Янгиликлар
Жарима қарори бекор қилинди, мансабдор шахсга интизомий қўлланилди.
Каттақўрғон туман адлия бўлимига туманнинг Пайшанба шаҳарчасида яшовчи фуқаро Х.Исмаилов мурожаат қилди. Унинг мурожаатига кўра, Самарқанд вилоят ДСЭНБ Каттақўрғон туман филиали ходимлари томонидан унга 2020 йил 21 октябрда Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 54-моддаси 1-қисми билан 223 000 сўм миқдорда асоссиз равишда маъмурий жарима жазоси қўлланилган.
Туман адлия бўлими томонидан мазкур мурожаатни ўрганиш давомида Самарқанд вилоят ДСЭНБ Каттақўрғон туман филиали томонидан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг талабларига риоя этилмасдан фуқаро Х.Исмаиловга нисбатан маъмурий жарима қўллаганлиги аниқланди.
Хусусан, 2020 йил 18 июлда фуқаро Х.Исмаиловга нисбатан Каттақўрғон туман ИИБ ҲПБ ходими томонидан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 54-моддаси 1-қисми билан маъмурий баённома расмийлаштирилган.
Мазкур баённомага асосан Самарқанд вилоят ДСЭНБ Каттақўрғон туман филиалининг 2020 йил 21 октябрдаги қарори билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 54-моддаси 1-қисми билан фуқаро Х.Исмаиловга нисбатан давлат фойдасига 223 000 минг сўм миқдорида маъмурий жарима қўлланилган.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 280-моддасида бузилиши маъмурий жавобгарликни келтириб чиқарадиган қоидаларга риоя этилишини текшириш ва (ёки) назорат қилиш қонун ҳужжатлари билан зиммасига юклатилган тегишли органнинг ваколатли мансабдор шахси маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённомани тузади деб белгиланган.
Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 23 мартдаги “Коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарорида (ВМҚ-176-сон) Ички ишлар органлари йўл-патруль хизмати ходимларига, истисно тариқасида, Тартиб даврида автотранспорт воситасини махсус рухсатномасиз бошқарганлик учун Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси ходимлари томонидан расмийлаштирилган маъмурий баённома асосида Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 291-моддасида белгиланган тартибда автотранспорт воситасини жарима майдончасига жойлаштириш йўли билан ушлаб туриш ҳуқуқи берилган.
Фуқаро Х.Исмаиловга нисбатан ваколатли бўлмаган орган томонидан маъмурий баённома расмийлаштирилганлиги ҳамда ушбу баённома асосида Самарқанд вилоят ДСЭНБ Каттақўрғон туман филиали томонидан қабул қилинган 2020 йил 21 октябрдаги қарори туман адлия бўлимининг тақдимномасига асосан юқори турувчи орган томонидан бекор қилиниб фуқаронинг бузилган ҳуқуқлари тикланди.
Каттақўрғон туман адлия
бўлими бошлиғи Ў. Ҳакимов