Янгиликлар
#Қонунчиликдаги_янгиликлар
Самарқандда ҳар икки йилда бир марта инсон ҳуқуқлари
бўйича халқаро форум ўтказилади
Ҳукумат қарори билан (641-сон, 09.10.2020 й.) Инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд форуми концепцияси ҳамда мазкур форумни ўтказиш регламенти тасдиқланди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд форуми (Самарқанд форуми)нинг асосий мақсади инсон ҳуқуқлари соҳасида халқаро тажриба алмашиш орқали мавжуд муаммоларни аниқлаш ва уларни бартараф этиш чораларини кўриш, соҳада Ўзбекистоннинг ижобий халқаро имижини янада яхшилашдан иборат.
Самарқанд форуми ҳар икки йилда йилнинг октябрь-ноябрь ойларида ёки форумни ўтказиш бўйича Ташкилий қўмита таклифига асосан бошқа вақтларда ҳам ўтказилиши мумкин.
Самарқанд форумининг ишчи органи Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ҳисобланади.
Форумда БМТнинг таркибий тузилмалари, инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро ва минтақавий такшилотлар, миллий институтлар, парламентлар, суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, фуқаролик жамияти институти вакиллари, халқаро ва маҳаллий экспертлар, олимлар, соҳа мутахассислари, журналистлар ва бошқа жамоатчилик вакиллари иштирок этади.