Янгиликлар
АДЛИЯ САЙЛИ – 2021
Жорий йилнинг 31 март куни Ургут туманида аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга қаратилган адлия сайли ўтказилди. Cайлнинг сифатли ўтказилишини таъминлаш ҳамда давлат органларига мурожаат қилиш юзасидан аҳолига кўпроқ қулайлик яратиш мақсадида 50 дан ортиқ давлат органлари ва 20 дан ортиқ нодавлат нотижорат ташкилотлари жалб этилди. Шунингдек, ушбу сайлга Ургут ва қўшни туманлардан ташриф буюрган жами 5 мингдан ортиқ фуқаролар, жумладан 3 000 нафарга яқин хотин-қизлар ва ёшлар ташриф буюрдилар. Тадбирда вилоят адлия бошқармаси, туман (шаҳар) адлия бўлимлари, давлат хизматлари агентлиги вилоят бошқармаси ва унинг туман марказлари, Ургут туман ҳокимлиги, солиқ, кадастр, ички ишлар ва бандлик органлари, тумандаги мавжуд 6 та тижорат банклари, Нотариал палатанинг вилоят бошқармаси, Адвокатлар палатаси вилоят ҳудудий бошқармаси, Савдо-саноат палатасининг вилоят ҳудудий бошқармаси ва бошқа давлат органлари ўзининг фаолият йўналишидан келиб чиққан ҳолда тадбирга ташриф буюрган фуқароларга керакли ҳуқуқий тушунтириш ва маслаҳатларини бериб бордилар. Сайлнинг кўтарингки руҳда ва қизиқарли ўтиши учун санъаткорлар, рақс ансамбллари, ҳарбий оркестрлар ва миллий-маданий марказлар томонидан турли хил бадиий чиқишлар намойиш этилди. Адлия органлари томонидан 300 дан ортиқ бепул ҳуқуқий маслаҳатлар берилиб, 23 та мурожаат қабул қилинди. Тадбир давомида хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариуслар томонидан 200 дан ортиқ, адвокатлар томонидан 50 дан ортиқ, давлат хизматлари маркази томонидан 200 дан ортиқ фуқароларга бепул ҳуқуқий маслаҳатлар берилиб 37 та сайёр давлат хизматлари кўрсатилди. Туман ФХДЁ бўлими томонидан 11 та туғилганлик тўғрисидаги, битта никоҳни қайд этилганлиги тўғрисида гувоҳнома ўз эгаларига топширилди. “Адлия сайли” доирасида аҳолини иш билан таъминлаш мақсадида ташкил этилган бўш иш ўринлар ярмаркасида 35 нафар ишсиз фуқаро, жумладан 14 нафар хотин-қизлар,9 нафар ёшлар иш билан таъминланди, шунингдек 86 нафар фуқароларга жамоат ишларида қатнашиш учун йўлланмалар берилиб, 250 дан ортиқ фуқароларга меҳнат қонунчилиги тушунтирилди. Бундан ташқари, тижорат банклари томонидан банк хизматларига оид бурчаклар ташкил этилиб, 200 дан ортиқ фуқароларга банклар томонидан кўрсатиладиган хизматлар, кредитлар турлари ва уларни расмийлаштириш тартиб-қоидалари ҳақида батафсил маълумотлар бердилар. Хусусан, “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастури доирасида тадбиркорлик фаолиятини бошлаш истагида бўлган 4 нафар фуқаролар билан имтиёзли кредит ажратиш бўйича шартнома тузилди, 50 дан ортиқ фуқароларга имтиёзли кредитлар, шунингдек 100 дан ортиқ фуқароларга уй-сотиб олиш учун субсидия ажратилиши юзасидан батафсил тушунтиришлар берилди. Солиқ, қурилиш, кадастр, электртармоқлари, ҳудудгаз, пенсия, халқ таълими ва бошқа ташкилотларга мурожаат қилган 400 дан ортиқ фуқароларга ҳам белгиланган тартибда ҳуқуқий тушунтиришлар берилиши таъминланди. Сайлга ташриф буюрган ёшлар ўртасида ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш, уларнинг ҳуқуқий билимларга бўлган қизиқишини янада кучайтириш мақсадида ёшлар ўртасида “Заковат” интеллектуал уйини тарзида “Брейн-ринг” мусобақаси, ҳуқуқий викториналар, шунингдек 700 дан ортиқ фуқаролар, жумладан 400 яқин ёшлар иштирокида уларнинг бошланғич ҳуқуқий билимларини текшириш мақсадида тест синовлари ўтказилиб, фаол иштирок этган 200 дан ортиқ фуқаролар ва ёшларга адлия бошқармасининг эсдалик совғалари ва фахрий ёрлиқлар топширилди.Ташриф буюрувчиларнинг китобхонлик маданиятини юксалтириш, уларнинг китобга бўлган қизиқишларини янада ошириш мақсадида “Китоблар ярмаркаси”, ҳунармандалар ва имконияти чекланган шахсларни қўллаб-қувватлаш, улар томонидан қўл меҳнати билан яратилган буюмлари учун савдо ярмаркалари ташкил этилди. Тадбир қатнашчиларига нотариат, ФХДЁ, давлат хизматлари, ҳуқуқбузарлик профилактикаси ва бошқа масалалар бўйича тайёрланган 3000 дан ортиқ буклет ва флаерлар, шунингдек ҳуқуқий маълумотларни тезкор етказишда замонавий ахборот технологияларидан кенг фойдаланишни тарғиб қилувчи “Advice.uz” ҳуқуқий ахборот портали, “Telegram” мессенжеридаги “Huquqiy axborot” канали ҳамда “LexUZ” қонун ҳужжатлари миллий базаси ва ижтимоий тармоқлар тўғрисидаги 1500 тадан ортиқ тарғибот материаллари тарқатилди. Вилоят адлия бошқармаси томонидан “Адлия сайли”га ташриф буюрган 700 нафар фуқаролардан аҳолининг қабул қилинаётган ва амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга бўлган муносабатини аниқлаш бўйича ижтимоий сўров ўтказилди. Шу каби тадбирлар аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини оширишга ҳамда давлат идораларининг халққа янада яқин бўлишини таъминлашга хизмат қилади.