Bog'lanish

Telefon
(+998 66) 233-13-59

Elektron manzil
samarqand@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

18

Адлия органлари томонидан “Маҳаллабай” асосида фуқароларга ҳуқуқий ёрдам кўрсатилмоқда


  2021 йил 17 апрель куни Самарқанд вилоятининг барча туман (шаҳар) ларида туман (шаҳар) марказларидан олис бўлган ҳудудларда “маҳаллабай” асосида адлия бўлимлари, ФҲДЁ ва давлат хизматлари марказлари, хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариуслар, “Мадад” нодавлат нотижорат ташкилотининг ҳудудий бюролари томонидан фуқароларга ҳуқуқий ёрдам кўрсатилди. Бунда Адлия вазирлиги ташаббуси билан аҳоли муаммолари батафсил ўрганилиб, адлия органларига тегишли бўлган масалаларни жойига чиққан ҳолда комплекс ҳал этиш мақсадида адлия органлари тизимидаги ташкилотлар жалб этилди.  Жумладан, адлия органлари томонидан ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда фуқароларнинг муаммоларини кўриб чиқилиб, ҳал этиш чоралари кўрилди.  Давлат хизматлари марказлари томонидан сайёр давлат хизматлари, нотариуслар томонидан сайёр нотариал ҳаракатлар амалга оширилди.  “Мадад” нодавлат нотижорат ташкилотининг ҳудудий бюролари томонидан эса фуқароларга уларни қизиқтирган масалалар юзасидан ҳуқуқий маслаҳатлар берилди. Хусусан, Каттақўрғон туманининг “Найман” маҳалласида, Тойлоқ туманининг “Ғулба” маҳалласида, Самарқанд туманининг “Хаймари боло” маҳалласида, Каттақўрғон шаҳрининг “Оқолтин” маҳалласида сайёр қабуллар ташкил этилди. Вилоятнинг қолган туманларида “маҳаллабай” асосида 20 га яқин маҳаллада хонадонма-хонадон юриб, учрашувлар ташкил этилди. Ўтказилган сайёр қабуллар ва учрашувларда 500 дан ортиқ фуқароларга ҳуқуқий тушунтиришлар берилиб,100 га яқин мурожаатлар қабул қилинди.  Жумладан, Нуробод тумани "Сарикул" МФЙда истиқомат қилувчи фуқаро Ф. Бердимуродовнинг мол-мулкига нисбатан асоссиз солиқ қарзи ҳисобланганлиги тўғрисидаги мурожаати, шунингдек шу туманда истиқомат қилувчи, шахсини тасдиқловчи ҳужжати бўлмаган 67 ёшли фуқаронинг фуқаролик паспортини олишда ёрдам сўраб қилган мурожаатлари қабул қилинди. Шу билан биргаликда, адлия органлари томонидан уй-жой ва кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш, мол-мулк, эгалик ҳуқуқини белгилаш, субсидия асосида уй-жой сотиб олиш, алимент, ижтимоий нафақалар тайинлаш ва бошқа масалалар юзасидан мурожаатлар қабул қилиниб, ижрога қаратилди.  Шунингдек, Фуқароларнинг мурожаатларига асосан 50 дан ортиқ давлат хизматлари ва нотариал ҳаракатлар амалга оширилди. Хусусан, 4 648 нафар аҳоли истиқомат қиладиган Самарқанд шаҳрининг чекка ҳудудида жойлашган “Дўстлик” маҳалласида яшовчи Дилшод Саттаров оила қурганига бир неча йил бўлган бўлса-да, қонуний никоҳдан ўтмаганлиги аниқланди. Унга Самарқанд шаҳар 2-сон ФҲДЁ бўлими мудираси Шоҳида Нуруллаева томонидан ҳуқуқий тушунтиришлар берилиб, оиланинг қонуний никоҳи расмийлаштирилиб бериладиган бўлди.    Шунингдек, ушбу маҳаллада истиқомат қилувчи Саодат Набиева ҳам онасидан мерос қолган уй-жойни 10 йилдан буён ўз номига расмийлаштира олмаётганлигини таъкидлади. Самарқанд шаҳар давлат хизматлари маркази ходими ва нотариал идора вакиллари томонидан фуқарога мазкур масалани қонуний ҳал қилиш чоралари тушунтирилди.  Бундан ташқари, 2008 нафар аҳоли яшаб келаётган “Хаймари поён” МФЙ фуқароси бўлган Гулилола Нартожиева ҳам ўз яшаш ҳудудидан чиқмаган ҳолда СТИР рақами, шунингдек, пенсия дафтарчасига эга бўлди. 

  "Маҳаллабай" асосида фуқароларнинг оғирини енгил қилиш, уларни қийнаётган масалалар юзасидан ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш бугунги кунда адлия органларининг энг асосий мақсадларидан бири ҳисобланади.

Ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бўлими