Янгиликлар
НОТАРИАЛ ПАЛАТА РАҲБАРИЯТИ ВА НОТАРИУСЛАР УЧРАШУВИ БЎЛИБ ЎТДИ
Ўзбекистон Республикаси Нотариал палатаси раҳбариятининг Самарқанд вилоятида хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариуслар билан учрашуви бўлиб ўтди. Асосан, услубий ёрдам ва фаолият таҳлилига бағишланган ушбу учрашувлар самимий ва мунозара шаклида ўтди.
Самарқанд вилоят адлия бошқармаси фаоллар залида ўтган мазкур учрашувда дастлаб вилоят адлия бошқармаси бошлиғи С. Нуриев сўзга чиқиб, бугунги кунда хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариуслар фаолиятининг қонуний асослари, амалиётдаги мавжуд муаммо ва камчиликлар тўғрисида тўхталиб ўтди.
Шунингдек, Нотариал палата раиси Д. Ашуров, раис ўринбосари Ж. Раҳмоновлар ҳам сўзга чиқиб хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариуслар фаолиятида йўл қўйилаётган камчиликларни бартараф этиш йўллари, яратилган имкониятлар ва замонавий технологиялардан фойдаланган ҳолда нотариус имиджини яхшилаш, аҳоли ичига яқинроқ кириб бориш ва фуқароларнинг ҳуқуқий билимларини оширишга ҳисса қўшиш борасида тавсиялар бердилар.
Шунингдек, мавжуд муаммоларни ўрганиш ҳамда нотариат соҳасида келгусида бажарилиши лозим бўлган вазифа ва масалалар юзасидан фикр алмашилди.