Янгиликлар
Қонунчиликдаги_янгиликлар
ННТлар фаолиятининг очиқлик индекси жорий қилинади
“2021–2025 йилларда фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги Президент Фармони (ПФ–6181-сон, 04.03.2021 й.) қабул қилинди.
Фармон билан белгиланган йилларда фуқаролик жамиятини ривожлантиришнинг мақсадли кўрсаткичлари тасдиқланди.
Мақсадли кўрсаткичлар, жумладан, қуйидагиларни назарда тутади:
-нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини давлат томонидан субсидиялар, грантлар ва ижтимоий буюртмалар шаклларида қўллаб-қувватлаш ҳажмини 2021 йилда камида 1,2 бараварга, 2025 йилда 1,8 бараварга ошириш;
-Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фондларига 2021 йилда 16 миллиард сўм, 2025 йилда 70 миллиард сўм маблағлар ажратиш;
- мамлакатимизда эълон қилинадиган йилга оид давлат дастурида иштирок этаётган нодавлат нотижорат ташкилотлари сонини 2021 йилда 30 тага, 2025 йилда – 50 тага етказиш;
- содир қилинаётган ҳуқуқбузарликларни нодавлат нотижорат ташкилотлари томонидан 2021 йилда 3,8 фоизга, 2025 йилда 19,2 фоизга камайтириш;
-2021 йилда 50 та, 2025 йилда 250 та нодавлат нотижорат ташкилотлари раҳбарларини Давлат бошқаруви академиясида қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш.
- 2021 йил 1 апрелдан нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятининг очиқлик индекси жорий қилинади.
-Мазкур очиқлик индексини ишлаб чиқиш ва тўлиқ амалиётга жорий қилиш адлия органларига юклатилади.
- Шунингдек, нодавлат нотижорат ташкилотларининг Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва унинг қўмиталари (комиссиялар) мажлисларида иштирок этувчи доимий вакили институти жорий этилади.
- Доимий вакил фуқаролик жамияти ривожига ҳисса қўшган, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишда фаоллик кўрсатган, эл-юрт иззат-ҳурматига сазовор бўлган нодавлат нотижорат ташкилотлари ходимлари орасидан Жамоатчилик палатаси томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод қилинади.
-Фармонга кўра, 2021 йил 1 майдан “Шаффоф хайрия” ягона интерактив портали ишга туширилади.