Янгиликлар
“Республика озиқ-овқат саноатини жадал ривожлантириш ҳамда аҳолини сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан тўлақонли таъминлашга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент қарори
  “Республика озиқ-овқат саноатини жадал ривожлантириш ҳамда аҳолини сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан тўлақонли таъминлашга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент қарори 
  
  I. Қарорнинг мақсади  
   Мева-сабзавот, гўшт, сут ва бошқа қишлоқ хўжалиги озиқ-овқат маҳсулотларини халқаро сифат стандартлари асосида қайта ишлаш ҳажмларини ошириш, ички ҳамда ташқи бозорларда рақобатбардош бўлган маҳаллий озиқ-овқат маҳсулотлари турларини ишлаб чиқаришни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини жорий этиш ҳамда аҳолини сифатли ва хавфсиз озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлашни янада яхшилаш.  
  II. Қарорнинг моҳияти ва аҳамияти  
   Қарор билан Қишлоқ хўжалиги вазирлигига (вазирлик) бир қатор қўшимча вазифалар юклатилди. Вазирлик, жумладан:  
 
	мева-сабзавот, гўшт, сут ва бошқа қишлоқ хўжалиги озиқ-овқат маҳсулотларини етиштирувчи (ишлаб чиқарувчи) корхоналар билан ушбу маҳсулотларни қайта ишловчи, тайёрловчи ва реализация қилувчи корхоналар ўртасида ўзаро манфаатли муносабатлар учун шароитлар яратади;  
 
	ҳудудларнинг мавжуд табиий ва иқтисодий ресурсларидан унумли фойдаланиш асосида озиқ-овқат саноатини ривожлантиришнинг стратегия ва моделларини ишлаб чиқади;  
 
	мева-сабзавот, гўшт, сут ва бошқа қишлоқ хўжалиги озиқ-овқат маҳсулотларини қайта ишловчи тадбиркорларни қўллаб-қувватлашнинг молиявий ва номолиявий чоралари – янги воситалар ва ахборот тизимларини яратиш, юқори самара берувчи йўналишларда лойиҳаларни амалга оширади;  
 
	озиқ-овқат саноатининг ривожланишига хусусий ва тўғридан-тўғри чет инвестициялар оқимининг таъсирини таҳлил қилади;  
 
	маҳаллий озиқ-овқат маҳсулотларини жаҳон бозорларида илгари суриш, уларнинг рақобатбардошлигини ошириш, экспорт салоҳиятини кенгайтириш ва импорт ҳажмини камайтириш чораларини кўради.  
    Қарорга кўра, вазирликда Озиқ-овқат саноатини ривожлантириш бош бошқармаси ташкил этилиб, мазкур бош бошқарма бошлиғи вазир ўринбосари ҳисобланади.  
 
	Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш ва озиқ-овқат таъминоти жамғармасига 20 миллиард сўм миқдоридаги маблағлар ўтказиб берилади.  
 
	Қарор билан “Ўзбекозиқовқатхолдинг” ХК тугатилди.  
   Шунингдек, 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб республика ОТМнинг “5321000-Озиқ-овқат технологияси (маҳсулотлар турлари бўйича)” ҳамда “5410500-Қишлоқ хўжалик маҳсулотларини сақлаш ва дастлабки ишлаш технологияси (маҳсулотлар турлари бўйича)” таълим йўналишлари бўйича бакалавриатнинг кундузги ва сиртқи таълим шаклларига ўқишга қабул қилишнинг давлат буюртмаси параметрлари босқичма-босқич ошириб борилади.  
 
	2020 йил 1 декабрга қадар озиқ-овқат технологиялари соҳасида замонавий техника ва технологияларни жорий этган етакчи корхона, ташкилотлар ва муассасалар билан талабаларнинг амалиётларини ўташ юзасидан ўзаро ҳамкорлик ўрнатиш чоралари кўрилади.  
 
	Қарорга мувофиқ, шунингдек:  
   2021 йил 1 январга қадар республикада қишлоқ хўжалиги озиқ-овқат маҳсулотларига мавжуд ички талабни ҳисобга олган ҳолда 2021-2023 йилларга мўлжалланган саноатбоп қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришни кенгайтириш дастури;  
 
	2021 йил 1 мартга қадар мева-сабзавот, гўшт, сут ва бошқа қишлоқ хўжалиги озиқ-овқат маҳсулотларини қайта ишлашни жадал ривожлантириш дастурини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш белгиланган.
 
							