Bog'lanish

Telefon
(+998 66) 233-13-59

Elektron manzil
samarqand@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

22

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги тизимида коррупцияга қарши курашиш Д А С Т У Р И


Ўзбекистон Республикаси

адлия вазирининг

2019 йил 20 февралдаги

63-сон буруғига

1-ИЛОВА

 

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги тизимида

коррупцияга қарши курашиш

Д А С Т У Р И

I. Умумий қоидалар

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги (кейинги ўринларда Вазирлик деб аталади) тизимида коррупция ва бошқа ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, уларнинг содир этилишига кўмаклашувчи сабаблар
ва шарт-шароитларни аниқлаш, таҳлил қилиш ва бартараф этиш Вазирликнинг асосий вазифаларидан бири ҳисобланади.

Ўтган икки йил давомида коррупцияга қарши курашиш ва унинг олдини олиш бўйича сезиларли ишлар амалга оширилди.

Жумладан, адлия органлари ва муассасалари ходимларининг меҳнатига ҳақ тўлаш тизими тубдан қайта кўриб чиқилди, Адлия вазирлигининг адлия органлари ва муассасаларида кадрлар билан ишлаш дастури қабул қилинди, Вазирлик фаолияти ҳақида кенг жамоатчиликка муҳим ахборотлар бериш, уларнинг ҳуқуқий маълумотларга бўлган эҳтиёжини таъминлашга қаратилган “Очиқ адлия” (“Open Justice”) ижтимоий дастури ишлаб чиқилди ҳамда кенг жамоатчилик муҳокамасига тақдим этилди, нотариус лавозимига танловларни онлайн кузатиб бориш ва нотариал идораларда видеокузатув камералари ўрнатилиб, иш фаолиятини узлуксиз мониторинг қилиш тизими жорий этилди, Вазирлик фаолиятининг очиқлигини таъминлаш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар мониторингини олиб бориш мақсадида Жамоатчилик кенгаши тузилди.

Вазирлик фаолиятида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш бўйича амалга оширилган ишлар натижасида давлат органлари ўртасида очиқликни таъминлаш индекси бўйича Адлия вазирлиги 2018 йилда биринчи ўринни эгаллади.

Шу билан бирга, барча йўналишларда коррупциянинг олдини олишга доир чора-тадбирларни амалга ошириш, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни ўз вақтида аниқлаш, чек қўйиш, уларга имкон берувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этиш, Вазирлик тизимида коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш бўйича аниқ мақсадга қаратилган тадбирлар тарқоқ ва бир тизимга солинмаган ҳолда амалга оширилмоқда.

Бундай ҳолат Вазирлик тизимида коррупцияга қарши курашишни ташкил этиш ва амалга оширишнинг умумий йўналишга эга бўлган ягона ёндашувнинг мавжуд эмаслигидан далолат беради.

Шу муносабат билан ҳамда “Фуқаролар адлия идораларидан рози бўлиши керак” тамойилини сўзсиз амалга оширишни давом эттириш мақсадида коррупцияга қарши курашиш ва унинг ҳар қандай кўринишларини олдини олиш бўйича алоҳида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги тизимида коррупцияга қарши курашиш дастурини (кейинги ўринларда – Дастур) қабул қилиш ва амалга ошириш заруриятини тақозо этди.

II. Дастурнинг асосий мақсади ва вазифалари

1. Вазирлик тизимида қонунийликни таъминлаш, ходимларда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш, манфаатлар тўқнашувига йўл қўймаслик, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни содир этганлик учун жавобгарликнинг муқаррарлигини таъминлаш ҳамда коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш Дастурнинг асосий мақсадидир.

2. Қуйидагилар Вазирлик тизимида коррупцияга қарши курашишнинг асосий вазифалари ҳисобланади:

коррупцияга қарши курашишда адлия органлари тузилмаларининг фаолиятини мувофиқлаштириш ва ўзаро ҳамкорлигини таъминлаш;

коррупцияни келтириб чиқарувчи хавфни баҳолаш ва бошқариш;

адлия органлари ходимларининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга, тизимда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантиришга доир чора-тадбирларнинг ишлаб чиқилиши ҳамда амалга оширилишини ташкил этиш;

коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни аниқлашга, уларни олдини олишга ва чек қўйишга, оқибатларини, шунингдек ушбу иллатларга имкон берувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этишга доир чора-тадбирлар самарадорлиги оширилишини таъминлаш;

коррупциянинг ҳолати ва тенденциялари тўғрисидаги ахборотни йиғиш ҳамда таҳлил этиш;

коррупцияга қарши курашиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини такомиллаштириш ва ушбу соҳадаги ишларни яхшилаш юзасидан таклифлар тайёрлаш;

коррупцияга қарши курашиш соҳасида халқаро ҳамкорликни таъминлаш.

III. Дастурнинг асосий йўналишлари

1-боб. Вазирлик тизимининг барча соҳаларида коррупциянинг олдини олишга доир ташкилий чора-тадбирлар

          3. Адлия вазирлиги тизимида коррупцияга қарши курашиш кенгашини тузиш. Унинг вазифалари ва ваколатларини белгилаш.

          4. Адлия органлари ва муассасаларининг мансабдор шахслари ва бошқа ходимлари томонидан ўз мансаб ёки хизмат мажбуриятларининг бажарилиши самарадорлиги мезонларини ва унинг сифатини баҳолаш тизимларини жорий этиш.

5. Адлия органлари ва муассасалари ходимларининг фаолиятини жисмоний ва юридик шахслар томонидан онлайн тартибда баҳолаш тартибини жорий этиш бўйича таклифлар тайёрлаш.

          6. Адлия органлари ва муассасалари фаолиятида коррупция келтириб чиқариш хатарлари мавжуд бўлган соҳаларни аниқлаш мақсадида фуқаролар ўртасида Вазирликнинг телеграм месенжеридаги “Huquqiy axborot” каналида ва “Facebook” ижтимоий тармоғидаги саҳифасида “Коррупцияни бирга енгамиз” мавзусида ижтимоий сўровни ўтказиш ва сўров натижаларини таҳлил қилиб унинг омилларини бартараф этишга қаратилган “йўл хариталарини” ишлаб чиқиш.

          7. Вазирлик тизимида коррупцияни келтириб чиқарувчи хавфни аниқлаш ва бошқариш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш.

          8. Вазирлик сайтида ҳамда ижтимоий тармоқларда адлия органларидаги вакант иш ўринлари ҳамда номзодларга қўйилган талаблар ҳақида маълумотлар жойлаштириб борилишини таъминлаш.

9. Адлия органлари ходимларининг аттестациядан ўтказилиш жараёнида жамоатчилик вакиллари иштирокини, шунингдек, онлайн тарзда ўтказилишини жорий қилиш орқали шаффофликни таъминлаш.

10. Адлия вазирлиги Марказий аттестация комиссияси томонидан ўтказиладиган аттестацияни, шунингдек ходимларни юқори мансабга тайинлаш бўйича танлов жараёнининг реал вақт режимида интернетда онлайн трансляция қилиниши юзасидан таклифлар тайёрлаш.

11. Адлия органлари ва муассасаларида ишлаётган ходимларни
жой-жойига қўйиш бўйича масалаларни қайта кўриб чиқиш. Бунда узоқ вақт давомида битта лавозимда ишлаб келаётган ходимларни аниқлаш
ва уларни бошқа лавозимларга ўтказиш бўйича ички ротацияни амалга ошириб бориш бўйича таклифлар тайёрлаш.

12. Адлия органлари ва муассасалари ходимларининг ижтимоий аҳволини ўрганиб бориш тизимини жорий этиш. Бунда кам таъминланган, ногиронлиги бўлган ва кўп болали ходимлар рўйхатини шакллантириш
ва уларнинг ҳолидан хабар олиб туриш ҳамда заруриятга кўра, моддий жиҳатдан таъминлаш чораларини кўриб бориш бўйича таклифлар тайёрлаш.

13. Адлия органлари ва муассасаларида товар-моддий бойликларнинг адолатли тақсимланишини таъминлаш механизмларини ишлаб чиқиш. Бунда ходимларнинг иш ҳажми ва эҳтиёжидан келиб чиқиб, хизмат уйлари, автомобиллари ва бошқа моддий бойликлардан фойдаланиш тартибини белгилаш.

14. Давлат харидлари бўйича ҳар бир товар позицияси кесимида харид нархларини вилоятлар ва республика бўйича таҳлил қилиб бориш, нархларни энг мақбул бўлишига эришиш.

15. Адлия органлари тизимида ходимларга ҳақ тўлаш ва ҳисоб-китобларнинг тўғрилигини мониторинг қилиш имкониятини яратиш, ходимлар учун шикоятлар бериш имкониятини кенгайтириш бўйича таклифлар тайёрлаш.

16. Адлия вазирлиги ва унинг таркибий бўлинмаларининг
молия-хўжалик фаолияти билан боғлиқ маълумотларни (давлат харидлари билан боғлиқ шартномалар рўйхатини) вазирлик ҳамда адлия органлари ва муассасалари веб-сайтларида эълон қилиб бориш.

17. Адлия органлари ва муассасаларининг асбоб-ускуналар, сарфлаш материаллари ва эҳтиёт қисмларга бўлган эҳтиёжини аниқлашнинг ягона механизмлари ва стандартларини жорий этиш, уларни ҳисобга олишнинг ахборот тизимини яратиш ҳамда давлат-хусусий шериклик шартлари асосида моддий-техник ресурсларига техник хизмат кўрсатишни аутсорсингга бериш бўйича таклифлар тайёрлаш.

18. Адлия органлари ва муассасалари фаолиятида коррупцияга қарши курашишда «Transparency International» ташкилоти ва бошқа халқаро коррупцияга қарши курашувчи ташкилотлар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича таклифлар тайёрлаш.

19. Адлия органлари ва муассасалари томонидан кўрсатиладиган хизматларни тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни хатловдан ўтказиш ва таҳлил қилиш. Бунда мураккаб бўлган давлат хизматларини соддалаштириш, коррупциявий бўшлиқлари мавжуд бўлган нормаларни бартараф этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш.

2-боб. Вазирлик тизимида коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш ва ходимларнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш

20. Вазирлик тизимида коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантиришга қаратилган, ходимларнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш бўйича ахборот-таҳлилий материалларни тайёрлаш ва тарқатиш.

21. Адлия органлари ва муассасалари ходимларига коррупциянинг жамият ва мамлакат равнақи учун ўта салбий иллат эканлигини тарғиб қилишга қаратилган ўқув материаллари тайёрлаш ва тарқатиш.

22. Коррупцияга қарши курашиш мавзуси доирасида камида 5 та ижтимоий видеоролик тайёрлаш ҳамда коррупция, ҳалоллик, тўғрилик, қонунга ҳурмат, адолат тантанаси мавзуларида тарғибот материаллари, дидактик материаллар, мультипликацион фильмлар тайёрлаш.

            23. Адлия органлари ва муассасаларида “Коррупцияга қарши курашиш ойлиги” тадбирларини ташкил қилиш.

3-боб. Коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни ўз вақтида аниқлаш, уларга чек қўйиш ҳамда имкон берувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этиш, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни содир этганлик учун жавобгарликнинг муқаррарлигини таъминлаш

            24. Вазирликнинг веб-сайтида ходимлар устидан шикоят қилиш имконини берувчи махсус саҳифа очиш, келиб тушган шикоятларни мунтазам таҳлил қилиш ва натижалари бўйича асослантирилган таклифлар тайёрлаш механизмини йўлга қўйиш.

            25. Адлия органлари ва муассасалари маъмурий биноларида жисмоний ва юридик шахслар ёки уларнинг вакилларини қабул қилишда видео ва аудиога ёзиб олиш тизимини жорий этиш орқали шикоятлар келиб тушишини олдини олиш бўйича таклифлар тайёрлаш.

            26. Адлия вазирлиги тизимида коррупцияга қарши курашиш соҳасида коррупциянинг ҳолатини, унинг жиҳатларини, кўламини, ўсиш суръатларини ҳамда тенденцияларини, шунингдек коррупцияга қарши курашиш соҳасида олиб борилаётган чора-тадбирларнинг самарадорлигини Вазирлик марказий аппарат, ҳудудий адлия органлари ва тизимга бўйсунувчи муассасалар кесимида ўрганиш юзасидан тадқиқотлар ўтказиш.

            27. Адлия органлари ва муассасаларида мансаби юқорироқ бўлган ходимнинг шахсий ишларини (кўчадаги ишларни битиртириши, фарзандини таълим муассасасидан олиб келтириши ва ҳ.к.) амалга ошириши учун ўзидан пастроқ лавозимда бўлган ходимга кўрсатма берганлиги юзасидан мониторинг ўтказиш режасини ишлаб чиқиш ва натижаси бўйича тегишли мансабдор шахсларни жавобгарликка тортиш.

            28. Давлат нотариал идораси, нотариал архив ва давлат хизматлари марказлари ходимлари хизмат хоналарида ва ёнларида энг кам иш ҳақининг ярим бараваридан кўп миқдорда шахсий пул маблағлари мавжудлиги юзасидан тезкор рейдлар ҳамда “Сирли мижоз” тадбирларини ўтказиш режасини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш.

            29. Вазирликка қарашли юридик коллежларга ўқишга киришга ҳужжатларни жойлардаги давлат хизматлари марказлари томонидан қабул қилинадиган тизимни яратиш бўйича таклифлар тайёрлаш.

            30. Тошкент давлат юридик университетида якуний давлат аттестация жараёнини онлайн тарзда тўғридан-тўғри узатилишини таъминлаш.

            31. Юристлар малакасини ошириш маркази ўқув курслари якуни бўйича тингловчилар ўртасида машғулотларни олиб борган профессор-ўқитувчилар ҳақида аноним сўровномалар ўтказиш.

            32. Х.Сулаймонова номидаги Республика суд экспертиза марказида амалга ошириладиган экспертиза тадқиқотлари юзасидан босқичма-босқич шифрлаш (код) тартибини жорий қилиш бўйича таклифлар тайёрлаш.

            33. Давлат нотариал идоралари ва давлат хизматлари марказларида электрон навбат тизимини жорий этиш.

            34. Давлат нотариал идоралари ва давлат хизматлари марказларига мурожаат қилувчилар томонидан кўрсатилган хизмат сифатини баҳолаш тизимини жорий этиш.

            35. Давлат нотариал идоралари ва давлат хизматлари марказлари ходимлари билан ҳар чоракда камида бир марта Адлия вазирлиги ва адлия бошқармалари томонидан профилактик суҳбатдан ўтказиш тартибини жорий этиш.

            36. Давлат нотариал идоралари ва давлат хизматлари марказларида хизматларнинг махфийлигини сақлаган ҳолда реал вақт режимидаги масофавий марказлаштирилган аудио ва видеокузатув тизимини жорий этиш.

            37. Адлия вазирлигининг юридик коллежларида ўқувчилар билимини баҳолашнинг амалдаги тартибини реал вақт режимида электрон шаклда амалга ошириш имкониятини берувчи тизимга ўтказиш бўйича таклифлар тайёрлаш.

            38. Адлия органлари ва муассасалари мансабдор шахслари томонидан содир этилган коррупцияга оид хатти-ҳаракатлар ҳақида хабар берган шахсларни мукофотлаш тартибини жорий этиш.

            39. Адлия органлари томонидан бошқа ташкилотларда ўрганиш ўтказишда одоб-ахлоқ қоидаларини янада такомиллаштириш юзасидан таклифлар тайёрлаш. Бунда ўрганиш ўтказилаётган ташкилот ходимлари билан бирга умумий овқатланиш жойларига боришни тақиқлашни назарда тутиш.

            40. Хизмат сафарлари билан боғлиқ харажатларни белгиланган тартибда қоплашнинг қатъий механизмини белгилаш. Бунда ҳудудий адлия органлари ва тизим таркибига кирувчи адлия муассасаларига комплекс текшириш учун юборилган ҳодимларга ҳизмат сафари ҳаражатлари учун ажратиладиган маблағларни кўпайтириш ҳамда йўл ҳаражатлари, меҳмонҳона ва овқатланишга ишлатилган маблағларни фақатгина ҳодимнинг пластик карточкасидан тўланганлигини тасдиқловчи чеклар тақдим этилганда ушбу ҳаражатларни қоплаб бериш тизимини жорий этиш бўйича таклифлар киритиш.

IV. Дастурнинг қабул қилинишидан кутилаётган натижалар

41. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги тизимида коррупцияга қарши курашиш дастурини амалга оширишдан қуйидаги натижалар кутилмоқда:

Вазирлик тизимида коррупция, манфаатлар тўқнашуви ва бошқа ҳуқуқбузарликларнинг олди олиниши;

Вазирлик тизимидаги ташкилотлар фаолиятининг очиқлигига эришилиши ва зиммасига юклатилган вазифалар ижросига нисбатан ходимлар масъулиятининг янада ортиши;

адлия органлари ва муассасаларининг мансабдор шахслари ва бошқа ходимлари фаолияти самарадорлиги янги мезонлар асосида баҳоланиши;

адлия органлари ва муассасалари ходимларининг касбий ҳамда хизматдан ташқари фаолиятдаги одоб-ахлоқининг юксалиб бориши;

адлия органлари ва муассасаларининг фаолиятида коррупциянинг олдини олишга доир тадбирларнинг самарадорлигини таъминлаш.