Янгиликлар
56.007.228 СЎМ МИҚДОРИДАГИ ИШ ҲАҚЛАРИ ТЎЛАБ БЕРИЛМАГАН
Пахтачи туман “Гулобод” МФЙда истиқомат қилувчи фуқаро Н.Собирова туман адлия бўлимига Пахтачи туман халқ таълими бўлими томонидан туғруқ таътил пуллари тўлаб берилмаётганлигидан норози бўлиб мурожаат қилган.
Туман адлия бўлимининг аралашуви билан, туман халқ таълими бўлими томонидан фуқаро Н.Собировага жами 4 485 000 (тўрт миллион тўрт юз саксон беш минг) сўм миқдоридаги туғруқ таътил пуллари тўлаб берилиши таъминланди.
Шунингдек, туман адлия бўлимига туманнинг “Бўстон” МФЙда яшовчи фуқаро С.Искандаров, М.Қурбанова, “Сулувқўрғон” МФЙда яшовчи фуқаро Ф.Исканова ҳамда “М.Нодим” МФЙда яшовчи фуқаро З.Аллаевалар томонидан мурожаат қилинган.
Уларнинг мурожаатига кўра, ушбу фуқародар 2010 йилда туман ободонлаштириш бошқармасига кўкаламзорлаштирувчи вазифасига ишга қабул қилинган, бироқ ҳеч қандай асоссиз улар билан бошқарманинг 2020 йил 27 мартдаги буйруғи билан меҳнат шартномаси бекор қилинган.
Фуқаролик ишлари бўйича Каттақўрғон туманлараро судининг 2020 йил 23 июндаги ишга тиклаш тўғрисидаги ҳал қилув қарорига асосан фуқаролар бошқарманинг 2020 йил 8 сентябрдаги 107-сон буйруғи билан ишга тикланганлигига қарамасидан 2020 йилнинг 27 мартидан 8 сентябрь кунига қадар мажбурий прогул кунлари учун иш ҳақи тўлаб берилмаган.
Ушбу аризалар адлия бўлими томонидан ўрганиб чиқилиб, фуқаролар С.Искандаров, М.Курбонова, Ф.Исканова ҳамда З.Аллаеваларнинг манфаатини кўзлаб, уларнинг мажбурий прогул кунлари учун иш ҳақларини ундириш бўйича фуқаролик ишлари бўйича Каттақўрғон туманлараро судига даъво аризалари киритилди.
Ушбу даъво аризалар суд томонидан қаноатлантирилиб, суднинг 2021 йил 20 апрелдаги хал қилув қарорлари билан С.Искандаровга 14.227.206 сўм, М.Қурбоновага, Ф.Искановага ҳамда З.Аллаеваларнинг ҳар бирига 7.199.814 сўмдан жами 35.826.648 сўм мажбурий прогул кунлари учун иш ҳақлари тўлаб бериш мажбурияти юклатилди.
Бундан ташқари, Пахтачи туманидаги 2-сон касб-ҳунар мактаб ўқитувчилари томонидан туман аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази томонидан уларнинг меҳнат ҳақлари тўлаб берилмаётганлигидан норози бўлиб, мурожаат қилинган.
Аниқланишича, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 11 августдаги “Камбағал ва ишсиз фуқароларни тадбиркорликка жалб қилиш, уларнинг меҳнат фаоллигини ошириш ва касб-ҳунарга ўқитишга қаратилган ҳамда аҳоли бандлигини таъминлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-4804-сон Қарори хамда 2020 йил 15 сентябрдаги “Хавфсиз, тартибли ва қонуний меҳнат миграцияси тизимини жорий қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-4829-сон Қарорига мувофиқ, туман аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази хамда 2-сон касб-ҳунар мактаб ўртасида 2020 йил 25 ноябрда ишсиз ва банд бўлмаган фуқароларни касб-ҳунар ва хорижий тилларга ўқитиш бўйича шартнома имзоланган.
Ушбу шартнома шартларига асосан 2-сон касб-ҳунар мактабининг ўқитувчилари томонидан касб-ҳунарга ўқиш истагини билдирган фуқароларга 2020 йил 27 ноябрдан 2021 йил 27 февраль кунига қадар дарс машғулотларини ўтказилган бўлсада, ҳозирги кунга қадар ойлик иш ҳақлари тўлаб берилмаган.
Мазкур ҳолат юзасидан туман адлия бўлими томонидан мактаб ўқитувчилари А.Уринов, Х.Облақулов, М.Бозаров, Б.Жиянов, Д.Норбўтаева, М.Хайруллаева, А.Парманов ва Г.Расуловаларнинг манфаатини кўзлаб фуқаролик ишлари бўйича Каттақўрғон туманлараро судга ариза киритилди.
Ушбу аризалар суд томонидан қаноатлантирилиб, Пахтачи туман аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказининг зиммасига М.Бозаровга 844.704 сўм, Д.Норбўтаевага 1.319.261 сўм, Г.Расуловага 4.191.751 сўм, М.Хайруллаевага 1.589.343 сўм, Х.Облақуловга 1.795.675 сўм, А.Уриновга 1.921.360 сўм, А.Пармановга 2.058.121 сўм, Б.Жияновга 1.975.365 сўм жами 15.695.580 сўм миқдоридаги иш ҳақларини тўлаб бериш мажбурияти юклатилди.
Шундай қилиб, Пахтачи туман адлия бўлими томонидан фуқароларнинг жами 56.007.228 (эллик олти миллион етти минг икки юз йигирма саккиз минг) сўм миқдоридаги моддий манфаатлари қонуний ҳимоя қилинди.
Пахтачи туман адлия
бўлим бошлиғи З. Сафаров