Янгиликлар
Қонунчиликдаги_янгиликлар
Ёшлар ва хотин-қизларга 33 миллион сўмгача микрокредитлар ажратилади.
“Ёшлар ва хотин-қизларни касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитиш дастурларини самарали амалга ошириш ҳамда уларнинг тадбиркорлик фаолияти учун микрокредитлар ажратиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Ҳукумат қарори (388-сон, 22.06.2021 й.) қабул қилинди.
Қарор билан Тадбиркорлик ташаббусига эга жисмоний шахслар, шу жумладан, ёшлар ва хотин-қизларга микрокредитлар ажратиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Низомга кўра, тадбиркорлик ташаббусига эга жисмоний шахслар, шу жумладан, ёшлар ва хотин-қизлар, шунингдек, микрофирма ва кичик корхона таъсис этган шахслар (қарз олувчилар) кредит олиш учун “Микрокредитбанк” акциядорлик-тижорат банки ёки акциядорлик-тижорат Халқ банкига электрон ариза билан мурожаат қилади.
Банк ариза келиб тушган куннинг кейинги кунидан кечикмасдан кредит олиш бўйича энг қулай филиали ёки банк хизматлари марказига мурожаат қилиш юзасидан қарз олувчига таклиф жўнатади.
Шунга кўра, банк томонидан сертификат олган:
тадбиркорлик ташаббусига эга жисмоний шахслар, хусусан, ёшлар ва хотин-қизларга ўз бизнесини ташкил қилиш учун 33 млн сўмгача бўлган миқдорда;
микрофирма ва кичик корхона ташкил этган шахсларга 225 млн сўмгача миқдорда микрокредитлар ажратилади.
Кредит бир қарз олувчига бир маротаба ажратилади.
Микрокредитлар:
-илгари олинган кредитларни ёки ҳар қандай бошқа қарзларни қайтариш;
-алкоголь ва тамаки маҳсулотлари ишлаб чиқариш;
-савдо-воситачиликни амалга ошириш;
-ишлаб чиқариш мақсадлари учун ишлатилмайдиган шахсий мулкни сотиб олиш учун ажратилмайди.
-Микрокредитлар 3 йил муддатгача 6 ойгача имтиёзли давр билан, ёшларнинг бизнес лойиҳаларига эса 7 йилгача муддатга, 3 йилгача имтиёзли давр билан Марказий банкнинг асосий ставкасида ажратилади.
-Қарз олувчи – ёшлар ва хотин-қизларга микрокредитлар уларнинг талабига биноан жами кредит суммасининг 50 фоизидан ошмаган миқдорда нақд пулда ажратилади.
-Ҳар ойнинг 5 санасига қадар қарз олувчилар, уларнинг қарздан фойдаланиш йўналишлари ва натижадорлиги тўғрисидаги таҳлилий маълумотлар Тадбиркорликни ривожлантириш агентлигига тақдим этиб борилади.
- Шунингдек, қарор билан тасдиқланган низомга кўра нодавлат таълим ташкилотлари томонидан ёшлар ва аёлларни касб-ҳунарга ҳамда тадбиркорликка ўқитиш бўйича касблар рўйхати (54 та) белгиланди.
Каналга уланиш
https://t.me/huquqiyaxborot