Янгиликлар
Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексида иш берувчи томонидан ходимларга нисбатан интизомий жазо қўллашнинг ўзига хос хусусиятлари
Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексида иш берувчи томонидан ходимларга нисбатан интизомий жазо қўллашнинг ўзига хос хусусиятлари.
Иш берувчи ходимга меҳнат интизомини бузганлиги учун Меҳнат кодексида белгиланган интизомий жазо чораларини қўллашга ҳақли.
Кодекснинг 181-моддасига биноан ходимга меҳнат интизомини бузганлиги учун иш берувчи қуйидаги интизомий жазо чораларини қўллашга ҳақли:
1) ҳайфсан;
2) ўртача ойлик иш ҳақининг ўттиз фоизидан ортиқ бўлмаган миқдорда жарима.
Ички меҳнат тартиби қоидаларида ходимга ўртача ойлик иш ҳақининг эллик фоизидан ортиқ бўлмаган миқдорда жарима солиш ҳоллари ҳам назарда тутилиши мумкин. Ходимнинг иш ҳақидан жарима ушлаб қолиш ушбу Кодекснинг 164-моддаси талабларига риоя қилинган ҳолда иш берувчи томонидан амалга оширилади;
3) меҳнат шартномасини бекор қилиш (100-модда иккинчи қисмининг 3 ва 4-бандлари).
Ушбу моддада назарда тутилмаган интизомий жазо чораларини қўлланиш тақиқланади.
Интизомий жазо қўлланилишидан аввал ходимдан ёзма равишда тушунтириш хати талаб қилиниши лозим.
Интизомий жазони қўлланишда содир этилган ножўя хатти-ҳаракатнинг қай даражада оғир эканлиги, шу хатти-ҳаракат содир этилган вазият, ходимнинг олдинги иши ва хулқ-атвори ҳисобга олинади.
Ходим қўлланилган интизомий жазодан норози бўлган тақдирда 3 ой муддат ичида судга ёки меҳнат низолари комиссиясига мурожаат этишга ҳақли.
Шуни ҳам таъкидлаш жоизки, иш берувчи ходимлар меҳнатини ташкил қилиши, қонунлар ва бошқа норматив ҳужжатларда, меҳнат шартномасида назарда тутилган меҳнат шароитларини яратиб бериши, ходимларнинг эҳтиёж ва талабларига эътибор билан қараши, уларнинг меҳнат ва турмуш шароитларини яхшилаб бориши шарт.
Интизомий жавобгарликкаа тортилган ходимнинг иш ҳақидан ушлаб қолишга йўл қўйиладими?
Ходимнинг меҳнат ҳақидан ушлаб қолиш унинг ёзма розилиги билан ёки суднинг қарорига кўра амалга оширилиши мумкин. Ходимнинг розилигисиз меҳнат ҳақидан қуйидаги ҳолларда ушлаб қолиниши мумкин:
белгиланган солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни ундириш учун;
суднинг қарорлари ва бошқа ижро ҳужжатларини ижро этиш учун;
олдиндан берилган мақсадли пуллар (масалан, хизмат сафарлари учун берилган ва ишлатилмай қолинган аванс) бўйича ҳисоб-китоб қилиш ҳамда ортиқча тўланган суммани қайтариб олиш учун;
меҳнат таътили бўйича ҳисоб-китоб қилиш учун;
ходим томонидан иш берувчига етказилган зарарни қоплаш учун;
интизомий жазо тариқасида тайинланган жаримани ундириш учун.
Иш ҳақидан ушлаб қолинадиган ҳақнинг умумий миқдори ходимнинг иш ҳақининг эллик фоизидан ортиб кетмаслиги лозим. Ушбу чеклов алимент мажбуриятлари бўйича қарздорликни ахлоқ тузатиш ишлари тарзидаги жазо тайинланган ходимнинг иш ҳақидан ушлаб қолишга нисбатан татбиқ этилмайди. Бундай ҳолларда ушлаб қолинадиган ҳақнинг миқдори етмиш фоиздан ортиб кетмаслиги лозим.
Интизомий жазонинг амал қилиш муддати жазо қўлланилган кундан бошлаб бир йилдан ошиб кетиши мумкин эмас. Агар ходим шу муддат ичида яна интизомий жазога тортилмаса, у интизомий жазо олмаган деб ҳисобланади.
Интизомий жазони қўллаган иш берувчи ўз ташаббуси билан, ходимнинг илтимосига биноан, меҳнат жамоаси ёки ходимнинг бевосита раҳбари илтимосномасига кўра жазони бир йил ўтмасдан олдин ҳам олиб ташлашга ҳақли.
Нарпай туиман адлия бўлими
бошлиғи Жасур Қиличев