Bog'lanish

Telefon
(+998 66) 233-13-59

Elektron manzil
samarqand@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

13

“Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги қонуннинг мазмун-моҳияти


  Ўзбекистон Республикаси қонунчилик базасини тизимлаштириш, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш жараёнлари сифатини ошириш, шунингдек, уларнинг ижроси мониторингини такомиллаштириш, норма ижодкорлиги жараёнига замонавий ахборот коммуникация технологияларини жорий этиш бугунги кундаги энг долзарб масалалардан бири ҳисобланади.
2021 йил 20 апрель куни янги таҳрирдаги “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги қонун қабул қилинди. Ушбу Қонун 2017 – 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини тегишли Давлат дастурининг ижросини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган.
  Амалда қонунчилик амалиётида норма ижодкорлиги фаолиятини тартибга солувчи қонун ҳужжатларининг тарқоқлиги ҳуқуқни қўллаш амалиётида турли муаммолар ва коллизияларни келтириб чиқараётган эди. Янги таҳрирдаги “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги Қонунда олдингисидан фарқли ўлароқ бир қатор янгиликлар белгиланди.
Жумладан, қонунчилик ҳужжати лойиҳалари юзасидан ўтказиладиган экспертизалар, коррупцияга қарши ва гендер тенгликни таъминлаш экспертизалари ҳамда уларни ўтказиш тартиби, лойиҳаларни Ўзбекистон Республикаси Интерактив давлат хизматлари ягона порталида муҳокама қилинишининг ҳуқуқий механизми, лойиҳа таъсирини баҳолаш институти киритилиши, ҳуқуқий эксперимент ўтказиш тушунчаси ва уни ўтказиш тартиби, қонун ҳужжатлари ва қонуности ҳужжатларига қуйиладиган асосий талаблар шулар жумласидандир.
  Қонуннинг аввалги таҳрири 7 боб, 44 моддадан иборат бўлса, янгиси янги нормалар билан тўлдирилганлиги ҳисобига 8 боб, 60 моддадан иборат бўлиб, қонуннинг асосий принциплари қуйидагилар этиб белгиланди: конституциявийлик, қонунийлик, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини, жамият ва давлат манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда уларнинг устуворлиги, ошкоралик, илмийлик, ижтимоий муносабатларни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишнинг тизимлилиги ва комплекслилиги ҳамда ижтимоий муносабатларни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишнинг барқарорлиги.
Яна бир янгилик. Эндиликда фуқаролар Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбекистон Республикасининг референдуми тўғрисида”ги Қонунида белгиланган тартибда ўтказиладиган референдум йўли билан норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиши мумкин.
Шунингдек, қонун билан низомлар, йўриқномалар, регламентлар, стратегиялар, концепциялар, доктриналар, дастурлар ва бошқа ҳужжатларга алоҳида таъриф берилди.     
  Бундан ташқари, қонун ҳужжатларини қабул қилиш асослари ва тартиби, қонуности ҳужжатларининг тартибга солиш доираси аниқ белгиланди. Унга кўра, қонун билан тартибга солинадиган масалалар бўйича қонуности ҳужжатларини қабул қилишга йўл қўйилмаслиги қатъий белгилаб қўйилди.
  Норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси ҳуқуқий ва коррупцияга қарши экспертизадан ўтказилиши шартлиги белгиланди. Шу билан бирга, лойиҳа ишлаб чиқувчининг ёки норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилиш ҳуқуқига эга бўлган органнинг қарорига кўра иқтисодий, молиявий, илмий, лингвистик, экологик, коррупцияга қарши, гендер-ҳуқуқий экспертизадан, шунингдек бошқа турдаги экспертизалардан ўтказилиши мумкин бўлмоқда. 
 Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ва унинг ҳудудий органлари томонидан норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш тартиби ва муддатлари аниқлаштирилди. Хусусан, вазирлик норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг ҳуқуқий экспертизасини, шу жумладан коррупция кўринишларини, бошқа ҳуқуқбузарликларни содир этиш учун шарт-шароитларни юзага келтирадиган, жисмоний ва юридик шахслар учун ортиқча маъмурий ҳамда бошқа чекловларни жорий этадиган қоидалар ва нормалар бор-йўқлигини аниқлаш, шунингдек зарур бўлган нормаларни битта норматив-ҳуқуқий ҳужжатда акс эттирган, тегишли муносабатларни тартибга солувчи бошқа нормаларни бекор қилган ҳолда, қонунчиликни кодификация қилиш имконияти мавжудлиги нуқтаи назаридан ҳуқуқий экспертизасининг ўтказилиши белгиланди.
Тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш тартиб-таомилининг мураккаблаштирилишини ва тадбиркорлик фаолияти субъектлари зиммасига янги мажбуриятлар юклатилишини назарда тутадиган, шунингдек уларнинг жавобгарлигига оид янги чораларни белгилайдиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар расмий эълон қилинган кундан эътиборан камида уч ойдан кейин кучга кириши қонунда мустаҳкамланди.
 Хулоса қилиб айтганда, “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги қонуннинг ҳаётимизга кенг татбиқ этилиши  қонун ижодкорлиги соҳасида туб бурилишлар ясашга хизмат қилади.

  И.Ҳамроқулов Самарқанд шаҳар
  иқтисодий судининг судьяси