Янгиликлар
Ўзбекистон БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашига аъзо бўлди. Бу қандай орган?
Жорий йилнинг 13 октябрь куни Ўзбекистон ўз тарихида илк бор БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши аъзоси этиб сайланди. 1946 йил 10 декабрда БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича комиссияси ташкил топган эди. 2006 йил 15 мартда эса ушбу комиссиянинг вориси сифатида Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаш тузилган.
Мазкур кенгаш инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, инсон ҳуқуқларининг бузилиши билан боғлиқ ҳолатларни кўриб чиқиш ва тавсиялар бериш учун масъул орган саналади.Кенгаш 47 аъзо давлатдан иборат бўлиб, уларнинг ҳар бири уч йиллик муддатга сайланади. 13 октябрь куни Кенгашдаги 15 та бўш ўрин учун овоз берилди. Кенгашга Ўзбекистон билан бирга Россия, Куба, Габон, Боливия, Хитой, Кот-д'Ивуар, Франция, Малави, Мексика, Непал, Покистон, Сенегал, Буюк Британия ва Украина сайланган. Ушбу янги аъзолар 2021 йил 1 январдан ўз фаолиятини бошлайди.