ва қарорости ҳужжатларининг қонунийлиги ўрганилганда, туман ҳокимлиги томонидан Ўзбекистон Республикаси Ер кодекси, Фуқаролик кодекси, “Фермер хўжалиги тўғрисида”ги ва “Ижара тўғрисида”ги Қонунлар ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 31 январдаги 22-сонли қарори билан тасдиқланган “Фермер хўжалиги ер майдонини мақбуллаштириш ва уни тугатиш тартиби тўғрисида”ги Низом талаблари бузилганлиги аниқланди.
Жумладан, туман ҳокимлиги мутасаддилари ер участкаларини ижарага олиш шартномасини муддатидан олдин бекор қилиш тарафларнинг келишуви билан, бундай келишувга эришилмаган тақдирда эса, суднинг ҳал қилув қарори билан амалга оширилишига эътибор қаратишмаган.
Йиғилган маълумотлар асосида адлия бўлими томонидан туман маъмурий судига туман ҳокимининг 23.01.2019 йилда қабул қилинган “Илёсхон ҳосили” фермер хўжалигининг ер майдонини туман захира ерлари ҳисобига қайтариб олиш ва ердан фойдаланиш бўйича туман ҳокими билан тузилган узоқ муддатли ижара шартномасини муддатидан олдин бекор қилиш тўғрисидаги 815-Қ-сонли қарорини ҳақиқий эмас деб топиш юзасидан даъво ариза киритилиб, киритилган даъво аризаси суд томонидан қаноатлантирилди.
Ерга меҳр берган фермерлар унинг ҳар қаричидан унумли фойдаланишга ҳаракат қилади. Натижада бозорларимиз тўкинлиги, оилаларимиз фаровонлиги таъминланади.
Оқдарё туман адлия бўлими
етакчи маслаҳатчиси М.Рузиев